Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ)да янги таҳрирдаги солиқ кодекси лойиҳасининг "Open space" форматидаги муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари Д. Султонов, ИТИМ директори О. Хакимов, Молия вазирлиги солиқ ва божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Э. Гадоев, Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Ж. Абдиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси профессори Ш. Тошматов, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси вакиллари ва бошқалар қатнашдилар.
Шунингдек, тадбирда 20 дан ортиқ етакчи корхона, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, бош бухгалтерлар, аудиторлар, солиқ маслаҳатчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
ИТИМ директори О. Хакимов давра суҳбати иштирокчиларга, Биринчи Ҳукумат Акселератори "Open space" майдончасида соҳаларда юзага келган масалаларни ечиш зарурати туғилганда мутахассислар, экспертлар, давлат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда бир мақсадда бирлаштиришга мўлжалланганлигини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги солиқ кодекси лойиҳаси тўғридан-тўғри кучга кирувчи ҳужжат бўлиши кўзда тутилган. Шу мақсадда янги лойиҳа солиққа тортиш масалаларини, шу жумладан солиқ ставкаларини тартибга солувчи қонун ости ҳужжатларининг қоидаларини ўз ичига олади. Ҳужжат хорижий мамлакатлар тажрибасидан унумли фойдаланган ҳолда амалиётдан ўтган тамойилларини ва солиқ йиғиш усулларини ўз ичига олади.
Шу билан бирга, янги таҳрирдаги солиқ кодекси лойиҳасининг умумий қисми (солиқ маъмурчилиги масалалари) ва махсус қисми (солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг асосий қоидалари) га бўлинишни назарда тутувчи амалдаги тузилмаси сақланиб қолган.
Янги таҳрирдаги солиқ кодекси лойиҳасида солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш меҳанизмини такомиллаштириш, шунингдек, солиқ солишнинг барча элементларини спецификация қилиш ва тартибга солишни кўзда тутади.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари Д. Султонов тадбиркорлар томонидан солиқ органларига нисбатан асосий даъвоси коррупция ва малакасиз ходимлар томонидан ортиқча текширишлар бўлганини таъкидлаб ўтди.
Унга кўра, барча текширувлар Давлат солиқ қўмитаси орқали солиқ тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш ва олдини олиш механизмлари асосида ўтади. Шу билан бирга, йирик солиқ тўловчилар, солиқ қонунчилигини амалга ошириш даражасидан қатъий назар, вақти-вақти билан текшириладилар.
Шунингдек, мутахассислар қўшимча қиймат солиғи бўйича ҳам тўхталиб ўтишди:
– Камерал текширувдан кейин ҚҚС бўйича «манфий» сальдони қайтариш ҳуқуқи берилади. Соддалаштирилган тартибда «манфий» сальдо йирик солиқ тўловчилар ва банк кафолатини тақдим этган хўжаликларга қайтарилади. Асосий воситаларни, шу жумладан кўчмас мулкни сотиб олиш (қуриш) учун бир марталик ҚҚС жорий этилади. Шунингдек, ҚҚСни хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширишнинг амалдаги тартиби ўрнига имтиёзга эга бўлган элчихоналар ва халқаро ташкилотларга соддалаштирилган схема бўйича қайтариш таклиф этилади. Норезидентлар томонидан кўрсатиладиган электрон хизматлар солиққа тортилади. Хусусан, давлат мулкини ижарага бериш бўйича ҚҚС жорий этилади ва хусусий секторда рақобатни юзага келтиришга замин яратади. Бундан ташқари, ҳисоб-китобларни тақдим этиш ва тўлаш муддатлари қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, катта бўлмаган хўжалик субъектлари учун (айланма маблағи ҳар чоракда 1 млрд. сўмдан кам бўлмаган хўжалик субъектларига) ҳисоб-китобни тақдим этиш муддати ҳар чоракда белгиланади.
Мутахассислар янги таҳрирдаги солиқ кодекси лойиҳасини икки йил давомида мониторинг қилиш шаклида тажрибадан ўтказишни таклиф қилишди. Мониторинг давомида, мутахассислар фикр билдиришлари ва тегишли ўзгартиришлар киритишлари мумкин бўлади.
Муҳокамалар натижасида ишбилармонлар ва экспертлар томонидан "Экспертлар Кенгаши" тузиш таклиф этилди, улар томонидан солиқ кодексини такомиллаштириш масалалари мунтазам муҳокама қилинади.
ИТИМ томонидан солиқ кодексининг макроиқтисодий барқарорлик, ишбилармонлик муҳити, аҳоли фаровонлиги, тадбиркорликнинг ривожланишига таъсири бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва кейинги ўзгаришларни ўрганиш таклиф этилди.
Тадбир давомида солиқ қонунчилигидаги янгиликларнинг кенг муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди, амалий мисоллар ёрдамида атрофлича жавоблар берилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш