Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Уяс” МФЙ)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Уяс” МФЙ)

– Сизнинг касбий фаолиятингиз нимадан бошланди? Ушбу вазифага қандай келдингиз (олдин нима иш билан шуғуллангансиз)?

– Мен Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида туғилганман. Маълумотим олий, 1998 йилда Тер­миз давлат университетининг “Тарих ва жамият­шунослик” факультетини тамомлаганман. Меҳнат фаолиятимни 1994 йилда Қумқўрғон туманидаги 20-умумтаълим мактабида тарих фани ўқитувчиси сифатида бошлаганман. 1998 йилда Сурхондарё гидромелиорация техникумига ўқитувчи бўлиб ишга қабул қилиндим ва шу йилнинг ўзидан то 2022 йилга қадар мазкур таълим муассасасининг, кейинчалик у касб-ҳунар коллежига айлантирил­гач эса коллежнинг директори лавозимида фаолият юритдим. Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг ҳоким ёрдамчилари лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарори эълон қилинганидан сўнг, бел­гиланган тартибда танловда иштирок этдим. Орт­тирган меҳнат тажрибам ва суҳбат натижаларини инобатга олган ҳолда, танлов комиссиясининг ху­лосасига биноан 2023 йилнинг ноябрь ойида ушбу масъулиятли лавозимга лойиқ деб топилдим.

– Маҳалланинг портретини қандай тасвирла­ган бўлардингиз? Маҳаллада кимлар истиқомат қилади, нимадан даромад топади (у ердаги мав­жуд инфратузилма объектлари, йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари, аҳоли­ни иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз)?

– “Уяс” маҳалласи бу тарихий ном бўлиб, “Уламолар яшаган соҳил”нинг қисқартмасидир. Маҳалламизда 5015 нафар фуқаро, 915 та хўжа­лик, 1325 та оила истиқомат қилади. Маҳаллада мавжуд асосий инфратузилма объектларига ички йўллар, болалар боғчалари, бир неча саноат кор­хоналари киради. Аҳолини иш билан таъминлаш масаласи намунали, десам хато қилмаган бўламан. Маҳалламизда ҳар бир хонадон бирма-бир юриб хатловдан ўтказилган.

Ҳозирда мавжуд 900 хонадондан 724 та хўжалик­да энг кичиги беш сотих, энг каттаси 30-35 сотихга­ча иссиқхоналар мавжуд. Бу иссиқхоналарда булғор қалампири экилади, кўчатчилик билан шуғуллани­лади, икки уч маротаба ҳосил олишга мўлжаллан­ган. Сувимиз жуда яхши, тупроғимиз унумдор, ҳар бир хонадонда ариқлардан келаётган сувлардан ташқари яна ердан қазиб чиқариладиган артезиан сувлари ҳам мана шу деҳқончиликка ўз ҳиссасини қўшиб келяпти. Масалан, маҳалламизда етишти­раётган маҳсулотларимиз фақатгина ички бозорда эмас, балки ташқи бозорга ҳам чиқарилади. Хусу­сан, ички бозорга булғор қалампирининг бир нави етиштириладиган бўлса, ташқи бозорларга бошқа нави чиқарилади. “Бир маҳсулот, бир контур” ши­ори остида ишлаяпмиз.

Бугунги кунда маҳалламиз фуқаролари тинч-тотув истиқомат қиляпти, меҳнат қиляпти, ҳар бир хонадонда мавсумий ишчилар банд қилинади. Масалан, булғор қалампирини экиш, агротехник қоидаларига амал қилган ҳолда чопиқ қилиш, бего­на ўтлардан тозалаш, баргларини юлиш, пишгандан кейин териш, юк машиналарига тахлаш, яшиклаш ва халталаш ишларида ҳар бир иссиқхонада куни­га 15 нафардан 50 нафаргача йигит-қизларимиз меҳнат қилади. Маҳалламизда бирорта бекорчи одамнинг ўзи йўқ, ҳамма ишли.

– Йўл бошида энг қийин бўлган нарса нима бўлди ва сиз уни қандай енгдингиз?

– Ҳар бир ташкилот, тизимда ҳар бир ходимнинг ўз вазифалари бўлади. Президентимиз, вазирлик, ундан ташқари, вилоят ҳудудий бошқармамиз то­монидан, туман бўлимимиз томонидан, туман ҳо­кимимиз томонидан берилган топшириқларни сидқидилдан бажариб келяпмиз. Иш тизимли йўлга қўйилган. Қийинчиликсиз ишнинг ўзи йўқ, лекин уларни енгиб ўтиш керак.

– Сиз бевосита танишиш, сўров ва ўрганишлар ўтказиш орқали маҳалланинг аҳволидан доимий равишда яқиндан хабардор бўлиб турасиз. Ўрганишлар натижасида қандай иқтисодий им­кониятлар аниқланди, қандай ўсиш драйверлари танланди ва ҳозирда нималар қилинмоқда?

– Ўзбекларда бир гап бор. Ишни эртага қиламан, деган нарса керак эмас. Агар ишни енгиб олсанг, ҳеч қандай қийинчилик бўлмайди. Аввалбошда маҳалладаги мавжуд табиий шароитлар, сув ва ер ресурслари, аҳолининг кўникма-қобилиятлари атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижа­сида маҳалла ҳудудида ихчам иссиқхоналар ташкил этиб, сабзавотлар ва сабзавот кўчатлари етишти­риш йўналишини ривожлантириш режалаштириб олинди. Бу соҳани ривожлантириш учун аҳолига керакли молиявий ва амалий кўмакни бердик.

Шукрки, ўз билим ва тажрибамга таяниб, ҳуду­димиздаги ишларни тўғри йўлга қўя олдим. Бирги­на мисол: атрофимизда 60 та маҳалла бор. Худди Президентимиз томонидан эътироф этилган “Қа­маши”, “Ғиждувон” ва “Уйчи” тажрибалари синга­ри, бизда ҳам ўзига хос “Уяс тажрибаси” яратилди. Вилоятимиздаги 724 та маҳалла ичида мазкур та­жриба алоҳида намуна сифатида танлаб олинди. Жумладан, 2025 йилда давлатимиз раҳбари ташриф буюрган “Томорқа мактаби” ҳудудидан ҳам “Уяс тажрибаси”ни амалиётда кўрсатиш учун махсус ер ажратиб берилди. Ушбу майдонда булғор қалам­пирининг “Светофор” нави етиштирилиб, ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда уста деҳқонларга тарқа­тилди. Уларнинг самимий раҳматини эшитиш, қилган меҳнатимизнинг бу қадар юксак эътироф этилиши эса барча чарчоқларимизни унуттирди.

– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?

– Деҳқончилик, хусусан, иссиқхона хўжаликла­ри, кўчатчиликни ривожлантириш маҳалламиз­нинг асосий иқтисодий ўсиш драйвери сифатида белгилаб олинган. Ҳозирги кунда маҳалламиздаги хонадонларнинг 90 фоизида иссиқхона мавжуд бў­либ, бунинг ортидан оилалар йилига камида 120-150 млн. сўмдан даромад кўрмоқда. Иқтисодий имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида, ўз фаолиятимни бошлаган кунимдан эътиборан янги ташаббусларни илгари сурдим. Хусу­сан, маҳалламиздаги 724 та иссиқхонада етиштирилган булғор қалам­пири пишиб етилган мавсумда, энг илғор хонадон эгаларига ўзаро ҳамкорлик таклифи билан чиқдим. Маҳсулотларни олиб кетишга келган юк машина­ларини бевосита хонадонларга киритиб, мавсумий ишчиларимиз – маҳалламиз йигит-қизлари учун соя-салқин ва қулай иш жойларини ташкил этдик. Натижада маҳсулот харидорлари ва ҳайдовчилар учун юклаш жараёнида ҳордиқ чиқариш имкони яратилган бўлса, кунлик ишловчи аёлларимиз учун барча зарур шароитлар ҳозирланди. Бир сўз билан айтганда, логистика тизимини бевосита хонадон­ларнинг ўзида йўлга қўйдик ва бундай кичик мар­казлар ҳудудимизда қўшимча иш ўринлари ярати­лишига ҳам хизмат қилди.

– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлан­тириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ўт­ган вақт ичида нечта янги корхона барпо эти­либ, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?

Маҳалламиз дарё бўйида жойлашгани боис, унинг иқлим шароити ва сув таъминоти ўзига хос тажриба мактабини яратишга хизмат қилган. Маъ­лумки, айрим ҳудудлар полиз экинлари, бошқа­лари эса пиёз ёки карам етиштиришга ихтисосла­шади. Шу нуқтаи назардан, Уяс маҳалласи асосан иссиқхона хўжалигига, хусусан, булғор қалампири етиштиришга йўналтирилган. Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг март охири ва апрель ойи бошлари­да маҳалламизда экилган булғор қалампирининг 50 фоиздан ортиғи пишиб етилиб, сотувга чиқарилади.

Ўтган йили илк ҳосилимизнинг килограмми 55-60 минг сўмдан савдога чиқарилган эди, бу йил ҳам деҳқонларимиз шундай юқори натижаларни кўзлаб, тинимсиз меҳнат қилмоқда. Ҳоким ёрдам­чиси сифатида асосий вазифам тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришдан иборат бўлиб, давлат томонидан ажратилаётган кредит, субсидия ва ссудаларни фуқароларнинг эҳтиёжи ҳамда маҳаллий шароитдан келиб чиққан ҳолда тўғри ва мақсадли йўналтиришга ҳаракат қил­моқдаман. Ажратилаётган кредитларнинг аксарият қисми томорқаларда иссиқхоналар ташкил этишга қаратилган, сабаби халқимиз бунинг иқтисодий манфаатини тўла англаб етди.

Қолаверса, давлатимиз томонидан қабул қи­линган қарорлар тадбиркорлик фаолиятини кен­гайтириш учун улкан имкониятлар эшигини очди. Мазкур ҳужжатлар доирасида бир неча фуқаромиз­га 100 млн. сўмгача кредит маблағлари ажратили­шига кўмаклашдик. Натижада улар тадбиркорлик йўналишида ўқиб-ўрганиб, ўз оилавий корхонала­рини очишга муваффақ бўлишди. Бу ташаббуслар нафақат уларнинг оилавий фаровонлигини юксал­тирди, балки Уяс маҳалласидаги ишсиз фуқаро­ларнинг бандлигини таъминлашга ва белгилан­ган солиқларни ўз вақтида тўлаш орқали турмуш даражасини муттасил яхшилаб боришга хизмат қилмоқда.

– Бирор эҳтиёжманд оилани ёки ёш тадбир­корни қўллаб-қувватлаб, улар ҳаётида аниқ ўз­гариш қилган ҳолатни келтириб ўтинг.

– Ўзбек халқида меҳр-оқибат, бир-бирига ёр­дам кўрсатиш деган тушунча азалдан шаклланган. Бу бизнинг маҳалламиз аҳолисига ҳам тааллуқли. Бугунги кунда маҳалламизда битта ёлғиз оила бор. Бу оилага ижтимоий қўллаб-қувватлашдан тортиб барча зарур ёрдамни бериб келяпмиз.

Маҳалламизда ишсизлар йўқ ҳисоби, чунки ҳар бир фуқаро муайян меҳнат фаолияти билан, хусу­сан, ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад топ­моқда. Энг асосийси, бошқа ҳудудларга нисбатан бизда меҳнат миграциясига кетганлар сони жуда кам. Хорижга йўл олган юртдошларимиз ҳам на­фақат Россияга, балки бошқа ривожланган давлат­ларга жисмоний эмас, балки ақлий меҳнат қилиш учун шартнома асосида кетишган. Улар бакалавр ва магистрлик дипломларига эга бўлган ҳолда, тиб­биёт, техника ва бошқа нуфузли соҳаларда меҳнат қилишмоқда.

– Сизнинг фикрингизча, ҳудудингиз аҳоли­си ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима қи­лиш керак?

Ҳудудимизда камбағаллик даражасини яна­да самарали қисқартириш мақсадида ўзимнинг индивидуал режамни ишлаб чиққанман. Маҳал­ламизда бу тоифага кирувчи 21 та оила рўйхатга олинган бўлиб, туман раҳбарияти томонидан улар­нинг ҳар бирига алоҳида масъуллар бириктирилган. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан ажратила­ётган ссуда ва субсидиялар асосида картошка ҳамда лимон етиштириш учун аризалар шакллантириб, уларга молиявий кўмак беришни мақсад қилган­ман. Жумладан, эҳтиёжманд оилалардан 12 тасига ссуда маблағлари олиб берилишини таъминладим.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаб ўтишим жоиз: маҳалламиз йигитлари орасида энг кенг тарқалган ва ривожланган касблардан бири пайвандчиликдир. Боиси, иссиқхоналарни қуриш, уларни таъмирлаш, устини ёпиш каби барча техник ишлар айнан уларнинг зиммасида. Йигитларимиз нафақат ўз маҳалламизда, балки қўшни маҳалла ва туманларга бориб ҳам шу каби бунёдкорлик ишларини амалга ошириб келмоқдалар.

Масалан, Пўлат Иброҳимов исмли йигитимиз 30 сотихли иссиқхонага эга. Уста деҳқон бўлиш билан бирга, ҳозирги кунда ўсимликларни агро­техник парваришлаш бўйича ҳақиқий агроном даражасига етишган. Оддий ҳаётий мисол: у ўз ис­сиқхонасига 200 та прессланган сомон солиб, шу усул орқали ернинг шўрини ювади. Унинг билим ва тажрибаси 4-5 йил ўқиган олий маълумотли мутахассисникидан асло қолишмайди, балки зи­ёдроқдир. Ҳатто YouTube платформасида ҳам қишлоқ хўжалигига оид бир нечта кўрсатув тайёрлаб жойлаган. Бугунги кунда ушбу фуқаромиз Хоразм вилоятига бориб, 1,5 гектар майдондаги иссиқхона учун шартнома асосида ўзи кўчат тайёрлаб, уларни эктириб келди. У бир вақтнинг ўзида ҳам ўзининг томорқасини парваришламоқда, ҳам Хоразмдаги иссиқхона ишларига бош-қош бўлмоқда. Нафақат Хоразм, балки эндиликда Қорақалпоғистондан ҳам унга ҳамкорлик таклифлари тушмоқда.

Шу тариқа, бизнинг фуқароларимиз иссиқхоначилик маданияти ва тажрибасини фақатгина ўз вилоятимизда эмас, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг жорий этишга ўзла­рининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Фуқароларимиз онгига шу фикрни сингдиришга ҳаракат қиляпман: томорқа – бу сизнинг шахсий олтин конингиз ва тинчлик қалқонингиз бўлиши керак. Бугунги кунда дунёда турли таҳликалар куза­тилмоқда, иқтисодий блоклар тўқнашмоқда. Бундай шароитда энг катта бойлик нақд пул ёки тилла эмас, балки ўз ерингиздан етиштирилган маҳсулотдир. Мен уларга доимо шундай деб уқтираман: “Ҳурмат­ли маҳалладошлар! Томорқа – шунчаки ер эмас, у оилангизни ҳар қандай глобал инқироздан асраб қолувчи хавфсизлик ёстиқчасидир. Шу боис ҳам бугун томорқага ўта жиддий эътибор қаратишимиз шарт”. Зеро, бир қарич ер бир қоп олтинга тенг. 2026 йилда ердан фақат анъанавий усулда фойдала­нишнинг ўзи камлик қилади. Майдони кичик бўлса-да, иссиқхона ва вертикал деҳқончиликни янада ривожлантириш, бир йилда уч марта ҳосил олиш имконини берадиган усулларни амалиётга жорий этиш кераклигини илгари суриб келаман. Томорқа шундай битмас хазинаки, агар унга ақл билан ён­дашилса, тилладан-да кўпроқ даромад келтиради. Экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга эътибор қаратиш лозим.

Биз инфляция ва юксак технология­лар асрида яшаяпмиз. Бугун нафақат дав­лат, балки ҳар бир инсон ўзининг шахсий ривожланиш стратегиясига эга бўлиши керак. Сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ўрганинг, ишингиз­ни автоматлаштиринг. Қоғозбозлик ва ҳисоботларга кетадиган вақтни тежаб, уни маҳалладаги реал муаммоларни ҳал этишга йўналтиринг. Керак бўлса, пси­холог бўлинг. Одамлар ҳозир моддий кў­макдан кўра кўпроқ эшитилишларига, тўғри йўналишга муҳтож. Уларга шун­чаки кредит эмас, тайёр бизнес-модель тақдим этинг!

Боқимандалик кайфиятидан воз ке­чиш вақти келди. Давлат томонидан берилаётган субсидия ёки ссуда – бу тайёр “овқат” эмас. Таъбир жоиз бўлса, бу бир “қармоқ”дир. Ундан фойдаланиб балиқ тутишни ўрганиш керак. Доимий равишда ёр­дам кутиб яшаш келажакни бой бериш деганидир. Янги касб-ҳунарларни эгалланг, чунки 2026 йилда эски усуллар билан тирикчилик қилиб бўлмайди. Фарзандларингизга чет тилларини, замонавий хизмат кўрсатиш соҳаларини ўргатинг. Масалан, бугунги кунда энг илғор жаҳон тажрибаси асосида замонавий деҳқончилик ва иссиқхона маданияти­ни кенг оммалаштириш зарур.

Дунёдаги зиддиятлар ва инқирозлар бизни чў­читмаслиги керак. Бизнинг энг катта қуролимиз: билим ва ҳалол меҳнатдир. Агар ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ягона жамоа бўлиб ишласа, ҳеч қандай иқтисодий бўрон бизни енга олмайди.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажри­бангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллашти­риш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдам­чиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

– Маҳалла тизимининг ҳақиқий ҳаракатлан­тирувчи кучи бўлган ҳоким ёрдамчиси вакола­ти натижадорлик учун нега муҳим? Бугунги ис­лоҳотлар маркази бевосита маҳаллага кўчган бир пайтда, ҳоким ёрдамчиси институти кутилган самарани бериши учун фақатгина меҳнат қилиш эмас, балки тизимли мувофиқлаштириш ҳам за­рур. Ҳокимнинг маҳалладаги ваколатли вакили ўз ҳудудидаги муаммоларни тезкор ҳал этиши учун барча ташкилотлар: банк, солиқ, бандлик ва бошқа идоралар раҳбарлари ҳоким ёрдамчиси­нинг қонуний асосланган сўровларини биринчи даражали вазифа сифатида қабул қилиши лозим.

Яна бир таклифим: ҳар бир маҳаллада “Оналар маскани” ёки “Оналар мактаби”ни ташкил этишдир. Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор” деган ҳикматли гап бор. Лекин нафақага чиққан, фарзан­длари ишда, неваралари боғча ёки мактабда бўлган онахонларимиз кун бўйи тўрт девор ичида зерикиб қолаётгани бугунги куннинг аччиқ ҳақиқатидир. Хўш, бу лойиҳа жамиятимиз учун нега сув ва ҳа­водек зарур? Ёлғизликка чек қўйиш ва ижтимоий фаоллик кекса ёшдаги аёлларимизнинг умрини узайтиради, тушкунлик ва турли касалликларнинг олдини олади. Миллий қадриятлар мактаби вази­фасини ўтовчи бу масканда онахонлар шунчаки чойлашиб ўтирмайди, балки устоз-шогирд анъа­наларини тиклаб, маҳалла ёшларига ҳунар, одоб-ахлоқ ва оила сирларини ўргатадилар. Қолаверса, маҳалланинг ўзида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, енгил бадантарбия ва нафас машқларини ташкил этиш орқали кексалар ўртасида касалланиш даражасини пасайтириш ва поликлиникалардаги турнақатор навбатларни камайтириш мумкин.

Бунинг учун миллионлаб маблағ сарфлаш ёки янги бино қуриш шарт эмас. Худди оилавий нодавлат боғчалар модели каби, маҳалладаги ташаббускор, уйи файзли онахонларга ўз хонадонларида ушбу масканни очишга рухсат бериш ва уларни ижтимоий тадбиркор сифатида рағбатлантириш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳар бир маҳалла маркази биносида онахонлар учун алоҳида маъна­вият хонаси ва чойхона ажратилса, нур устига нур бўларди. Шу боис, “Оналар маскани” лойиҳасини бошлашни таклиф қиламан. Токи дуогўй оналари­миз уйда ёлғиз зерикиб ўтирмасин, улар маҳалла­нинг файзи ва жонли мактаби бўлиб қолаверсин.

Президентнинг маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган ташаббуси “қуйидан юқорига” тамойили асосида ишлаш тизимига ўтиш учун пойдевор бўлди. Сиз ҳоким ёрдамчи­си сифатида ушбу ислоҳотнинг аниқ бир маҳал­ладаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги аҳамиятини қандай баҳолайсиз? Ил­гариги ёндашувлар билан солиштирганда, иш услубида қандай принципиал ўзгаришлар бўлди?

– Оддий қилиб тушунтирганда илгариги ёнда­шувларда ташаббус юқори бўғиндан қуйига ту­ширилар, маҳалла даражаси эса унинг ижрочи сифатида кўриларди. Ҳозир жорий этилган янги тизимда эса маҳалла ислоҳотларнинг бошланғич нуқтасига айланди, десам адашмайман. Эндилик­да маҳалладаги ҳар бир хонадон атрофлича ўрга­нилиб, мавжуд муаммолар жойида аниқланади ва шу асосда ечими топилади. Бу эса анча вақт ва ресурсларни тежаб, ҳоким ёрдамчилари ишининг самарадорликни оширмоқда. Пировардида маҳал­ладаги бандлик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва инфратузилма билан боғлиқ масалалар тезкор ва манзилли ҳал этилмоқда.

– Ўтган йилдаги асосий чақириқлар нуқтаи назаридан қараганда, маҳаллангизда маҳалла­бай тизими доирасида қайси аниқ масалалар ҳал этилди? Хусусан, бандликни таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ёки хонадонлар билан ишлаш йўна­лишларида қандай натижаларга эришилди? Сизнингча, ушбу модел самарадорлигини энг яхши акс эттирувчи кўрсаткич қайси?

– Ўтган йилда “маҳаллабай” тизимини жорий этиш жараёнидаги асосий чақириқ муаммоларни аниқлашдан уларни барқарор ҳал этишгача бўлган занжирни ишга тушириш эди. Шу нуқтаи назардан қараганда, маҳалламизда қатор аниқ ва сезиларли натижаларга эришилди. Масалан, томорқа ерла­ридан самарали фойдаланиш, хизмат кўрсатиш орқали бир қатор оилалар учун доимий даромад манбалари яратилди. Ижтимоий қўллаб-қувват­лаш йўналишида кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ва ижтимоий хавф гуруҳидаги оилалар аниқланиб, уларга нафақа, моддий ёрдам ва ижтимоий хизматлар манзилли тарзда етказилди. Шунингдек, ҳар бир хонадон кесимида муаммолар ўрганилиб, индивидуал “йўл харитаси” ишлаб чиқилди, муаммолар ижроси до­имий мониторинг қилинди ва охирига етказилди.

– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлар эдингиз?

Агар шундай имконият бўлганида нима ишлар қилардим? Унда мен, энг аввало, маҳалламизда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш, музлаткичлар со­нини кўпайтириш, маҳсулотни сақлаб, меъёрига етказиб, дунё бозорлари талаб қиладиган даража­даги нархларда сотишни йўлга қўйган бўлардим. Бугунги кунда маҳалламизда истиқомат қилаётган аҳолининг 90 фоизида иссиқхона бор бўлса, қол­ганларига ҳам барчасига кредит ёрдами билан ёки субсидия/ссуда орқали иссиқхоналар қуриб берган бўлардим. Бу ишни охирига етказишни катта ва­зифам деб биламан.

– Жорий йилнинг “Маҳаллани ривожланти­риш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ушбу ислоҳотнинг миллий даражада институционаллашганини кўрсатади. Шу муно­сабат билан, сиз олдингизга қўйган маҳаллан­гизни ривожлантириш бўйича устувор вазифа­лар ва асосий йўналишлар нималардан иборат? Сиз ишлаётган маҳалла 5 йилдан кейин қандай бўлишига ишонасиз?

Хабарингиз бор, 2026 йилнинг февралида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюр­ди. Бу ташриф доирасида Давлат раҳбари қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш масалаларига катта эътибор қаратдилар. Шундан келиб чиқиб, маҳалламиздаги аҳолини томорқа маданиятини ривожлантириш­га янада ўз ҳиссасини қўшишга даъват қилиш, ис­сиқхоначиликни янада тараққий топтириш, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, маҳалла­мизда 2026 йилда ишсизликдан холи ҳудудга ай­лантириш менинг бош мақсадимдир! Шулардан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг ўзидаёқ маҳалла аҳолиси янада кўплаб ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлади, деб ўйлайман. Чунки “Маҳаллани ривожлантириш йили”даги асосий мақсад: маҳаллани фақат яшаш ҳудуди эмас, балки инсон қадри, барқарор даромад ва муносиб турмуш таъминланадиган асосий маконга айлантиришдан иборат. Беш йилдан кейин эса “Уяс” маҳалласи мамлакатимизнинг энг олди ва фаровон маҳалла­ларидан бири бўлишига ишонаман!

Жамолиддин Турдимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №3/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар