Президент фармацевтика тармоғидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди

Президент фармацевтика тармоғидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни фармацевтика тармоғида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Келгуси беш йилда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда 2022-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Тақдимотда ана шу лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, жами 1,25 миллиард долларлик 104 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. Уларнинг натижасида 376 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланиб, 84 миллион долларлик экспорт қуввати яратилиши ҳисоб-китоб қилинган. Энг муҳими, 9 мингга яқин киши иш билан таъминланади.

Президентимиз бу лойиҳаларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятини таъкидлаб, уларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Тақдимотда маҳаллий доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимиз ҳудудида 750 турдаги доривор гиёҳлар ўсади. Улардан фойдаланиб, дунё бозорида харидоргир табиий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ҳамма шароит яратиб берилмоқда. Лекин 750 турдаги доривор ўсимликлардан фақатгина 70 таси маҳаллий корхоналар томонидан фаол ишлатилмоқда.

Президентимиз юртимиздаги доривор ўсимликларни чуқур қайта ишлаш орқали экспортни 15 миллион долларга етказиш ва 5 мингдан ортиқ аҳолини иш билан таъминлаш мумкинлигини таъкидлади. Мутасаддиларга шу йўналишдаги кластерлар фаолиятини йўлга қўйиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бунда, доривор ўсимликларни етиштириш учун ер майдонларини ажратиш, уруғчиликни ривожлантириш, агрономларни тайёрлаш, доривор ўсимликларни қайта ишлаш ҳамда истеъмол бозорларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.

Соҳадаги яна бир йирик лойиҳа – “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластеридир. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 28 январдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган ушбу замонавий марказ Тошкент вилоятининг Зангиота туманида барпо этилмоқда. Хусусан, фармацевтика университети, фармакопея маркази, илмий-тадқиқот маркази, экспертиза маркази, лабораториялар, виварий ва илмий-тажриба ишлаб чиқариш биноси қурилмоқда.

Шунингдек, бу ерда 140 миллион долларлик 7 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Тақдимотда биофармацевтик дори воситаларини ўзлаштириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Юртимиздаги корхоналарда 3 мингдан ортиқ номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, улар асосан бир компонентли, мураккаб бўлмаган дори воситаларидир.

Шу боис Президентимиз онкологик, гормонал, қон препаратлари, вакциналар каби инновацион биотехнологик дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Соғлиқни сақлаш тизими давлат харидлари орқали маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, халқаро стандартлар асосида тайёрланаётган маҳсулотларни сертификациялашни соддалаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Илм-фан ва саноат корхоналари кооперациясини ривожлантириш, замонавий билимларга эга малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

Соҳани янада ривожлантириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар