Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Оёқ боғ” маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Оёқ боғ” маҳалласи)

– Ўзингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз. Сизнинг касбий йўлингиз нимадан бошланган? Ушбу вазифага қандай келдингиз (олдин нима иш билан шуғуллангансиз)?

– Қорақалпоқ давлат университетининг Ижтимоий-иқтисодиёт факультетини “Иқтисодиёт” мутахассислиги бўйича тамомлаганман. Меҳнат фаолиятимни туманимизда жойлашган “Микрокредитбанк” АТБ Қоровул филиалининг кредитлаш бўлимида етакчи мутахассис сифатида бошладим. Банкдаги ишим давомида, асосан, тадбиркорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, улар билан доимий мулоқотда бўлдим ва бу йўналишда ўзим учун зарур кўникмаларни шакллантирдим.

2022 йилдан бошлаб Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Оёқ боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб келмоқдаман. Табиийки, банк соҳасида тадбиркорлар билан ишлаш жараёнида орттирган бой амалий тажрибам бугунги кунда ҳоким ёрдамчиси сифатидаги вазифаларимни самарали бажаришимда жуда асқотмоқда.

– Маҳалланинг портретини қандай тасвирлаган бўлардингиз? Маҳаллада кимлар истиқомат қилади, нимадан даромад топади (у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари, йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз)?

– Ҳудудда жами 2856 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 1455 нафари хотин-қизлардир. Маҳалладаги хонадонлар сони 579 та, оилалар сони эса 878 та. “Оёқ боғ” МФЙда жами 11.4 км ички йўллар мавжуд бўлиб, асосий қисми асфальт қилинган. Шунингдек, маҳалламизда 2 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаси, оилавий шифокорлик пункти фаолият юритади. Маҳалланинг бир қисмида бир неча саноат корхонаси жойлашган. Ҳудудимиз аҳолисининг кўпчилик қисми деҳқончилик, асосан томорқасида ва ижара ерларида кўкатлар етиштириш ва уни бозорларга чиқариб сотиш билан шуғулланишади.

– Иш жараёнида йўл бошида энг қийин бўлган нарса нима бўлди ва сиз уни қандай енгдингиз?

– Йўл бошидаги энг катта қийинчилик – одамлар ишончини қозониш, уларнинг муаммоларига тўғри ечим топиш эди, чунки муаммоларга тўғри ечим топилса, одамларнинг ишончи ортади. Бунинг учун аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйдик, фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини жойига чиқиб, диққат билан ўргандик. Тегишли давлат идоралари билан биргаликда мавжуд масалаларни ҳал қилиш баробарида одамлар орасида менга нисбатан ишонч ҳам аста-секин орта борди.

– Сиз бевосита танишиш, сўров ва ўрганишлар орқали маҳалланинг аҳволидан доимий равишда яқиндан хабардор бўлиб турасиз. Ўрганишлар натижасида маҳаллада қандай иқтисодий имкониятлар аниқланди?

– Хонадонбай ўрганиш натижасида, авваламбор, ҳудуддаги оилаларнинг имкониятлари, фуқароларнинг касб-ҳунар бўйича кўникмалари, деҳқончилик ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бор-йўқлиги аниқланди. Шу асосда ҳурматли Президентимизнинг қарор ва фармонлари асосида ижара ер майдонлари ажратиш белгиланганлиги, маҳалла аҳолисининг асосий муаммоси деҳқончилик қилиш учун экин ерлари етишмаслиги аниқланиб, шу асосда ер ажратиш чора-тадбирлари кўрилди. Ҳудуддаги имкониятлардан келиб чиқиб, кўкат етиштиришни кўпайтириш мақсади белгилаб олинди ҳамда тегишли дастурлар доирасида йўлга қўйилди.

– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?

Юқорида айтиб ўтилгани каби, маҳалламиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери деҳқончилик, яъни кўкат етиштириш ҳисобланади. Чунки ҳудуддаги ер майдонлари деҳқончиликнинг ушбу турини йўлга қўйиш учун табиий жиҳатдан қулай. Ушбу йўналишларни жадал ривожлантириш учун аҳолига имтиёзли кредитлар ва субсидиялар берилди, шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш ишлари ташкил этилди. Бундан ташқари, тажрибали деҳқонлар билан кооперация йўлга қўйилиб, етиштирилган маҳсулотларни сотишда нафақат ички бозорлар, қолаверса қўшни давлатлар билан ҳам савдо ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ўтган вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркорлар иш билан таъминланди?

Маҳаллани хонадонбай ўрганиш натижалари асосида 86 та оиланинг тадбиркорликка бўлган қизиқиши аниқланди ва улар тегишли дастурлар доирасида бизнес фаолиятини йўлга қўйиш учун йўналтирилди. Шу даврда 28 та янги кичик корхона ташкил этилди, 43 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди ва улар орқали 146 нафар аҳоли доимий даромад манбаи билан таъминланди.

Бундан ташқари, маҳалладаги тадбиркорларга имтиёзли кредит ва субсидиялар олишда амалий ёрдам кўрсатилди, касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилди, маҳсулот ва хизматларни сотиш учун бозорлар ҳамда электрон савдо платформаларига чиқишда кўмак берилди. Кўрилаётган бу чора-тадбирлар маҳаллада тадбиркорлик фаоллигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилди.

– Бирор эҳтиёжманд оилани ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, улар ҳаётида аниқ ўзгариш қилган ҳолатни келтириб ўтинг.

Маҳалламиздаги кам таъминланган оилалардан бирида деҳқончиликка қизиқиши баланд бўлган ёш фуқаро бор эди. Биз унга маҳалламиздаги уста деҳқонлардан бирини “устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктириб, соҳа сирларини ўрганишига шароит яратдик ҳамда имтиёзли кредит олишида амалий ёрдам кўрсатдик. Натижада у ўз томорқаси ва ижарага олинган ер майдонида деҳқончилик фаолиятини йўлга қўйди. Бугунги кунда эса бу фуқаро нафақат турмуш ўртоғини, балки яна уч кишини ҳам доимий иш билан таъминлаб, барқарор даромад манбаига эга бўлди. Қувонарлиси, бир вақтлар эҳтиёжманд бўлган бу оила ўз меҳнати ортидан ҳозирда маҳалламиздаги намунали оилалар қаторидан муносиб жой эгаллади.

– Сизнинг фикрингизча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима қилиш керак?

Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибамга кўра, маҳаллада камбағалликнинг асосий сабаблари доимий иш жойларининг етишмаслиги, касб-ҳунарга эга бўлмаган аҳолининг кўплиги ва тадбиркорликка бошланғич маблағ ҳамда билим етишмаслигидир. Шунингдек, айрим оилаларда меҳнатга бўлган мотивация пастлиги ҳам таъсир кўрсатмоқда.

– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми? Бу масалалар қандай ҳал этилмоқда?

Фуқаролар бизга, асосан, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш ҳамда бу борада зарур маслаҳат ва кўмак олиш мақсадида мурожаат қилишади. Мисол учун, ижтимоий ҳимоя ягона реестрида турадиган, боқувчисини йўқотган фуқаро Янгибоева Дилфуза ўз хонадонида миллий ширинликлар тайёрлашни йўлга қўйиш истагини билдирганди. Унинг мурожаати тезкорлик билан кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги 258-сонли Фармони асосида амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида унга 4 йил муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача бўлган миқдорда кредит ажратилди. Ушбу кредитнинг фоиз тўловлари Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қоплаб берилиши таъминланди ва натижада фуқаро ўз фаолиятини муваффақиятли бошлаб юборди.

– Ишсизликни қисқартириш бўйича маҳаллада қандай инновацион ёндашувлардан фойдаланилди? Чет элга ишлаётган фуқароларни қайтариш ва ўз юртида тадбиркорликка жалб этиш бўйича қандай ишлар қилинмоқда?

Ишсизликни қисқартиришда самарали бўлган инновацион ёндашувлар – хонадонбай аҳоли салоҳиятини ўрганиш, фуқароларни малакали касбга ўқитиш курслари ва аҳолини кичик тадбиркорликка йўналтириш кабилардир. Шунингдек, маҳаллаларда кооператив ва ҳамкорлик платформаларини жорий қилиш орқали янги маҳсулот ва хизматларни бозорга чиқариш имкониятларини яратиш ҳам ишсизликни камайтиришга ёрдам беради.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

Бугунги кунда ишларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан АКТ технологияларидан унумли фойдаланишга боғлиқ. Шу маънода, ҳоким ёрдамчилари ишини янада самарали ташкил этиш учун аҳоли билан алоқаларни рақамли форматга ўтказиш, статистик маълумотларни мунтазам равишда тўплаб бориш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда тадбиркорлик дастурларини маҳаллалар кесимида мақсадли ташкил этиш, имтиёзли кредит ва субсидияларни аҳолига тез ва қулай етказиш ҳам устувор вазифа. Ҳоким ёрдамчиси сифатида электрон платформалардан фойдаланиш, маълумотлар таҳлили бўйича амалий ўқувлар ва маҳалладаги имкониятларни тезкор баҳолашга хизмат қилувчи ресурслар мавжуд бўлса, бу иш унумдорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади, деб ҳисоблайман.

– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлардингиз?

Агар бюджет, вақт ва ресурсларга чеклов бўлмаса, маҳалламизда ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни бир вақтда таъминлайдиган интеграцияланган лойиҳани амалга оширган бўлардим. Бу лойиҳа доирасида кичик тадбиркорлик ва уй шароитида ишлаб чиқаришга замонавий марказлар очилади, аҳоли касбга ўқитиш ва малакани ошириш курсларига йўналтирилади, болалар ва ёшлар учун таълим ва спорт инфратузилмаси яратилади. Шу орқали аҳоли даромадини ошириш, ишсизликни қисқартириш ва умумий ҳаёт сифатини яхшилаш мумкин бўларди.

– Ўзбекистон Президентининг маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган ташаббуси “қуйидан юқорига” тамойили асосида ишлаш тизимига ўтиш учун пойдевор бўлди. Сиз ҳоким ёрдамчиси сифатида ушбу ислоҳотнинг маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги аҳамиятини қандай баҳолайсиз? Илгариги ёндашувлар билан солиштирганда, иш услубида қандай принципиал ўзгаришлар бўлди?

– Агар бир сўз билан айтсак, бундан олдинги ёндашувларда маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ташаббуслар асосан юқори бўғиндан тушар, маҳалланинг ўзи эса кўпинча ижрочи сифатида қатнашарди. Ҳозир амалга киритилган янги тизимда эса маҳалла фуқаролар йиғини ислоҳотларнинг бошланғич нуқтасига айланди. Эндиликда ҳар бир хонадон ўрганилиб, муаммо жойида аниқланмоқда ва шу асосда қарор қабул қилинмоқда. Бу эса вақт ва ресурсларни тежаб, иш самарадорлигини оширмоқда.

Натижада маҳаллада бандлик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва инфратузилма билан боғлиқ масалалар тез ва жойида ҳал этилмоқда. Энг муҳими, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончи мустаҳкамланиб, маҳалла ҳақиқий маънода аҳоли манфаатларини ифода этувчи бўғинга айланмоқда.

Ўтган йилда маҳаллангизда маҳаллабай тизими доирасида қайси аниқ масалалар ҳал этилди? Хусусан, бандликни таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ёки хонадонлар билан ишлаш йўналишларида қандай натижаларга эришилди?

– Ўтган йилда маҳаллабай тизимини жорий этиш жараёнидаги асосий масала – муаммоларни аниқлашдан уларни барқарор ҳал этишгача бўлган занжирни ишга тушириш эди. Шу нуқтаи назардан қараганда, маҳалламизда қатор аниқ ва сезиларли натижаларга эришилди.

Хусусан, бандликни таъминлаш йўналишида ишсиз фуқаролар тўлиқ рўйхатга олиниб, уларнинг билим ва салоҳиятига қараб ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш ёки ўзини ўзи банд қилиш чоралари кўрилди. Шунингдек, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш орқали бир қатор оилалар учун доимий даромад манбалари яратилди.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ва ижтимоий хавф гуруҳидаги оилалар аниқланиб, уларга нафақа, моддий ёрдам ва ижтимоий хизматлар манзилли тарзда етказилди.

– Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ушбу ислоҳотнинг миллий даражада институционаллашганини кўрсатади. Шу муносабат билан, сиз олдингизга қўйилган устувор вазифалар ва асосий йўналишлар нималардан иборат? Жорий йилда маҳалла аҳолиси инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли билан манзилли ишлаш борасида қайси ўзгаришларни энг аввало ҳис қилиши керак, деб ўйлайсиз?

Жорий йилдаги иш фаолиятимиз қуйидаги йўналишларга қаратилган:

– ҳар бир ишсиз фуқаронинг салоҳиятига мос иш ўрни ёки барқарор даромад манбасини яратиш;

– кам таъминланган оилаларни боқимондаликдан чиқариш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш;

– ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва ижтимоий фаоллигини ошириш;

– маҳалла инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, яъни йўл, сув, электр, газ ва интернет таъминотида тизимли ечимлар жорий этиш.

Хулоса қилиб айтганда, “Маҳаллани ривожлантириш йили”даги асосий мақсад – маҳаллани фақат яшаш ҳудуди эмас, балки инсон қадри, барқарор даромад ва муносиб турмуш таъминланадиган асосий маконга айлантиришдан иборат.

– 2026 йилда ўз олдингизга маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз? Сиз ишлаётган маҳалла 5 йилдан кейин қандай бўлишига ишонасиз?

2026 йилда ўз олдимга қўйган асосий мақсадим – маҳалламизнинг имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда аҳолининг деҳқончилик ва тадбиркорлик фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш, фуқароларнинг касб-ҳунарга йўналтириш, шунингдек, маҳалла инфратузилмасини янада ривожлантиришдан иборат. Бу эса, албатта ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, янги корхоналарни кўпайтириш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, маҳаллани ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантиришга ёрдам беради.

Кейинги 5 йилда, маҳалламиз туманнинг энг илғор маҳаллаларидан бирига айланишига ишонаман. Бунинг учун бизда барча имкониятлар бор!

Жамолиддин Турдимов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №5/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар