Қурилиш саноати – пандемия шароитида Ўзбекистон иқтисодиётининг локомотивига айланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мажлисда таъкидлаганидек, қурилиш саноати коронавирус пандемияси таъсирини юмшатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш борасида катта имкониятларга эга бўлган “драйвер” соҳалардан бири ҳисобланади.
Шундай экан, қурилиш соҳасининг бугунги кундаги тенденциялари, унинг Ўзбекистон иқтисодиётида тутган ўрни, пандемия шароитида соҳани қўллаб-қувватлаш йўналишлари ва кутилаётган натижалар ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.
Қурилиш саноати ривожланишининг глобал тенденциялари
Қурилиш саноати глобал иқтисодиётнинг муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади. Қурилишга киритиладиган инвестициялар қисқа муддатда янги иш ўринларини очишга ёрдам берса, ўрта ва узоқ муддатда эса қуриб фойдаланишга топширилган инфратузилмавий объектлар транспорт ҳаражатларини қисқартиради, одамлар ҳаётини яхшилайди ва энг муҳими иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштиради.
Вируснинг кенг тарқалиши натижасида жорий йил дунё иқтисодиётида фаоллик пасайиб, қурилиш соҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги таҳлилларга кўра, 2020 йилда глобал қурилиш соҳасида ўсиш йил бошида кутилган 3,1 фоиздан 0,5 фоизга пасайиши кутилмоқда[1]. Узоқ муддатда эса қурилиш соҳаси дунё иқтисодини ҳаракатга келтирувчи соҳа сифатида ўз ўрнини сақлаб қолади. PricewaterhouseCoopers компаниясининг маълум қилишича, 2030 йилга келиб дунё миқёсида қурилиш саноати умумий миқдорда 85 фоизга ўсиб, унинг ҳажми 17,5 трлн. АҚШ долларга етади.
Шунингдек, дунё бўйича инфраструктура лойиҳаларини молиялаштиришда давлатнинг роли сақланиб қолади. Ўтган йилларда жаҳон мамлакатлари давлат сектори инвестицияларининг 70-80% айнан қурилиш соҳасига тўғри келган. Бундан ташқари, қурилиш норматив талабларини бажарилишини назорат қилиш орқали давлат мазкур соҳани тартибга солишда ҳам муҳим рол ўйнайди.
Қурилиш саноати ва иқтисодий ривожланиш
Кўплаб давлатлар мисолида ўтказилган эпирик тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, қурилиш соҳаси ва иқтисодий ривожланиш ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд. Машина ёки ишлаб чиқариш воситаларига киритиладиган инвестициялар билан бирга, қурилиш соҳаси орқали амалга оширилувчи инфратузилмавий лойиҳалар – йўлларнинг қурилиши, электрэнергия билан таъминлаш, коммуникация воситаларининг барпо этилиши узоқ муддатли иқтисодий ўсишни таъминлайди. Бў йўналишдаги дастлабки тадқиқот 1969 йилда Д.Турин томонидан ўтказилган бўлиб, унда 87та давлатнинг иқтисодий ўсиши ва мазкур давлатларда қурилиш соҳасига киритилган инвестициялар ўртасида кучли чизиқли боғлиқлиқ аниқланган. Яъни, қурилиш соҳасига киритилган инвестицияларнинг ортиши билан жон бошига Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ҳам кузатилган. Мазкур боғлиқлик, шунингдек, Страссман (1970), Веллс (1986) ва Жаҳон банкининг (1994) тадқиқотларида ҳам ўз тасдиғини топган.
Ўзбекистон иқтисодиётида қурилиш саноатининг роли
Қурилиш саноати Ўзбекистон иқтисодиётнинг устувор йўналиши сифатида миллий иқтисодиёт тармоқлари орасида барқарор ўсиш суръатларини қайд этаётган соҳалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида бино-иншоотлар, янги саноат объектларини барпо этиш, темир йўл ва автомобиль, турар-жойлар қуришни жаддалаштириш бўйича қурилиш саноатига иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи куч – локомотиви сифатида алоҳида урғу берилган.
Турар жой мажмуаларини, ижтимоий соҳа ва муҳандислик инфратузилма объектларини қуриш ва капитал реконструкция қилиш, шунингдек, саноатнинг базавий тармоқлари корxоналарини қуриш ва модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида қурилиш ишлари ҳажми 2018 йил билан таққослаганда 19,0 фоизга ўсди. Қурилиш тармоғининг ЯИМ ўсишидаги ижобий ҳиссаси 1,0 фоиз бандни ташкил қилди. Шунингдек, унинг ЯИМдаги улуши ҳам 2017 йилдаги 5,7%дан 2019 йилда 6,4%га етди (1-расм). Мазкур ҳолатни кўплаб ривожланган ва ривожланаётган давлатларда ҳам кузатиш мумкин (2-расм).
Қурилиш саноатидаги ўсиш, биринчи навбатда, иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар учун капитал қўйилмалар ҳажмининг ортиши билан боғлиқ. Хусусан, Ўзбекистонда 2019 йилда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш учун жами молиялаштириш манбалари ҳисобидан 21,5 млрд. АҚШ долл. ёки 2018 йилга нисбатан 133,9 % асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилди. Бу эса, ўз навбатида, қурилиш ишлари ва қурилиши материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга олиб келди.
Қурилиш соҳаси - иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш кафолати
Маълумки, пандемиянинг тарқалиши ортидан бутун дунё давлатлари иқтисодий инқирозга юз тутмоқда. Глобал ҳамжамиятнинг бир бўғини сифатида глобал инқирознинг салбий таъсири Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди. Халқаро валюта жамғармасининг маълум қилишича, пандемия натижасида глобал иқтисодиёт бу йил 3,0 фоизга пастлаши кутилмоқда.
Шунингдек, дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатлари иқтисодиётида пасайиш содир бўлади. Мана шундай кўламдаги инқирознинг содир бўлишига қарамай, халқаро молиявий ташкилотлар 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида паст бўлсада ўсиш кузатилишини прогноз қилмоқда (3-расм). Кейинги йилда эса иқтисодий ўсиш ўзининг инқироздан олдинги трендига қайтади.
Бундай ижобий кўрсаткичларга эришишда ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган инқирозга қарши чораларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши талаб этилади. Шу мақсадда, ҳукумат томонидан қурлиш соҳасига инқирознинг салбий таъсирини юмшатувчи ва иқтисодий ўсишни таъминловчи асосий соҳа сифатида қаралмоқда.
Қурилиш саноати иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш борасида катта имкониятларга эга бўлган соҳалардан бири ҳисобланади. Боиси, қурилиш соҳаси кўплаб саноат тармоқлари учун талаб яратади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ҳисоб-китобларига кўра, қурилиш соҳасининг иқтисодиёт учун мултипликатор эффекти 1,8га тенг. Яъни, қурилиш соҳасига киритилган 1 бирлик инвестиция ялпи ишлаб чиқариш ҳажмининг 1,8га кўпайтиради. Шунингдек, бу соҳада 1 325 минг нафар аҳоли иш билан банд.
Иқтисодий фаолликнинг пасайиши қурилиш ишларини камайтириши, бу эса, ўз навбатида, қурилиш материалларига бўлган талабни пасайишига ва ишсизлик миқдорини кўпайишига олиб келади. Шу сабабли, карантин даврида қурилиш ҳажмлари камайишига йўл қўймаслик ва соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5969-сонли фармони билан қурилиш соҳасига қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди.
Шу мақсадда, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қурилиш соҳасидаги ишларни янада кучайтириш борасида аниқ ечим ва йўналишлар кўрсатиб берилди. Мазкур чора-тадбирлар қурилиш саноатининг учта энг йирик тармоқлари – қурилиш ишлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқиш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси қурилишини қамраб олади.
Қурилиш ишлари қандай жадаллаштирилади?
Жорий йилда 86 триллион сўмлик ёки ўтган йилга нисбатан 10 фоизга кўп қурилиш ишлари бажарилиши керак бўлиб, шу мақсадда:
- - карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилади;
- - қурилиш корхоналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг объектларга бориши учун тўсиқсиз ҳаракатланишига шароит яратилади;
- - қурилиш ишларида самарадорлик, маблағларни оптимизация қилишга алоҳида эътибор қаратилади ва 3,6 триллион сўм ҳисобидан бажариладиган лойиҳаларда ортиқча сарф-харажатлар қисқартирилади;
- - 2020 йилда 30 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, ўз эгаларига топширилади.
Шунингдек, инқироз шароитида уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва аҳолининг уйга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида қўшимча чора тадбилар амалга ошириш белгиланди. Хусусан:
- - Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига кредитларнинг фоиз харажатларини қисман қоплаш ва кредит суммасининг 50 фоизигача кафолат бериш механизми жорий этилади;
- - янги тартиб асосида берилаётган ипотека кредитлари муддати 15 йилдан 20 йилга узайтирилади ва шу орқали ипотекага олинган уй-жойнинг ойлик тўлови миқдори камайтирилади;
- - уй сотиб олиш учун бериладиган ипотека кредитининг энг юқори чегарасини қайта кўриб чиқилади, бозор талаблари асосида кўпайтирилади.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш қандай ўзгаради?
Қурилиш ишларини кўпайтириш қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам оширишни тақозо этади. Шу мақсадда, қуйидаги ишларни амалга ошириш белгиланди:
- - импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш. Бунда ДСП ишлаб чиқариш 1,5 бараварга, сантехника ва газобетон блокларни 2 бараварга, гулқоғозни 3 бараварга оширилса, керамик плиталар ишлаб чиқариш эса 18 миллион квадрат метрга етказилади. Шунингдек, “Кварц” корхонасида йилига 22 миллион квадрат метр ойна ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам 1 июлгача ишга тушиши кутилмоқда.
- - пандемия даврида цементни экспорт қилишдаги чекловлар бекор қилинади, қурилиш материалларини экспорт қилишда “Ўзбекистон темир йўллари” томонидан юкни ташиш жараёнида чегирмалар берилиши масаласи ҳам кўриб чиқилади;
- - 275 та истиқболли кон ўзлаштирилади. Хусусан, жорий йил апрель-май ойларида Ғозғонда 52 миллион долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилса, Шарғунда гипс, Чимбойда керамзит, Пахтачида гранит каби материалларни ўзлаштириш жадаллаштирилади;
- - энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда 7 та лойиҳани ишга тушириш орқали, газобетон блок ишлаб чиқаришни 1 350 минг куб метрга, базальт плиталар 73 минг тоннага, ойна ишлаб чиқариш эса 40 миллион квадрат метрга етказилади.
Муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси қурилишида ишларни кучайтиришнинг ностандарт чоралари
Муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси қурилишида ишларни жадаллаштириш мақсадида инқирозга қарши жамғармадан қўшимча 1,5 триллион сўм, хусусан сув таъминоти бўйича 55 та лойиҳага 500 миллиард сўм ва йўл қурилиши бўйича 1 547 та лойиҳага 1 триллион сўм маблағ ажратилди. Мазкур маблағлар ёрдамида орқали жорий йил 1 400 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 6 минг километр йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари бажарилади.
Мазкур тармоқда ишларни ўз вақтида амалга ошириш учун юқоридаги лойиҳалар зудлик билан бошланиши, халқаро молия ташкилотлари маблағларини ўзлаштиришни тезлаштириш, шунингдек йўл қурилишига маҳаллий пудрат ташкилотларини жалб қилиш белгиланди. Шу билан бирга, кечиккан лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш учун уч сменали иш ташкил этилган ҳолда иккинчи чоракда жами амалга оширилиши белгиланган лойиҳаларни 60 фоизга бажаришга эришилади.
Энг муҳими, жорий харажатларни оптималлаштириш орқали ушбу соҳаларнинг самарадорлигини ошириш кўзда тутилмоқда. Самарасиз насосларни янгилаш, харажат ва йўқотишларни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинмоқда. Бунинг ўзидан электр энергияси ва бошқа харажатларни йилига 7 миллиард сўм миқдорида камайтиришга эришиш мумкин бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, қурилиши соҳаси қисқа муддат янги иш ўринларини яратиш, бозорда талаб ва таклифни шакллантириш орқали инқирознинг салбий таъсирини юмшатади, узоқ муддатда эса юқори иқтисодий ўсишни таъминловчи “ўсиш нуқтаси” ва одамлар ҳаёт фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омилидир.
Ортиқов Нозимжон
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази илмий ходими
[1] Research and Markets’ таҳлил институтининг прогнози
Изоҳ қолдириш