Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Деҳибаланд” маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Деҳибаланд” маҳалласи)

– Ўзингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз. Сизнинг касбий йўлингиз нимадан бошланган? Ушбу вазифага қандай келдингиз (олдин нима иш билан шуғуллангансиз)?

– Мен 1995 йил Тошкент политехника университетини “муҳандислик” йўналиши бўйича тугатганман. 1995-1997 йиллар Нурота касб-ҳунар билим юртида ўқитувчи, 1997-2011 йиллар Нурота туман Бандликка кўмаклашиш маркази меҳнат инспектори, 2011-2014 йиллар бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари, 2015-2019 йиллар қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимларида фаолият юритдим. 2019-2021 йил декабрь ойигача тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, “Умид Лобар” корхонасига раҳбарлик қилдим. Туман ҳокимининг тавсияси асосида Республика ишчи гуруҳининг суҳбатидан ўтиб, 2022 йил январь ойидан бошлаб ҳозирги кунгача Нурота тумани “Деҳибаланд” МФЙ ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаб келяпман. Юқоридаги вазифаларда тўплаган тажрибам менга янги иш жойимда ҳам қўл келди, десам бўлади.

– Маҳалланинг портретини қандай тасвирлаган бўлардингиз? Маҳаллада кимлар истиқомат қилади, нимадан даромад топади (у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари, йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз)?

“Деҳибаланд” маҳалла фуқаролар йиғинида 345 та хонадон, 532 та оила ва 1739 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 1 та умумтаълим мактаби, 1 та оилавий шифокорлик пункти, 1 та давлатга қарашли мактабгача таълим ташкилоти, 1 та маданият маркази, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини фаолият олиб боради. Маҳаллада бугунги кунда 32 та тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи корхона мавжуд. Жумладан, 12 та ишлаб чиқариш корхонаси, 17 та савдо дўкони, 3 та фермер хўжалиги ишлаб турибди. Маҳалланинг асосий иқтисодий драйвери чорвачилик бўлиб, аҳоли асосан хонадонларида чорва моллари боқиб, даромад топишади. Маҳалла 2019 йил “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, маҳалла кўчалари тўлиқ шағаллаштирилди. Бундан ташқари, 5 км ички йўллар асфальтланди, мактаб биноси тўлиқ таъмирланди, шунингдек, ОШП, МФЙ ва ДМТТ бинолари ҳам тўлиқ янгидан қурилди. “Деҳибаланд” аҳолиси хонадонларига тоза ичимлик суви тортиб берилди. 2026 йил маҳалламиз “Янги Ўзбекистон қиёфасига эга маҳалла” тоифасига киритилганлиги сабабли янада обод бўлиб бормоқда.

Ижтимоий йўналишда ҳам анча ишлар қилинмоқда. Мисол учун, аҳолини имтиёзли кредитлар асосида тадбиркорликка жалб қилган ҳолда бандлиги таъминланмоқда. 2026 йил катта йўл ёқасидан тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларимиз учун 30 та ер участкаси аукцион орқали савдога чиқарилди, бу ерни сотиб олган тадбиркор фуқароларимиз ҳозирги кунда қурилиш ишларини бошлаб юборган. Бу эса яна 30 та тадбиркорлик субъекти пайдо бўлади, деганидир.

– Йўл бошида энг қийин бўлган нарса нима бўлди ва сиз уни қандай енгдингиз?

– Ҳоким ёрдамчиси бўлиб иш бошлаганимдаёқ яхши ният ва кайфиятни ўзимга йўлдош қилиб олдим. Қолаверса, ҳудуддаги ҳамма оилалар, уларнинг муаммолари билан яқиндан таниш эдим. Маҳалла аҳолиси билан ишлаш менга завқ бағишлайди, кишиларга кўмак бериш эса маънавий куч беради. Айниқса, маҳалла фаоллари ва маҳалла “еттилиги” билан ҳамкорликда ишлаб, юқори ташкилотлар томонидан юборилган топшириқларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаб келяпмиз.

– Сиз бевосита танишиш, сўров ва ўрганишлар ўтказиш орқали маҳалланинг аҳволидан доимий равишда яқиндан хабардор бўлиб турасиз. Ўрганишлар натижасида МФЙда қандай иқтисодий имкониятлар аниқланди, қандай ўсиш драйверлари танланди ва ҳозирда нималар қилинмоқда?

– Маҳалламиз хонадонларида чорвачиликдан ташқари мармар тошни қайта ишлаш кичик цехлари ташкил этишни йўлга қўйиш имконияти мавжуд. Бу имкониятдан унумли фойдаланиш чораларини кўряпмиз. Хабарингиз бўлса, Нурота туманида жойлашган Ғозғон шаҳарчасида мармар кони бор. Демак, мармарга ишлов бериш йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мумкин. Бугунги кунга келиб мармарни қайта ишлаш кичик корхоналари сони 10 тани ташкил этади. Яна бир неча кичик тош цехлари очилиш арафасида. Биз, ўз навбатида, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишда, уларга ўз маҳсулотларини реклама қилиш орқали бозор топиб беришда кўмаклашмоқдамиз.

– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?

– Юқорида айтиб ўтганимдек, маҳалланинг асосий драйвери чорвачилик бўлиб, бу йўналиш қадим ота-боболаримиз давридан давом этиб келмоқда. Ушбу йўналишни янада ривожлантириш учун маҳаллада сут ва сут маҳсулотлари, гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари ташкил этиш учун тадбиркорларимизга таклифлар киритганмиз.

– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ўтган вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?

– Маҳаллада бугунги кунда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи 32 та корхона мавжуд. Жумладан, 12 та ишлаб чиқариш корхонаси, 17 та савдо дўкони ва 3 та фермер хўжалиги мавжуд. Уларнинг ярмидан кўпи сўнгги йилларда ташкил этилган.

– Сизнинг фикрингизча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима қилиш керак?

– Маҳалламизда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да турувчи 24 та оила мавжуд бўлиб, шулардан 10 таси камбағал оилалар тоифасига киради. Ушбу оила аъзолари ногиронлиги сабабли меҳнатга лаёқатсиз эканини инобатга олиб, уларни камбағалликдан чиқариш мақсадида субсидия асосида чорва моллари ажратишни таклиф қиламан. Бу ташаббус мазкур хонадонларни қўшимча даромад манбаи билан таъминлашга ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилади.

– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми?

– Маҳалламиз фуқаролари томонидан менга, асосан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ишсиз аҳолини барқарор иш ўринларига таъминлаш юзасидан мурожаатлар келиб тушади. Ўз навбатида, барча мавжуд имконият ва ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда, ушбу мурожаатларни қаноатлантиришга ҳамда фуқароларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқдаман.

– Ишсизликни қисқартириш бўйича маҳаллада қандай инновацион ёндашувлардан фойдаланилди?

– Ишсизликни қисқартириш мақсадида банд бўлмаган фуқаролар ўз қизиқишлари асосида касб-ҳунар марказларида ўқитилиб, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш орқали бандлиги таъминланди.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

– Юртимизда ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятларини самарали амалга оширишлари учун барча зарур имкониятлар яратилган. Бугунги кунда улар давлат ва аҳоли ўртасида ўзига хос боғловчи кўприк вазифасини ўтамоқда, десам адашмаган бўламан. Шу билан бирга, иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳоким ёрдамчиларининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир ваколатларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Бу эса, ўз навбатида, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларининг ҳудудда янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринлари яратиш ва пировардида камбағалликни қисқартириш бўйича ҳаракатларининг самарасини янада оширган бўлар эди.

– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлардингиз?

– Агар вақт, маблағ ва ресурслар борасида ҳеч қандай чекловлар бўлмаганда эди, молиявий имкониятлардан оқилона фойдаланган ва кўп йиллик бой тажрибага эга тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилган ҳолда, маҳалламизда бозоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тўқимачилик корхонасини ташкил этган бўлардим. Ушбу лойиҳа қишлоқ ҳудудларида ўта долзарб аҳамиятга эга бўлган ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласини тизимли ҳал этиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қиларди.

– Ўзбекистон Президентининг маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган ташаббуси “қуйидан юқорига” тамойили асосида ишлаш тизимига ўтиш учун пойдевор бўлди. Сиз ҳоким ёрдамчиси сифатида ушбу ислоҳотнинг маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги аҳамиятини қандай баҳолайсиз?

Тан олиш керак, аввалги ёндашувда маҳалладаги ислоҳотларга оид ташаббуслар асосан юқори ташкилотлар томонидан илгари сурилар, маҳалла эса кўпроқ уларни амалга ошириш вазифасини бажарарди. Бугунги тизимда эса маҳалла ислоҳотларни бошлаш ва амалга оширишнинг асосий нуқтасига айланди, десак муболаға бўлмайди. Ҳар бир хонадон ўрганилиб, муаммолар жойида аниқланади ва шунга қараб тегишли қарорлар қабул қилинади. Бу эса вақт ва маблағлардан самарали фойдаланишга ёрдам бериб, умумий самарадорликни оширмоқда.

Иш услубидаги асосий ўзгаришлардан бири шуки, энди фаолият кабинетдан туриб эмас, балки бевосита аҳоли ва хонадонлар билан ишлаш орқали ташкил этилмоқда. Шунингдек, янги тизимда муаммоларни вақтинча юмшатиш эмас, балки уларни тубдан ва узоқ муддатга ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада маҳаллада бандлик, ижтимоий ёрдам ва инфратузилма билан боғлиқ масалалар тезкор ва манзилли ҳал қилинмоқда. Энг муҳими, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончи мустаҳкамланиб, маҳалла фуқаролар манфаатларини ифода этувчи муҳим бўғин сифатида ўз ўрнини янада кучайтирмоқда.

– Илгариги ёндашувлар билан солиштирганда, иш услубида қандай принципиал ўзгаришлар бўлди?

Муҳтарам Президентимизнинг маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган ташаббуси аҳоли томонидан ижобий қабул қилинди. Сабаби, бу масалага аввалги ёндашувлар билан солиштирганимизда фуқаролар оддий бир маҳаллада ечими ҳал бўладиган масалалар бўйича тумандаги ташкилотларга бориб, 3-4 кунлаб вақт сарфлашарди. Мисол учун, тадбиркорлик қилиш мақсадида фуқаро имтиёзли кредит олмоқчи бўлса, ойлаб банк эшиги олдида вақт ўтказиб, бир неча ташкилотлардан маълумотномалар тўплаб топширарди, кредит олиш анча қийин эди. Ҳозирги кунда фуқаронинг ўзи кредит олиш учун онлайн ариза топширади ва унинг аризаси ҳоким ёрдамчиси томонидан жойига чиқиб ўрганилиб, фуқарога ижобий тавсиянома берилади. Натижада фуқаро 3 иш кунида имтиёзли кредитни олишга муяссар бўлади. Маҳалла “еттилиги” ҳар бир хонадон оила аъзолари учун уларнинг тоифаси асосида алоҳида хизмат кўрсатишади, бу тизим аҳолимизга ҳар томонлама қулайлик яратмоқда.

– Ўтган йилда маҳаллангизда маҳаллабай тизими доирасида қайси аниқ масалалар ҳал этилди? Хусусан, бандликни таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ёки хонадонлар билан ишлаш йўналишларида қандай натижаларга эришилди?

– 2025 йилдаги фаолиятимизнинг асосий йўналишлари тадбиркорликни ривожлантириш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳалладаги оилаларнинг даромадини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чораларини кўриш кабилар бўлди. Мисол учун, туманимизда, “Деҳибаланд” маҳалласи ҳудудида хитойлик инвесторлар томонидан қуввати 300 МВт бўлган қуёш электр станцияси ҳамда 150 МВт қувватли энергия сақлаш тизими қурилмоқда. “Деҳибаланд” маҳалласи ҳудудида 600 гектар майдонда барпо этилаётган мазкур “яшил энергия” мажмуасида қуёш панели ўрнатиш ишларида бугуннинг ўзида 85 нафар эркак ва 16 нафар аёл доимий иш билан таъминланди. Уларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 8 млн. сўмни ташкил этади.

– Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ушбу ислоҳотнинг миллий даражада институционаллашганини кўрсатади. Шу муносабат билан, сизнинг олдингизга қўйилган устувор вазифалар ва асосий йўналишлар нималардан иборат?

Жорий йилдаги иш фаолиятимизнинг асосий йўналишлари қуйидагилар:

даромадли бандликни таъминлаш, бунда асосий эътибор ҳар бир ишсиз фуқаро учун унинг салоҳиятига мос иш ўрни ёки барқарор даромад манбасини яратишга қаратилади;

кам таъминланган оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ўқитиш ва кичик бизнесга жалб қилиш;

ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш орқали уларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига ҳар томонлама кўмаклашиш;

маҳалла инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, яъни йўл, сув, электр, газ ва интернет таъминотида тизимли ечимлар жорий этиш ҳамда шу орқали маҳалла аҳолиси турмушини яхшилаш.

– Жорий йилда маҳалла аҳолиси инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли билан манзилли ишлаш борасида қайси ўзгаришларни энг аввало ҳис қилиши керак, деб ўйлайсиз?

2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ушбу ислоҳотнинг шаббодаси бизнинг маҳаллада эсгандай туюлади, назаримда. Чунки бизнинг маҳалламиз “Янги Ўзбекистон қиёфасига эга маҳалла” тоифасига киритилиши маҳалла қиёфасини тубдан ижобий томонга ўзгартириб юборди. Маҳалламизда юқорида таъкидлаб ўтганимдек, 30 дан ортиқ тадбиркорлик истагида бўлган фуқарога “Е-аукцион” платформаси орқали ер ажратиб берилди. Шу тадбиркорларга иш фаолиятларини бошлашлари учун имтиёзли кредит ажратишга кўмаклашдик. Натижада 60 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланади.

– 2026 йилда ўз олдингизга маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз? Сиз ишлаётган маҳалла 5 йилдан кейин қандай бўлади деб ўйлайсиз?

– Маҳалламиз аҳолиси чорвачиликка мослашганлиги сабабли 286 та хонадонда 523 бош соғиладиган сигир мавжуд. Бу сигирларнинг ҳар бири кунига камида 5 литр сут беради, демак, 523 бош соғин сигирдан бир кунда 2615 литр сут олинади. Аҳолимиз эҳтиёжларидан ортган сутни сотиб, қўшимча даромад топишмоқда. Сут маҳсулотларидан қатиқ, қурт ва бошқа сут маҳсулотлари тайёрлаб сотишади. Йил якунига қадар тадбиркорларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда маҳалламизда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш цехи қуришни режалаштирганмиз. 2026 йил якунигача маҳалламизни ишсизликдан ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришни ўзимизга мақсад қилиб олганмиз.

Жамолиддин Турдимов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №6/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар