– Сизнинг касб фаолиятингиз нимадан бошланди? Ушбу вазифага қандай келдингиз (олдин нима иш билан шуғуллангансиз)?
– Мен Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтининг “Менежмент” йўналишини тамомлаганман. Меҳнат фаолиятимни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги “Зулфуқор” фермер хўжалигида ҳисобчи сифатида бошладим. Кейинчалик “Шприц” шўъба корхонасида ҳисобчи, сўнгра иш бошқарувчи лавозимларида фаолият юритдим.
Шунингдек, ижтимоий соҳада ҳам етарлича тажриба тўплаганман: Тахтакўпир туманидаги “Қараой” овул фуқаролар йиғинида хотин-қизлар етакчиси, кейинроқ туман Оила ва хотин-қизлар бўлимида бош мутахассис бўлиб хизмат қилдим. 2024 йилдан эса фаолиятимда янги ва масъулиятли босқич бошланди: “Қараой” ОФЙда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси этиб тайинландим. Иқтисодиёт, бошқарув ва ижтимоий масалалар кесимида орттирган кўп йиллик тажрибам бугунги фаолиятим самарадорлигини таъминлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
– Маҳалланинг портретини қандай тасвирлаган бўлардингиз? Маҳаллада кимлар истиқомат қилади, нимадан даромад топади, одамларни ҳозир нима кўпроқ ўйлантиради (у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари, йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз)?
– “Қараой” овул фуқаролар йиғини аҳолиси, асосан, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Маҳалла аҳолиси – оқкўнгил ва меҳмондўст инсонлар. 10-сонли умумтаълим мактаби, 2 та давлат ва 2 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 36-сонли оилавий поликлиника, Маданият саройи фаолият олиб боради. Ишлаб чиқариш объектларидан туз заводи, сут олишга ихтисослашган чорва фермаси ишлаб турибди. Ҳудудда жами 3515 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 1654 нафари хотин-қизлардир. Маҳалладаги хонадонлар сони 632 та, оилалар сони эса 780 та. Кам таъминланган оилалар сони 55 та.
– Йўл бошида энг қийин бўлган нарса нима бўлди ва сиз уни қандай енгдингиз?
– Ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланишимдан аввалги фаолиятим бевосита оила ва хотин-қизлар тизими билан боғлиқ эди. Янги соҳадаги фаолиятимнинг дастлабки босқичида дуч келган энг катта тўсиқ – аҳоли ўртасидаги муайян стереотиплар бўлди. Хусусан, “аёл киши бундай масъулиятли вазифани қандай уддалар экан?” деган иккиланишлар сабабли, фуқаролар дастлаб мен билан бевосита эмас, балки маҳалла раиси орқали мулоқот қилишга интилишди.
Бироқ мен табиатан бошлаган ишимни охирига етказишга ва ҳар қандай муаммога тизимли ечим топишга ҳаракат қиладиган инсонман. Шу боис, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганиб, уларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш орқали халқнинг ишончини қозона бошладим. Ҳар бир фуқаро билан индивидуал ва манзилли ишлаш, асосли ташаббусларни бажонидил қўллаб-қувватлаш орқали мавжуд қийинчиликларни енгиб ўтдим, деб айта оламан.
– Сиз бевосита танишиш, сўров ва ўрганишлар ўтказиш орқали маҳалланинг аҳволидан доимий равишда яқиндан хабардор бўлиб турасиз. Ўрганишлар натижасида қандай иқтисодий имкониятлар аниқланди, қандай ўсиш драйверлари танланди ва ҳозирда нималар қилинмоқда?
– Ўзим аслида шу маҳаллада 15 йилдан бери яшаганим боис маҳалла аҳолисининг яшаш шароитини янгидан ўрганишим шарт бўлмади. Ким нима билан машғул, қайси оила билан кенгроқ ишласа бўлади, қайси тадбиркорга янада яхшироқ ривожланиши учун қайси йўналишда ёрдам берсак бўлади – маҳалла аҳолиси билан ишлашда буларни яхши билишим анча қўл келди. Бу каби саволларга жавоб топиш учун ўзим учун режа қилиб олган фуқаролар ва тадбиркорлар билан уйма-уй юриб, ҳар бири билан суҳбатлашиб чиқдим ва қилишим керак бўлган барча ишларни режалаштириб олдим. Ўрганишлар натижасида ҳудудда чорвачилик ва деҳқончиликни ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятлар борлиги аниқланди.
– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?
– Маҳалла ривожланишининг асосий ўсиш драйвери деҳқончилик ва чорвачилик бўлиб, маҳалла аҳолисининг 80 фоизидан кўпчилиги шу йўналишлардаги ишлар билан шуғулланади. Ишларимизни шундан келиб чиқиб ташкил этяпмиз. Ҳозирги кунда деҳқончиликни ривожлантириш учун аҳолига янги технологияларни қўллаган ҳолда, ишончли ва синалган навларни танлаб, юқори ҳосил берувчи уруғлардан экишни йўлга қўйишни ўргатяпмиз. Шунингдек, сувни тежовчи тизимлардан фойдаланиш унумдорликни оширишга, юқори ҳосил гарови эканлиги тушунтирилмоқда. Чорвадорларга эса наслли қора молларни боқиш орқали икки карра фойда қилиш имконияти ҳақида соҳа мутахассислари ёрдамида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ўтган вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?
– Ҳозирги кунда асаларичилик ва паррандачиликни аҳолига янгича услубда ривожлантириш мақсадида иккала йўналишда кооперация ташкил қилинди. Кооперация аъзоларини камбағал оилалардан бириктириб, ҳар бир оила билан асаларичилик ва паррандачилик йўналишларини кенгроқ ўргатиш орқали барқарор даромад манбаига айлантирмоқчиман. Сув танқислиги кузатилгани боис ариқларда доимий сув бўлмаганлигини ҳисобга олган ҳолда йўл ёқасидаги захкашлардан фойдаланиш орқали ўрдак боқишни йўлга қўйиш ҳаракатидаман. 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 306-сонли қарорига мувофиқ, янги иш бошлаган тадбиркорларга 100 млн. сўмгача гаровсиз кредит ажратилиши бизнес билан шуғулланишни истаган фуқароларимизга катта имкониятлар эшигини очди. Хусусан, бизнинг маҳалламизда нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехи, гилам ювиш цехи, автомобилларни ювиш шохобчаси каби кичик корхоналар янгидан иш бошлади. Аҳолининг узоғини яқин қилиниб, шу йилнинг ўзида 4 та кўчма дўкон ишга туширилди. Натижада, яна 4 нафар ишсиз хотин-қизларимиз ўз тадбиркорлигини янгидан йўлга қўйишди. Бир қанча деҳқон хўжаликлари ижарага олинган ерларидан самарали фойдаланиб келишмоқда.
– Бирор эҳтиёжманд оила ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, улар ҳаётида аниқ ўзгариш қилган ҳолатни келтириб ўтинг.
– Маҳалладаги эҳтиёжманд оилалар билан якка тартибда иш олиб борилади. Жумладан, 2025 йилда икки нафар эҳтиёжманд оила ҳамда бир нафар ёш тадбиркорнинг янгидан иш бошлашига амалий кўмак кўрсатилди. Уларга зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, мавжуд имкониятлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада, бугунги кунда мазкур оилалар ва ёш тадбиркорнинг ишлари барқарор йўлга қўйилган, даромад манбалари шаклланган. Энг муҳими, ҳар гал суҳбатга борганимда уларнинг ҳаётга ва келажакка бўлган дунёқараши ижобий томонга ўзгарганини, ўз кучига ишончи ортганини яққол ҳис қиламан. Бу эса якка тартибда, манзилли ишлашнинг нақадар самарали эканини кўрсатади.
– Сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима қилиш керак?
– Маҳалладаги иш тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, кўпинча камбағалликни келтириб чиқараётган асосий сабаб – доимий ишнинг йўқлигидир. Бу эса, ўз навбатида, ички ва ташқи миграциянинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Камбағалликни келтириб чиқараётган яна бир жиддий сабаблардан бири – кишилардаги билим ва касб-ҳунар, тадбиркорлик қилиш учун зарур кўникмаларнинг етишмаслигидир. Аслида, кўплаб масалаларни маҳаллий даражада ҳал қилса бўлади, фақат шунга яраша ҳаракат, ресурс ва аниқ мақсад керак.
– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми?
– Одамлар мени турли масалалар бўйича излашади. Аниқ битта муаммони айтиб бўлмайди. Кимгадир ер ижараси ёки ер олиш масаласида йўл-йўриқ керак бўлади, кимгадир кредит олиб, иш бошлашда ҳамроҳлик қилишимга тўғри келади. Айрим фуқаролар электр энергиясига уланишда тўсиқларга дуч келади, деҳқонларимиз эса суғориш учун сув етишмаслиги масаласини кўтаради. Аслида, бу масалаларни катта муаммо деб эмас, балки тўғри тушунтириш ва йўл кўрсатиш орқали ҳал қилинадиган масалалар, деб ўйлайман. Менинг вазифам – аҳолига шу жараёнларда ҳамроҳ бўлиш ва ҳар бир тўсиқнинг ечимини топишга ёрдам беришдан иборат.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Мамлакатимизда ҳоким ёрдамчилари ўз хизмат вазифаларини самарали амалга оширишлари учун барча зарур имконият ва шароитлар мавжуд, деб ишонч билан таъкидлаш мумкин. Айни пайтда улар аҳоли билан давлатнинг масъул идоралари ўртасида ўзига хос боғловчи кўприк сифатида фаолият юритмоқда, деб айта оламан. Шу билан бирга, иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳоким ёрдамчиларининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир ваколатларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу эса, ўз навбатида, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларининг ҳудудда янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринлари яратиш ва пировардида камбағалликни қисқартириш бўйича ҳаракатларининг самарасини янада оширган бўлур эди.
– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлардингиз?
– Агар сиз айтгандай ҳақиқатдан ҳам бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чекловлар бўлмаса, мен Европа мамлакатлари ва Россиядан наслли чорва молларини олиб келиб, гўшт ва сут олиш учун боқишни йўлга қўйган бўлардим. Чунки аҳолида чорвачилик билан шуғулланиш учун кўникмалар етарли, фақат уларга бу йўналишни илмий асосда йўлга қўйишда зарур ёрдамни бериш керак.
– Аёл киши сифатида ҳам уй ишларини эплаш, ҳам маҳаллада масъул вазифада ишлаш қийин кечмадими? Буни қандай эпладингиз?
– Албатта, уй ишларига вақтида улгуриш ва маҳаллaда масъул вазифани юритиш осон эмас. Лекин менга оила ва масъул вазифани уддасидан чиқишга қайнoна ва қайнoтамнинг кўмаги, турмуш ўртоғимнинг доимий қўллаб-қувватлаши ҳам катта ёрдам беради. Ишларни режага солиб, вақтни тўғри тақсимлаш ва оилавий ёрдамга таяниб, ҳар иккисини ҳам самарали олиб боришга интиламан.
– Ўзбекистон Президентининг маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган ташаббуси “қуйидан юқорига” тамойили асосида ишлаш тизимига ўтиш учун пойдевор бўлди. Сиз ҳоким ёрдамчиси сифатида ушбу ислоҳотнинг аниқ бир маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги аҳамиятини қандай баҳолайсиз? Аввалги ёндашувлар билан солиштирганда, иш услубида қандай принципиал ўзгаришлар бўлди?
– Ҳурматли Президентимизнинг маҳалла институтини ривожлантириш ва “қуйидан юқорига” тамойили асосида ишлаш тизимини жорий этиш ташаббуси биз учун шунчаки маъмурий эмас, балки амалий ва ҳаётий аҳамиятга эга. Оддий қилиб тушунтирсам, илгари кўплаб масалалар туман ёки шаҳарнинг умумий кўрсаткичларидан келиб чиқиб ҳал қилинган бўлса, бугунги кунда биз ҳар бир оила, ҳар бир хонадоннинг ҳақиқий эҳтиёжларига асосланиб фаолият юритяпмиз. Янги тизим аҳолининг ҳар бир аъзоси билан манзилли ишлашга ўтиш имконини берди. Биз маҳалланинг тўлиқ ижтимоий-иқтисодий паспортига эгамиз: оилаларнинг даромад даражаси, бандлиги, таълим, кредит, даволаниш, уй-жой ва инфратузилмага бўлган эҳтиёжларини аниқ биламиз. Бу эса камбағаллик ва ишсизликни аниқ манзилли равишда қисқартириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ёрдамни айнан унга ҳақиқатан муҳтож бўлганларга йўналтириш, оилавий бизнес, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этиш орқали аҳоли даромадларини оширишга имкон беради. Шу маънода бугунда маҳалла институти оддий ижтимоий институт эмас, балки жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий бўғинига айланди.
Бир сўз билан айтганда, янги тизим иш фалсафасининг ўзини тубдан ўзгартирди: маҳалла – бу муаммоларни ҳисобга олиш жойи эмас, балки имкониятлар яратиш ҳудудидир. Ҳоким ёрдамчиси сифатида айтишим мумкинки, айнан шу тизим туфайли биз аҳоли фаровонлигини ошириш ва маҳалламизни барқарор ривожлантириш учун ҳақиқий воситаларга эга бўлдик.
– Ўтган йилда маҳаллангизда маҳаллабай тизими доирасида қайси аниқ масалалар ҳал этилди? Хусусан, бандликни таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ёки хонадонлар билан ишлаш йўналишларида қандай натижаларга эришилди? Сизнингча, ушбу модел самарадорлигини энг яхши акс эттирувчи кўрсаткич қайси?
– Ўтган 2025 йилда ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 20 та ишсиз фуқарони бириктирган ҳолда банклар томонидан 10 гектар ерга кунгабоқар, 10 гектар ерга маккажўхори экиб берилди ва экинларни парваришлаш бўйича йўлйўриқ кўрсатилди. Янги ташкил қилинган “БИОАЗАМАТ” МЧЖда маҳаллада яшовчи 5 нафар фуқаро мавсумий иш билан банд қилинди. 7 нафар ишсиз фуқаромиз якка тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ўз дўконларига эга бўлишди. “Агробанк” томонидан енгиллатилган фоизларда ажратилган кредит ҳисобидан иш фаолиятини йўлга қўйган тадбиркоримиз ташкил этган чорва фермасида 8 та ишсиз фуқарони доимий иш билан банд қилинди. Аҳолининг ижтимоий қўллабқувватлашга муҳтож қатлами билан алоҳида йўналишларда узлуксиз иш олиб борилмоқда. Жумладан, 5 та оилага ҳомийлик ҳисобидан 2 КВтлик қуёш панеллари ўрнатиб берилди. Бундан ташқари, субсидия ҳисобидан 1 та қизил тоифадаги боқувчисини йўқотган оилага ҳам 5 КВтлик қуёш панели ўрнатиб берилди. Шунингдек, маҳалладаги яна 4 оилага ҳовлисининг кўча қисмига ток сўриси қуриб олишлари учун субсидия асосида 7 млн. сўмдан ажратилди. 2 нафар ногиронлиги бор бўлган фуқаронинг жарроҳлик амалиёти учун “Саховат ва кўмак” фонди орқали молиявий ёрдам берилди. Маҳалладаги 10 та оилага “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 25 фоиз контракт тўловлари ва тайёрлов курсларига тўлов ўтказиб берилди. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 2025 йилда “Очиқ бюджет” танлови орқали маҳалла аҳли билан биргаликда ғолибликни қўлга киритдик. Бу лойиҳа ёрдамида ёпиқ усулда қурилган сунъий газонли стадион, касбҳунар ўрганиш маркази учун бино қуриб битказилди. Шунингдек, 1.5 км йўлга асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. “Муйтен” овулининг 2 км ички йўлларига шағал тўшаб берилди.
– Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ушбу ислоҳотнинг миллий даражада институционаллашганини кўрсатади. Шу муносабат билан, сизнинг олдингизга қўйилган устувор вазифалар ва асосий йўналишлар нималардан иборат? Жорий йилда маҳалла аҳолиси инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли билан манзилли ишлаш борасида, энг аввало, қайси ўзгаришларни ҳис қилиши керак, деб ўйлайсиз?
– Жорий йилда ҳам маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилангани айни муддао бўлди. 2026 йилда “Қараой” маҳалласи Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла мақоми бериладиган маҳаллалардан бири бўлиши белгиланган. Ушбу мақомга эришиш учун мен маҳалламдаги салоҳиятли ва интилувчан фуқаролар билан маслаҳатлашиб, бир неча янги тадбиркорлик субъектларининг фаолияти бошланишига кўмак бермоқчиман. Жумладан, катта йўл ёқасидан авто машиналарни ювиш шохобчаси ва вулканизация хизматларини йўлга қўйишни режа қилганмиз. Шунингдек, новвойхона ва қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи бўлган эҳтиёжманд оилага шу ишда кўмак бериш мақсадида бизнес режамизни тайёрлаяпмиз. Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам режалар белгилаб олинган, ҳудуд аҳолиси тез орада буни, албатта, ўз ҳаётида ҳис қилади, деб ўйлайман.
Режаларимиз кўп, бирин-кетин аҳолининг мурожаати ва фикрини инобатга олиб, Президентимиз яратиб берган шарт-шароитлар ва қонунлар доирасида қўлимдан келганича одамларга сидқидилдан кўмак беришдан чарчамайман. “Қараой” овул фуқаролар йиғини 5 йилдан кейин ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланишига ишонаман.
Жамоллиддин Турдимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №2/2026
Изоҳ қолдириш