Хизматлар соҳасининг шиддат билан ривожланиши Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунда келгуси 5 йилда мамлакат ҳудудларида хизматлар соҳаси уч баробарга ошиши белгиланган.
2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар ҳажми 8,3 трлн. сўмни ташкил этган ва 2020 йилга нисбатан 19,3 фоизга ошган. Ҳудуднинг ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида хизматлар соҳасининг улуши 36 фоизини ташкил этган.
Сўнгги 5 йил ичида ҳудудда хизматлар соҳаси ҳажми деярли 2,7 баробарга ошган. Жумладан, 2016 йилда ҳудудда 3,1 трлн. сўмлик хизматлар кўрсатилган.
Ҳудудда хизматлар соҳасининг таркиби, асосан, 13 турдаги хизматлардан иборат:
- ахборот-коммуникация хизматлари;
- молиявий хизматлар;
- транспорт хизматлари;
- турар жой ва овқатланиш хизматлари;
- савдо хизматлари;
- кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар;
- таълим хизматлари;
- соғлиқни сақлаш хизматлари;
- ижара ва лизинг хизматлари;
- компютерлар, маиший техника, шахсий фойдаланиш буюмларини таъмирлаш хизматлари;
- шахсий хизматлар (сартарош ва гўзаллик салони хизматлари);
- архитектура, муҳандислик тадқиқотлари, техник синов ва таҳлиллар соҳасидаги хизматлар;
- бошқа хизмат турлари.
2021 йил хизматлар соҳаси таркибида энг катта улуш транспорт (26%), савдо (22,5%) ва молиявий (20,1%) хизматларга тўғри келган. 2021 йилда 2,16 трлн. сўмлик транспорт хизматлари, 1,87 трлн. сўмлик савдо хизматлари, 1,67 трлн. сўмлик молиявий хизматлар кўрсатилган.
Хизматлар соҳаси таркибида кейинги ўринларни таълим хизматлари (6,4%), ахборот-коммуникация хизматлари (5,4%) ва шахсий хизматлар (сартарош ва гўзаллик салони хизматлари) (3,8%) эгаллаган. Ушбу хизмат турлари 2021 йилда мос равишда 535,8 млрд. сўм, 448,6 млрд. сўм ва 317,8 млрд. сўм миқдорида кўрсатилган.
2021 йил учун Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар соҳаси таркиби
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2020 йилга нисбатан 2021 йилда айрим хизмат турларининг динамикасида кескин ўсиш суръатлари кузатилди. Таълим хизматлари 36,3%, молиявий хизматлар 27,7%, соғлиқни сақлаш хизматлари 22,5%, транспорт хизматлари 22,0%, кўчмас мулк хизматлари 20,9%, компьютерлар, уй жиҳозлари, шахсий буюмларни таъмирлаш хизматлари 19,2%, шахсий хизматлар (сартарош ва гўзаллик салони хизматлари) 15,3%га ошган. Ўз навбатида, архитектура, муҳандислик тадқиқотлари, техник синов ва таҳлиллар бўйича хизматлар, шунингдек, турар жой ва овқатланиш хизматлари мос равишда 1,6% ва 1,2%га камайган.
Шунингдек, таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2021 йилда кўрсатилган хизматлар ҳажмининг 43,6% Нукус шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Ҳудудда кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмидаги энг катта улушлар бўйича кейинги ўринлар Қўнғирот (12,8%), Тўрткўл (8,5%), Беруний (5,5%), Амударё (5,4%) ва Элликқалъа (4,7%) туманлари ҳиссасига тўғри келган.
Шу билан бирга, ҳудудда кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмида Тахтакўпир (1,2%), Мўйноқ (0,9%) ва Бўзатов (0,4%) туманларининг ўрни жуда кам. Шундай бўлса ҳам айнан ушбу туманларда хизматлар соҳаси шиддат билан ўсган. Мисол учун, 2021 йилда Тахтакўпир, Мўйноқ ва Бўзатов туманларида ўсиш суръатлари 2020 йилга нисбатан мос равишда 123,5%, 121,1% ва 129,5%ни ташкил этган.
Қорақалпоғистон Республикасида 2021 йил кўрсатилган хизматларнинг умумий ҳажмида Нукус шаҳри ва туманларнинг улуши
Юсуп Жумабаев
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали етакчи илмий ходими
Изоҳ қолдириш