– Фаолиятингиз нимадан бошланди? Ушбу вазифага қандай келдингиз (олдин нима иш билан шуғуллангансиз)?
– Олий маълумотим ҳақида гапирадиган бўлсам, Тошкент архитектура ва қурилиш институтини қурилиш мутахассислиги бўйича тамомлаганман. Меҳнат фаолиятимни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қўшработ туман кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимида бошлаганман. Кейинчалик Қўшработ тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича гуруҳ раҳбари вазифасида фаолият юритдим. 2022 йилнинг 11 январидан эътиборан “Соригул” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси этиб тайинландим. Мазкур МФЙ тугатилганлиги муносабати билан, 2025 йилдан бошлаб фаолиятимни “Чиммос” МФЙда ҳоким ёрдамчиси сифатида давом эттиряпман. Туманнинг турли идораларида орттирган кўп йиллик меҳнат тажрибам бугунги кундаги масъулиятли вазифаларимни самарали бажаришимда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
– “Чиммос” маҳалласининг портретини қандай тасвирлаган бўлардингиз? Маҳаллада кимлар истиқомат қилади, нимадан даромад топади (у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари, йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз)?
– “Чиммос” МФЙда 25,5 км ички йўллар мавжуд. Маҳалламизнинг асосий драйвери узумчилик ва чорвачилик ҳисобланади. Ҳудудимизда 2-сонли ихтисослаштирилган мактаб, 1 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, “IТ шаҳарчаси” ҳамда оилавий шифокорлик пункти фаолият юритади.
Ишлаб чиқариш соҳасида эса “Зарафшон текстил” МЧЖга қарашли 500 ўринли тикувчилик фабрикаси ҳамда хитойлик инвесторлар томонидан барпо этилган маҳаллий хомашё – гранит тошларига ишлов бериш цехи муваффақиятли ишлаб келмоқда. Бугунги кунда маҳалладаги 509 та хонадонда 558 та оила истиқомат қилади ва аҳолининг умумий сони 3010 нафарни (шундан 1354 нафари хотин-қизлар) ташкил этади.
Маҳалладаги аҳолининг асосий қисми корхона ва ташкилотларда ишлайди. Шу билан бирга, тадбиркорлик билан шуғулланади, икки юздан зиёд киши узумчилик, уч юзга яқини чорвачилик билан банд. Мавсумий ишларда юздан ортиқ фуқаро меҳнат қилса, юздан зиёд аёл тикувчилик билан машғул.
– Йўл бошида нима энг қийин бўлди ва сиз уни қандай енгдингиз?
– Йўл бошидаги энг катта қийинчилик – одамлар ишончини қозониш ва уларнинг муаммоларига тўғри ечим топиш эди. Бунинг учун аҳоли билан очиқ мулоқот қилдим, ҳар бир мурожаатни жойига чиқиб ўргандим. Муаммоларни идоралар билан биргаликда ҳал қилиш орқали натижаларга эриша бошладик ва шу баробарида менга нисбатан ишонч орта борди.
– Сиз бевосита танишиш, сўров ва ўрганишлар ўтказиш орқали маҳалланинг аҳволидан доимий равишда яқиндан хабардор бўлиб турасиз. Ўрганишлар натижасида “Чиммос” МФЙда қандай иқтисодий имкониятлар аниқланди, қандай ўсиш драйверлари танланди, нега ушбу йўналишлар танлаб олинди ва ҳозирда нималар қилинмоқда?
– Маҳаллабай ишлаш тизими доирасида хонадонбай сўровномалар, инфратузилмани ўрганиш ва индивидуал мулоқотлар орқали аҳоли муаммоларини бевосита аниқланади. Бу жараён биринчи навбатда муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, ишсизликни камайтириш ва маҳалла инфратузилмасини яхшилашга қаратилган “маҳалла еттилиги” фаолиятининг асоси ҳисобланади. Мавжуд имкониятларни ўрганиш натижасида маҳалламизнинг иқтисодий драйвери сифатида узумчилик ва чорвачилик йўналишлари танлаб олинган. Ҳозирги пайтда маҳалламиздаги 90 фоиз хонадон аҳолиси узумчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келмоқда. Айни пайтда биз уларга ҳар томонлама кўмаклашяпмиз. Асосий эътиборимиз узумчиликнинг самарадорлигини оширишга қаратилган. Шу мақсадда янги навли узум навлари кўчатлари олиб келиниб экилмоқда. Бу эса келажакда аҳолимиз даромадини янада оширишга ҳисса қўшади.
– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ўтган вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?
– Маҳалла аҳолисини тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида 2025 йилда 10 нафар ишсиз фуқаро якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Ушбу ташаббус натижасида ҳудудимиздаги йўл бўйларида бир қатор маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, хусусан, савдо дўконлари, ҳунармандчилик устахоналари ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва ювиш мажмуалари барпо этилиб, ҳозирда муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, маҳаллада меҳнатга лаёқатли аҳоли қатлами салмоқли эканлигини инобатга олиб, уй шароитида кичик ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш энг истиқболли йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Айни пайтда мазкур йўналишдаги мавжуд имкониятлар чуқур таҳлил қилиниб, дастлабки пилот лойиҳаларини амалиётга жорий этиш устида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Юқорида айтганимдек, ҳудуд узумчилик ва чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, 20 дан ортиқ хусусий тадбиркор фаолият юритмоқда. Фақат 2025 йилнинг ўзида 90 нафар ишсиз фуқаронинг 50 нафарга яқини доимий ишга жойлаштирилди. Қолганларига эса 650 млн. сўм имтиёзли кредит берилиб, тадбиркорликни бошлашига кўмаклашилди.
– Бирор эҳтиёжманд оила ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳаётида аниқ ўзгариш қилган ҳолатни келтириб ўта оласизми?
– Маҳалламиздаги боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалардан бирида яшовчи аёлнинг тикувчиликка бўлган қизиқиши қўллаб-қувватланди. Дастлаб у касб-ҳунар курсларига жалб этилди ҳамда унга имтиёзли кредит олишда амалий кўмак кўрсатилди. Шунингдек, фаолият юритиши учун маҳалла биносидан махсус хона ажратиб берилди. Натижада ушбу фуқаро ўз ишини муваффақиятли йўлга қўйиб, яна икки нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлашга эришди. Олиб борилган бундай амалий ишлар самарасида мазкур оила бугунги кунда барқарор даромад манбаини яратиб, тўлиқ ўзини ўзи таъминлаш даражасига чиқди.
– 2025 йил охирида “Чиммос” МФЙда IT-шаҳарча барпо этилганди. Янги маскан маҳалла ёшларининг ўқиш ва касбга ўрганишига қандай ёрдам бермоқда?
– “Чиммос” маҳалласидаги “IT-шаҳарчаси”да таълим жараёни илғор хорижий тажрибалар асосида йўлга қўйилган. Ҳозирда бу ерда 6 нафар малакали мутахассис томонидан 216 нафар маҳаллий ёшларга дастурлаш, график дизайн, компьютер саводхонлиги ҳамда инглиз ва бошқа чет тиллари бепул ўргатилмоқда.
Ушбу маскан 2022 йилда Нуробод туманининг Оқсой маҳалласида республикамизда илк бор амалга оширилган “IT-Village” концепцияси доирасида барпо этилган бўлиб, 35 сотих майдонни эгаллайди ва энг сўнгги технологиялар билан тўлиқ жиҳозланган. Марказга ўқувчилар 12 ёшдан қабул қилинади ва дастлабки синовлардан муваффақиятли ўтган иқтидорли ёшлар махсус IT курсларига саралаб олинади.
Бугунги кунга қадар 110 нафар ўқувчи компьютер саводхонлиги йўналишини муваффақиятли тамомлаб, тегишли сертификатларга эга бўлди. Бундай замонавий шароитларнинг яратилиши уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуддаги ижтимоий муҳитга ижобий таъсир кўрсатиб, ёшларнинг келажакка бўлган қатъий ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Чиммосдаги “IT-шаҳарча” маҳалла ёшларининг тараққиёт драйверига айланишига ишонаман! Умуман олганда, аҳоли салоҳиятини юзага чиқариш – муқаррар юксалиш кафолати!
– Ҳудудингиз аҳолиси орасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– Маҳалламизда ҳозирги кунда камбағаллик даражаси 1.3 фоизни ташкил этади. Камбағал оилаларга имтиёзли кредитлар, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари камбағал оилаларнинг даромади оширилса, бундай оилалар янада камаяди. 2026 йил якунига қадар “Чиммос” МФЙда камбағал оилалар қолмаслигига ишонаман.
– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми?
– Маҳалламиз аҳолиси асосан имтиёзли кредитлар олиш орқали тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳамда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш масалаларида кўмак сўраб мурожаат қилади. Келиб тушаётган ушбу талаб ва таклифларни ижобий ҳал этиш мақсадида, мавжуд барча имконият ҳамда ресурсларимизни тўлиқ сафарбар этишга алоҳида эътибор қаратамиз.
– Ишсизликни қисқартириш бўйича маҳаллада қандай инновацион ёндашувлардан фойдаланилди?
– Ишсизликни қисқартиришда самарали бўлган инновацион ёндашувлар – хонадонбай аҳоли салоҳиятини ўрганиш, малакали касб-ўқитиш курсларини ташкил этиш ва аҳолини кичик тадбиркорликка йўналтиришдан иборат. Шунингдек, маҳаллаларда кооператив ва ҳамкорлик платформаларини жорий қилиш орқали маҳсулот ва хизматларни бозорга чиқариш имкониятлари яратилди. Бу чоралар фуқароларни ўзини ўзи таъминлайдиган даражага чиқаришда аниқ самара берди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини такомиллаштириш учун аҳоли билан мулоқотни рақамлаштириш ва маълумотларни тизимли йиғиш муҳим. Шу билан бирга, касбга ўқитиш ва тадбиркорлик дастурларини маҳаллаларда самарали йўналтириш, имтиёзли кредит ва субсидияларни аҳолига тезкор етказиш керак.
Ҳоким ёрдамчиси сифатида менга электрон тизимлар, маълумотларни таҳлил қилиш бўйича тренинглар ва маҳалладаги имкониятларни тезкор баҳолаш учун зарур ресурслар ёрдам берса, иш самарадорлигини сезиларли ошириш мумкин, деб ўйлайман.
– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлардингиз?
– Агар бюджет, вақт ва ресурсларга чеклов бўлмаса, маҳалламизда ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни бир вақтда таъминлайдиган интеграциялашган лойиҳани амалга оширган бўлардим. Бу лойиҳа доирасида кичик тадбиркорлик ва уй шароитида ишлаб чиқаришга замонавий марказлар очилади, аҳоли касб-ўқитиш ва малакани ошириш курсларига йўналтирилади, болалар ва ёшлар учун таълим ва спорт инфратузилмаси яратилади. Шу орқали аҳоли даромадини ошириш, ишсизликни қисқартириш ва умумий ҳаёт сифатини яхшилаш мумкин бўларди.
– Ўзбекистон Президентининг маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган ташаббуси “қуйидан юқорига” тамойили асосида ишлаш тизимига ўтиш учун пойдевор бўлди. Сиз ҳоким ёрдамчиси сифатида ушбу ислоҳотнинг маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги аҳамиятини қандай баҳолайсиз? Илгариги ёндашувлар билан солиштирганда, иш услубида қандай принципиал ўзгаришлар бўлди?
– Тан олиш керак, илгариги ёндашувда маҳалладаги ислоҳотлар бўйича ташаббуслар асосан юқори поғоналардан келиб, маҳалла кўпроқ ижрочи вазифасини бажарарди. Жорий тизимда эса маҳалла ислоҳотларнинг асосий бошланғич нуқтаси сифатида шаклланди, десам, адашмайман. Бунда ҳар бир хонадон алоҳида ўрганилиб, муаммолар жойида аниқланади ва шу асосда қарорлар қабул қилинади. Бу эса вақт ҳамда ресурслардан самарали фойдаланиш имконини бериб, умумий натижадорликни оширмоқда.
Иш услубидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида гапирадиган бўлсак, кабинет асосида ишлашдан бевосита хонадонлар билан ишлашга ўтилди, шунингдек, янги тизимда муаммоларни вақтинча енгиллаштириш эмас, балки уларни узоқ муддатли ҳал этиш устувор йўналишга айланди.
Натижада маҳаллада бандлик, ижтимоий ёрдам ва инфратузилмага оид масалалар тезкор ҳамда аниқ манзилли ҳал этилмоқда. Энг муҳими, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончи ортиб, маҳалла амалда фуқаролар манфаатларини ифода этувчи муҳим бўғинга айланди.
– Ўтган йилда маҳаллангизда маҳаллабай тизими доирасида қайси аниқ масалалар ҳал этилди? Хусусан, бандликни таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш ёки хонадонлар билан ишлаш йўналишларида қандай натижаларга эришилди?
– Ўтган йилда маҳаллабай тизимни жорий этишдаги асосий вазифа муаммоларни аниқлашдан тортиб, уларни барқарор ечимга олиб келишгача бўлган тўлиқ механизмни ишга туширишдан иборат эди. Шу жиҳатдан олганда, маҳалламизда қатор аниқ ва амалий натижалар қайд этилди.
Жумладан, бандлик соҳасида ишсиз фуқаролар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларнинг билим ва кўникмаларига мос равишда ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш ёки мустақил бандликни таъминлаш чоралари амалга оширилди. Шу билан бирга, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали қатор оилаларга доимий даромад манбалари яратилди.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида эса кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар ҳамда ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи фуқаролар аниқланиб, уларга нафақа, моддий кўмак ва зарур ижтимоий хизматлар манзилли етказилди. Ҳар бир хонадон кесимида ҳолат ўрганилиб, алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқилди, ижро жараёни мунтазам назорат қилинди ва муаммо тўлиқ ҳал этилмагунча якунланган деб ҳисобланмади. Буларнинг бари маҳалладаги ислоҳотлар самарадорлигини сезиларли даражада оширди.
– Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ушбу ислоҳотнинг миллий даражада институционаллашганини кўрсатади. Шу муносабат билан, сизнинг олдингизга қўйилган устувор вазифалар ва асосий йўналишлар нималардан иборат? Жорий йилда маҳалла аҳолиси инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли билан манзилли ишлаш борасида қайси ўзгаришларни энг аввало ҳис қилиши керак, деб ўйлайсиз?
– Жорий йилдаги иш фаолиятимизнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- даромадли бандликни таъминлаш – ҳар бир ишсиз фуқаро учун унинг салоҳиятига мос иш ўрни ёки барқарор даромад манбасини яратиш;
- кам таъминланган оилаларни боқимондаликдан чиқариш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш;
- ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва ижтимоий фаоллигини ошириш;
- маҳалла инфратузилмасини комплекс ривожлантириш, яъни йўл, сув, электр, газ ва интернет таъминотида тизимли ечимлар жорий этиш;
Бир сўз билан айтганда, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”даги асосий мақсад – маҳаллани фақат яшаш ҳудуди эмас, балки инсон қадри, барқарор даромад ва муносиб турмуш таъминланадиган асосий маконга айлантиришдан иборат.
– 2026 йилда ўз олдингизга маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз? Сиз ишлаётган маҳалла 5 йилдан кейин қандай бўлади, деб ўйлайсиз?
– 2026 йилдаги асосий мақсадим – маҳалламизда тадбиркорлик ва уй шароитида ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли учун касбга ўқитиш ва малакани ошириш дастурларини кенгайтириш, ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш. Шу орқали аҳоли даромадини ошириш ва ишсизликни камайтиришни мўлжаллаганман.
Кейинги 5 йилда, ишонаманки, маҳалламизда аҳоли ўзини ўзи таъминлайди, кичик тадбиркорлик фаоллиги сезиларли ўсади, янги корхоналар ва хизмат кўрсатиш йўналишлари ривожланади, ижтимоий ва иқтисодий муҳит мустаҳкамланади.
Жамолиддин Турдимов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №4/2026
Изоҳ қолдириш