Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Шодлик” маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Шодлик” маҳалласи)

– Ўзингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз. Сизнинг касбий йўлингиз нимадан бошланган? Ушбу вазифага қандай келдингиз (олдин нима иш билан шуғуллангансиз)?

– Меҳнат фаолиятимни Сирдарё вилояти Ғазначилик бошқармасида бошлаганман. У ерда давлат молияси, бюджет ижроси ва молиявий интизом соҳасида кенг тажриба тўпладим. Кейинчалик Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда янги тизим – ҳоким ёрдамчилари институти жорий этилганидан сўнг, аҳоли билан бевосита ишлаш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш жараёнида иштирок этиш истаги билан ушбу вазифага ўтдим. Бугунги кунда асосий мақсадим – маҳаллада ҳар бир хонадон билан ишлаш, ишсиз фуқароларни банд қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва одамларнинг даромадини оширишга амалий ҳисса қўшишдир. Бу вазифа катта масъулият талаб қилади, аммо ҳар бир ижобий натижа ва инсонларнинг миннатдорчилиги янада кўпроқ ишлашга ундайди.

– Маҳалланинг портретини қандай тасвирлаган бўлар эдингиз? Маҳаллада кимлар истиқомат қилади, нимадан даромад топади (у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари, йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз)?

“Шодлик” маҳалласи Гулистон шаҳрининг фаол ва ривожланиб бораётган маҳаллаларидан бири ҳисобланади. Бу ерда турли касб эгалари, тадбиркорлар, ёш оилалар, кекса авлод ва меҳнат фахрийлари истиқомат қилади. Аҳоли асосан хизмат кўрсатиш соҳаси, савдо, кичик тадбиркорлик, давлат ташкилотлари ва хусусий корхоналарда меҳнат қилади. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган ва оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар сони ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Маҳаллада аҳоли учун барча зарур ижтимоий инфратузилма шаклланган. Маҳаллада 17 та кўча мавжуд бўлиб, 5 та тижорат банки, битта давлат таълим муассасаси, 2 та хусусий таълим муассасаси, 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 5 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 1 та соғлиқни сақлаш бошқармаси, қатор саноат корхоналари, 164 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти фаолият юритмоқда. Йўллар, кўчаларни ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ҳоким ёрдамчиси сифатида асосий вазифамиз ҳар бир хонадоннинг имкониятларини ўрганиш ва уларнинг даромадини оширишга кўмаклашишдан иборат. Шу мақсадда фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, имтиёзли кредит ва субсидиялар олишга йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва бўш иш ўринларига жойлаштириш ишларини тизимли равишда олиб бормоқдамиз. Энг муҳими, ҳар бир мурожаатга манзилли ёндашиб, одамларнинг муаммосини жойида ҳал этишга ҳаракат қиламиз.

– Иш фаолиятингиз бошида сизни энг кўп қийнаган ҳолат нима эди ва буни қандай бартараф этдингиз?

Ҳоким ёрдамчиси сифатида ишни бошлаганимда энг катта қийинчилик маҳалладаги ҳар бир хонадоннинг ҳолати, эҳтиёжи ва имкониятларини қисқа вақт ичида чуқур ўрганиш бўлди. Чунки ҳар бир оиланинг муаммоси ва шароити турлича. Шунинг учун кабинетда ўтириб эмас, балки аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, хонадонларга кириб бориш, уларнинг фикрини эшитиш орқали иш бошладик. Дастлаб айрим фуқароларда янги тизимга нисбатан ишонч тўлиқ шаклланмаган эди. Аммо ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиб, амалий натижа кўрсатганимиздан кейин одамларнинг ишончи ортди. Бугунги кунда аҳоли муаммоларини яширмай, бемалол мурожаат билан келади ва биргаликда ечим топишга ҳаракат қиламиз. Менимча, ҳоким ёрдамчиси учун энг муҳим омил – одамларни эшитиш, улар билан доимий мулоқотда бўлиш ва ҳар бир масалага манзилли ёндашишдир. Ана шу тамойил ишимиз самарадорлигини таъминламоқда.

– Сиз бевосита танишиш, сўров ва ўрганишлар орқали маҳалланинг аҳволидан доимий равишда яқиндан хабардор бўлиб турасиз. Ўрганишлар натижасида янгидан ўтган маҳаллангизда қандай иқтисодий имкониятлар аниқланди?

Ҳар бир хонадон билан мулоқот қилиш жараёнида маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини янада яқиндан кўриш имконига эга бўлдик. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, “Шодлик” маҳалласида хизмат кўрсатиш, савдо, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун яхши имкониятлар мавжуд. Айниқса, тикувчилик, пазандачилик, маиший хизматлар, автосервис ва бошқа сервис йўналишларига қизиқиш билдирган фуқаролар кўп экани аниқланди.

Шунингдек, айрим фуқароларда тадбиркорликни бошлаш учун етарли тажриба ва хоҳиш бор, аммо молиявий кўмак ёки маслаҳатга эҳтиёж сезиларди. Биз уларни имтиёзли кредитлар, субсидиялар, касб-ҳунар ўқувлари ва давлат дастурлари билан боғлаш орқали ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашдик.

Бугунги кунда асосий мақсадимиз – ҳар бир хонадоннинг имкониятини даромад манбаига айлантириш. Чунки маҳалланинг иқтисодий ривожи, энг аввало, ҳар бир оиланинг барқарор даромадига боғлиқ.

– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?

“Шодлик” маҳалласининг иқтисодий ўсишида асосий драйвер сифатида аҳоли имкониятларидан келиб чиққан ҳолда хизмат кўрсатиш, кичик тадбиркорлик, оилавий тадбиркорлик, чорвачилик, паррандачилик ва касаначилик йўналишларини белгилаб олганмиз. Чунки маҳалламизда ушбу соҳаларни ривожлантириш учун етарли салоҳият, тажриба ва меҳнат ресурслари мавжуд.

Айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида тикувчилик, ҳунармандчилик, савдо ва турли хизмат турларига қизиқиш юқори эканини ўрганишлар давомида аниқладик. Шунинг учун уларни касбга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун зарур кўмаклар кўрсатиш, имтиёзли кредит ва субсидиялардан самарали фойдаланишларига ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Бундан ташқари, ҳар бир хонадоннинг имкониятини алоҳида ўрганиб, мавжуд салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда индивидуал ёндашув асосида иш олиб боряпмиз. Кимдадир тадбиркорликка қобилият бор, кимдадир касб ўрганиш эҳтиёжи мавжуд – шу асосда уларни тегишли йўналишларга йўналтиряпмиз.

Биз учун асосий мақсад – маҳаллада фақат иш ўринларини яратиш эмас, балки аҳолининг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш ва ҳар бир оиланинг иқтисодий фаоллигини оширишдан иборат.

– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ўтган вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?

Бу йўналишда биз энг аввало, ҳар бир хонадоннинг салоҳиятини ўрганиб, аҳолининг қизиқиши, касб-ҳунари ва мавжуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда уларни тадбиркорликка жалб этишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки маҳаллада хизмат кўрсатиш, савдо, тикувчилик, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик ва бошқа йўналишларда фаолият бошлаш учун имкониятлар мавжуд. Фуқароларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар, субсидиялар, касбга ўқитиш ва зарур маслаҳатлар бериш орқали амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Ўтган давр мобайнида бир қатор фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Жумладан, тикувчилик, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда ўз фаолиятини бошлаган фуқаролар мавжуд. Бунинг натижасида аҳоли орасида ўзини ўзи банд қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва оила даромадини ошириш имкониятлари кенгаймоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида 25 нафар фуқаро доимий иш ўрнига жойлаштирилди, 4 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Шунингдек, 89 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад манбаига эга бўлди, 12 нафар фуқаро эса касб-ҳунар ўрганиш учун ўқув курсларига йўналтирилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 35 та тадбиркорлик лойиҳаси шакллантирилиб, тижорат банкларига тавсия этилди. Бу лойиҳалар асосида 9 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилишига амалий кўмак кўрсатилди.

Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ижтимоий дастурлар доирасида мурожаатлар ўрганилди. Ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган 45 нафар фуқаро билан иш олиб борилди ва 10 та оилага тадбиркорликни бошлаш ёки ривожлантириш учун амалий ёрдам кўрсатилди.

Бу натижаларнинг замирида ҳар бир хонадонга индивидуал ёндашув, одамларнинг имкониятини тўғри баҳолаш ва уларни даромадли фаолиятга йўналтириш тамойили ётади. Биз учун асосий мақсад – аҳоли бандлигини таъминлаш билан бирга, оилаларнинг барқарор даромад манбаини шакллантиришдир.

– Бирор эҳтиёжманд оилани ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, улар ҳаётида аниқ ўзгариш қилган ҳолатни мисол сифатида келтириб ўтинг.

Аҳоли билан ишлаш жараёнида ҳар бир оиланинг имконияти ва эҳтиёжини алоҳида ўрганиб чиқамиз. Биз учун энг муҳим жиҳат – фуқаронинг муаммосини вақтинчалик ҳал қилиш эмас, балки унга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашишдир.

Фаолиятимиз давомида шундай мисоллар кўп учрайдики, улар қилинган ишларнинг самарасини яққол кўрсатади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ–258-сонли Фармонига мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш доирасида Шодлик маҳалласида яшовчи фуқаро Мухторова Сабина Аъзам қизига тикувчилик фаолиятини кенгайтириш учун 30,9 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилишига амалий кўмак берилди. Ушбу маблағ ҳисобидан зарур тикув ускуналари харид қилиниб, фуқаро ўз фаолиятини йўлга қўйди ва ўзини ўзи банд қилишга эришди. Энг муҳими, бугунги кунда у барқарор даромад манбаига эга бўлиб, оиласининг иқтисодий аҳволини яхшилашга муваффақ бўлмоқда. Ана шундай мисоллар бизнинг ишларимиз аҳоли ҳаётида амалий натижа бераётганини кўрсатади.

Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини ошириш мақсадида бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 сентябрдаги ВМҚ-612-сонли қарори билан тасдиқланган “Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом” талаблари асосида Шодлик маҳалласида яшовчи фуқаро Бозорбоева Сарвиноз Алижон қизига тикувчилик фаолиятини кенгайтириш мақсадида 10 млн. сўм миқдорида кредит маблағи ажратилишига кўмаклашилди.

Натижада фуқаронинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун имконият яратилди, у ўзини ўзи банд қилишга эришди ва оиласи учун барқарор даромад манбаини шакллантириш имконига эга бўлди.

Бундай ишлардан асосий мақсад – эҳтиёжманд оилаларни фақатгина қўллаб-қувватлаш эмас, балки уларга ўз меҳнати орқали даромад топиши, мустақил фаолият юритиши ва келгусида кичик тадбиркорлик субъектига айланиши учун шароит яратишдир.

– Сизнинг фикрингизча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима қилиш керак?

Камбағалликни қисқартириш – бу фақат моддий ёрдам кўрсатиш эмас, балки инсонларга ўз имкониятидан фойдаланиб, мустақил даромад топиши учун шароит яратишдир. Шунинг учун бу йўналишда энг аввало ҳар бир оиланинг ҳолатини чуқур ўрганиш ва уларга индивидуал ёндашиш муҳим, деб ҳисоблайман.

“Шодлик” маҳалласида ҳам биз асосий эътиборни аҳолини касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва янги даромад манбаларини яратишга қаратяпмиз. Чунки инсоннинг ўз меҳнати орқали барқарор даромадга эга бўлиши – камбағалликдан чиқишнинг энг самарали йўлидир.

Бунинг учун, аввало, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касбларга ўқитиш, кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини янада кенгайтириш зарур.

Шу билан бирга, аҳолида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларга фақат кредит ажратиш эмас, балки бизнес юритиш бўйича маслаҳат ва амалий кўмак бериш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Менинг фикримча, ҳар бир хонадоннинг ички имкониятини ишга солиш орқали биз нафақат камбағалликни қисқартирамиз, балки маҳалланинг умумий иқтисодий фаоллиги ва фаровонлигини ҳам оширишга эришамиз.

– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми? Бу масалалар қандай ҳал этилмоқда?

Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолиятимиз давомида фуқаролар билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг мурожаатларини ўрганиб борамиз. Аҳоли, асосан, бандлик масаласи, тадбиркорликни бошлаш учун молиявий кўмак, кредит олиш, касбга ўқиш, ижтимоий ёрдам ва турли маиший масалалар бўйича мурожаат қилади.

Ҳар бир мурожаатга индивидуал ёндашиб, аввало муаммонинг сабабини ўрганамиз ва уни ҳал этиш учун тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз. Масалан, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича уларнинг касби, қизиқиши ва имкониятларидан келиб чиқиб, бўш иш ўринларига йўналтириш, ўзини ўзи банд қилиш ёки касб-ҳунарга ўқитиш чораларини кўряпмиз.

Шунингдек, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга бизнес ғоясини шакллантириш, лойиҳасини тайёрлаш, имтиёзли кредит ва субсидиялардан фойдаланиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мисол учун, “Шодлик” маҳалласида тикувчилик йўналишида фаолият бошлаш истагида бўлган фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилиб, уларга имтиёзли кредит маблағлари олишда кўмак берилди. Натижада улар ўзини ўзи банд қилиш ва оилавий даромадини ошириш имкониятига эга бўлди.

Биз учун энг асосий вазифа – фуқаронинг мурожаатини эшитиш эмас, балки унинг ечимигача етиб бориш ва амалий натижа билан таъминлашдир.

– Ишсизликни қисқартириш бўйича маҳаллада қандай инновацион ёндашувлардан фойдаланилди? Чет элда ишлаётган фуқароларни қайтариш ва ўз юртида тадбиркорликка жалб этиш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?

Ишсизликни қисқартиришда асосий ёндашувимиз – ҳар бир фуқарога индивидуал ёндашиш ва унинг имкониятидан келиб чиқиб йўналтиришдан иборат. Биз ишсиз фуқароларни шунчаки иш билан таъминлаш эмас, балки уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлашга ҳаракат қиламиз.

Шу мақсадда маҳаллада хонадонбай ўрганишлар олиб борилиб, ишсиз фуқароларнинг касби, тажрибаси, қизиқиши ва имкониятлари таҳлил қилинмоқда. Натижада айрим фуқаролар доимий иш ўринларига жойлаштирилмоқда, айримлари ўзини ўзи банд қилишга йўналтирилмоқда, бошқалари эса касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

Жумладан, амалга оширилган ишлар натижасида “Шодлик” маҳалласида 25 нафар фуқаро доимий иш ўрнига жойлаштирилди, 4 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 89 нафар фуқаро ва чет элдан қайтган 14 фуқаро ўзини ўзи банд қилди ҳамда 12 нафар фуқаро касб-ҳунар ўқишларига йўналтирилди.

Хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар билан ҳам алоҳида иш олиб бориляпти. Улар билан мулоқотлар ўтказилиб, ўз юртида ҳам муносиб даромад топиш имкониятлари, тадбиркорлик дастурлари, имтиёзли кредитлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.

Асосий мақсадимиз – меҳнат миграциясидаги фуқароларимизнинг тажрибаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланиб, уларни юртимизда янги иш ўринлари яратадиган фаол тадбиркорларга айлантиришдир.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

Ҳоким ёрдамчиси институти – бу аҳоли билан давлат ўртасидаги энг яқин ва самарали боғловчи тизимлардан бири, деб ҳисоблайман. Чунки биз ҳар куни хонадонлар билан ишлаймиз, одамларнинг муаммолари, имкониятлари ва эҳтиёжларини жойида ўрганамиз.

Фаолият самарадорлигини янада ошириш учун, аввало, маҳаллада аниқ маълумотлар билан ишлаш, ҳар бир хонадоннинг иқтисодий имкониятини таҳлил қилиш ва натижадор лойиҳаларни кўпайтириш муҳим. Шунингдек, ҳоким ёрдамчиларининг малакасини мунтазам ошириш, тадбиркорлик, молия, инвестиция ва замонавий бошқарув кўникмаларини ривожлантириш ҳам катта аҳамиятга эга.

Менинг фикримча, ҳоким ёрдамчисига энг катта ёрдам – бу тегишли ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилиш имконияти ва аҳоли муаммоларини тезкор ҳал этиш учун зарур механизмларни янада такомиллаштиришдир. Чунки маҳалладаги ҳар бир масалани ўз вақтида ҳал қилиш учун барча мутасадди ташкилотларнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракати муҳим.

Бизга билдирилган ишонч ва яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, асосий мақсадимиз – аҳоли даромадини ошириш, ишсизликни камайтириш ва маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишдир.

– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлардингиз?

Агар имкониятлар чекланмаган бўлса, аввало Шодлик маҳалласида аҳолининг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратишга қаратилган йирик лойиҳани амалга оширган бўлардим.

Бу, энг аввало, замонавий кичик саноат ва хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш бўларди. Ушбу марказда ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларга ишлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур шароитлар яратиларди. Айниқса, тикувчилик, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш йўналишларини ривожлантириш орқали кўплаб аҳоли вакилларини иш билан таъминлаш имконияти яратилар эди. Шу билан бирга, ёш тадбиркорлар учун маслаҳат, ўқув ва амалий кўмак бериш тизими ҳам йўлга қўйилган бўлар эди.

Чунки маҳалланинг энг катта бойлиги – бу унинг аҳолиси. Агар инсонларга ўз қобилиятини намоён қилиш, меҳнат қилиш ва даромад топиш учун имконият яратилса, маҳалла ҳам, ҳудуд ҳам жадал ривожланади.

Менинг асосий мақсадим – “Шодлик” маҳалласини нафақат яшаш учун қулай, балки ишлаш, тадбиркорлик қилиш ва янги имкониятлар яратиш мумкин бўлган намунавий маҳаллага айлантиришдир.

– Ўзбекистон Президентининг маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган ташаббуси “қуйидан юқорига” тамойили асосида ишлаш тизимига ўтиш учун пойдевор бўлди. Сиз ҳоким ёрдамчиси сифатида ушбу ислоҳотнинг маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги аҳамиятини қандай баҳолайсиз? Илгариги ёндашувлар билан солиштирганда, иш услубида қандай принципиал ўзгаришлар бўлди?

Маҳаллабай ишлаш тизими ва “қуйидан юқорига” тамойили асосидаги ёндашувнинг энг катта аҳамияти шундаки, бугун муаммоларни юқоридан белгилаб эмас, балки аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш орқали аниқлаш ва ечимини топиш имконияти яратилди.

Ҳоким ёрдамчиси сифатида биз ҳар бир хонадонга кириб, аҳолининг ҳақиқий ҳолатини, эҳтиёжини ва имкониятини ўрганамиз. Кимга иш керак, кимда тадбиркорлик қилиш истаги бор, кимга касб ўрганиш ёки молиявий кўмак зарур – барчаси манзилли равишда аниқланади.

Илгариги ёндашувларда кўпроқ умумий дастурлар асосида иш олиб борилган бўлса, бугунги тизимда ҳар бир оила ва ҳар бир фуқарога индивидуал ёндашув шаклланди. Яъни асосий эътибор муаммони қайд этишга эмас, унинг амалий ечимига қаратилмоқда.

Бу тизим бизга маҳалланинг ички имкониятларини тўлиқ кўриш, аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мавжуд ресурсларни самарали йўналтириш имконини бермоқда.

Менинг фикримча, маҳалла қанчалик кучли ва фаол бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор ривожланади. Шунинг учун бугунги вазифамиз – ҳар бир хонадон билан ишлаш, одамларнинг даромадини ошириш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашдан иборат.

– Ўтган йилда маҳаллангизда маҳаллабай тизими доирасида қайси аниқ масалалар ҳал этилди? Хусусан, бандликни таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ёки хонадонлар билан ишлаш йўналишларида қандай натижаларга эришилди?

Ўтган йил давомида “Шодлик” маҳалласида маҳаллабай ишлаш тизими асосида асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Аввало, ишсиз фуқаролар билан манзилли иш олиб борилди. Натижада 16 нафар фуқаро доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 3 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 44 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш имкониятига эга бўлди ҳамда 10 нафар фуқаро касб-ҳунар ўқишларига йўналтирилди.

Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 40 та лойиҳа шакллантирилиб, тижорат банкларига тавсия этилди. Ушбу ишлар натижасида 19 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилишига амалий кўмак кўрсатилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ҳам алоҳида иш олиб борилди. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ижтимоий дастурлар доирасида фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилиб, эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, хонадонбай ўрганишлар орқали ҳар бир оиланинг имконияти, муаммоси ва таклифлари таҳлил қилиниб, уларни даромадли меҳнатга жалб қилиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар тизимли равишда олиб борилди.

Энг асосий натижа – одамлар билан ишлашда янги ёндашув шаклланди. Ҳар бир хонадон ўз муаммоси билан эмас, балки ўз имконияти билан ҳам ўрганилади. Бу эса аҳоли фаровонлигини ошириш ва маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

– Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан, олдингизга қўйилган устувор вазифалар ва асосий йўналишлар нималардан иборат? Жорий йилда маҳалла аҳолиси инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли билан манзилли ишлаш борасида қайси ўзгаришларни энг аввало ҳис қилиши керак, деб ўйлайсиз?

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида бизнинг олдимизга қўйилган асосий вазифа – маҳаллада аҳоли учун янада қулай шароит яратиш, уларнинг даромадини ошириш ва ҳар бир хонадон билан манзилли ишлашни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.

“Шодлик” маҳалласида ҳам бу йил асосий эътиборни аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳамда хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратишга қаратяпмиз.

Инфратузилма йўналишида эса аҳоли учун муҳим бўлган масалалар – ободонлаштириш, йўллар ҳолатини яхшилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва яшаш шароитларини янада яхшилашга эътибор қаратилади.

Энг муҳими, аҳоли бу ўзгаришларни кундалик ҳаётида ҳис қилиши керак. Яъни одамлар мурожаат қилганда натижа кўриши, ишсиз фуқаролар бандлик имкониятига эга бўлиши, тадбиркорлик қилиш истагидаги инсонларга амалий ёрдам кўрсатилиши лозим.

Биз бу йил ҳам ҳар бир хонадоннинг имкониятини ўрганиб, уларни даромадли фаолиятга жалб қилиш, маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттирамиз.

– 2026 йилда ўз олдингизга маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз? Сиз ишлаётган маҳалла 5 йилдан кейин қандай бўлади деб ўйлайсиз?

2026 йилдаги асосий мақсадимиз – “Шодлик” маҳалласининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳар бир хонадоннинг даромад манбаини кенгайтиришдан иборат.

Бунинг учун биринчи навбатда ишсиз фуқаролар билан манзилли ишлашни давом эттирамиз, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, доимий иш ўринларига жойлаштириш, ўзини ўзи банд қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш бўйича ишларни янада кучайтирамиз.

Шунингдек, маҳаллада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, янги лойиҳаларни шакллантириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратамиз.

Келажакда “Шодлик” маҳалласини аҳолиси фаол, тадбиркорлиги ривожланган, ҳар бир хонадонда барқарор даромад манбаи мавжуд бўлган, яшаш учун янада қулай ва обод маҳалла сифатида кўришни истаймиз.

Беш йилдан кейин маҳалламизда ишсизлик даражаси янада қисқарган, янги тадбиркорлик субъектлари кўпайган, ёшлар ва хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратилган, энг муҳими, аҳоли ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни ҳис қиладиган муҳит шаклланган бўлишини мақсад қилганмиз.

Биз ишимизнинг асосий мезони сифатида рақамларни эмас, балки инсонларнинг розилиги ва уларнинг ҳаётидаги аниқ ижобий ўзгаришларни кўрамиз.

Жамоллиддин Турдимов

"Иқтисодий шарҳ" журнали №7/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар