Россия Федерациясининг шакар ва ғалла экспортига киритган вақтинчалик чекловлари Ўзбекистонда мазкур маҳсулотлар ҳажмига таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, 2022 йилда республикада буғдой ва шакар маҳсулотларида барқарорлик таъминланади.
Вазирлик мамлакатда аҳолини озиқ-овқат хавфсизлиги билан таъминлаш, ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотларни етиштириш, зарур заҳираларни шакллантириш муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этмоқда.
Бу борада 2022 йилда аҳолини буғдой ва ун маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида республикада 1 млн 27 минг гектар ер майдонида буғдой экилди, натижада жорий йилнинг июнь-июль ойларида 7 млн 679 минг тонна ҳосил етиштириш режалаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1 миллион тоннага кўп.
Шунингдек, 2021 йил буғдой ҳосилида 6 млн 656 минг тонна буғдой етиштирилган бўлиб, шундан 2 млн 533 минг тоннаси республика дон заҳиралари учун «Ўздонмахсулот» АЖ ҳудудий корхоналарида жамғарилган, 4 млн 123 минг тоннаси фермер ва аҳоли ихтиёрида қолган.
Ўтган йил якунига қадар 2 млн 771 минг тонна буғдой дони ва 357,7 минг тонна ун хусусий сектор томонидан асосан Қозоғистондан импорт қилинган ҳамда 26,8 минг тонна буғдой дони (Тожикистонга 94% ва Қирғизистонга 6%) ва 949,1 минг тонна ун (1 млн 265 минг тонна буғдой ҳисобида) Афғонистонга экспорт учун йўналтирилган.
2022 йилда аҳолини шакар маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида республикада 600 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шу билан бирга, 2021 йилда 595,5 минг тонна шакар (2020 йилга нисбатан 315,1%) „Ангрен шакар“ МЧЖ ва „Хоразм шакар“ МЧЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилди.
Мазкур корхоналар томонидан 2021 йил ва 2022 йил январь-февраль ойларида товар хомашё биржасига аҳоли эҳтиёжини қоплаш мақсадида ҳар ойда 30 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда шакар савдога қўйилган.
Ўтган йил якунига қадар 23 минг тонна шакар (ўтган даврга нисбатан 344 минг тоннага камайган) ва 620 минг тонна шакар хомашёси (ўтган даврга нисбатан 423 минг тоннага ошган) Бразилиядан импорт қилинган ва 25 тонна шакар Афғонистон Ислом Республикасига экспортга йўналтирилган. Россия Федерацияси томонидан қўйилган чекловлар таъсир қилмайди.
Қайд этиш керакки, президентнинг [ПҚ-3818-сон] қарорига кўра оқ шакар импортига божхона қийматининг 20 фоиз миқдорда божхона божи ставкаси ҳамда Солиқ кодексининг 289-моддасига асосан 20 фоиз миқдорда акциз солиғи ундирилиши белгиланган.
2022 йил март-май ойларида таъминотчилардан яна қарийб 180 минг тонна хомашё етиб келади. Бундан ташқари жорий йил июнь-октябрь ойларида 200 минг тонна шакар хомашёси олиб келиш режалаштирилган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, республикада аҳоли ва корхоналарнинг талабини узлуксиз, етарли миқдорда ва барқарор нархларда буғдой, ун, шакар маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда ички бозорларда нархларнинг кескин ўзгаришининг олдини олиш тўлиқ таъминланган, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш