Ишчи гуруҳлар аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, миграциядаги фуқаролар билан ишлаш каби қатор масалалар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида фаолият юритмоқда.
Хусусан, 20-23 январь кунлари давомида ушбу ҳудудларда Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Автомобиль йўллари қўмитаси, “Ўзсувтаъминот” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарлари ва масъуллари иштирокида 200 га яқин сайёр қабуллар ўтказилиб, унда 3 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 1,3 мингги жойида ҳал этилган бўлса, қолган қисми қўшимча ўрганиш талаб этганлиги сабабли масъуллар томонидан назоратга олинди.
Шу билан бир қаторда, Республика ишчи гуруҳи вакиллари аҳоли орасида ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадида жойлардаги ҳолатни маҳаллабай ўрганиб, қатор амалий ишлар олиб борилди.
Жумладан, ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори ҳамда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир, чегара ва олис ҳудудларда жойлашган жами 511 та маҳаллада меҳнат ярмаркалари ўтказилди ва уларда 4 мингга яқин ишсиз фуқаролар бўш иш ўринларига жойлаштирилди.
Тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 834 та лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари билан ҳамкорликда 46 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада 1.8 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланадиган бўлди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида хорижий давлатларда бўлиб турган 20 мингга яқин фуқаролар билан “маҳалла еттиликлари”, сектор раҳбарлари иштирокида он-лайн мулоқотлар ўтказилиб, кам даромад кўраётган мигрантларга қайтиб келса, иш билан таъминланиши бўйича тушунтиришлар берилди. Суҳбатлар натижаси бўйича 169 нафари қайтиш истагини билдирди ва улар алоҳида анзоратга олинди.
Аҳоли турмуш шароитини, ижтимоий инфратузилма ҳолатини яхшилаш мақсадида 16 та маҳаллада жами 7,5 км йўл асфальтлаштирилди, 8,7 км йўллар шағаллаштирилди, 200 та маҳаллада жами 208,1 км узунликдаги электр тармоғи ҳамда 157 та трансформатор таъмирланди, 226 таси техник кўрикдан ўтказилди.
Электр энергияси билан боғлиқ бўлган 289 та, хонадонларни табиий газ билан таъминлашга доир 601 та, кўмир ёқилғиси билан боғлиқ 268 та муаммо бартараф этилди, 160 та маҳаллада газ босими меъёрига келтирилди ва 560 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 59 517 та суюлтирилган газ баллонлар тарқатилди. 45 та маҳаллага 35 дона трансформатор ва 363 дона темир-бетон устун ўрнатилиб 8,6 км электр узатиш тармоғи тортилди.
Бундан ташқари, ҳудуддаги мактаб, боғча ва оилавий поликлиникаларда иссиқлик тизимлари кўздан кечирилиб, иссиқлик тизимини барқарорлаштириш бўйича давлат-хусусий шерикчилик асосида бириктирилган тадбиркорга ҳамда касб-ҳунарга ўргатиладиган синфхоналари бўйича мутасадди раҳбарларга таклифлар берилди.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида чегара ва энг олис ҳудудлардаги 268 та маҳаллада фуқаролар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди ва уларда жами 40 мингга яқин аҳоли иштирок этди. Натижада, 584 нафарига стационар шароитда даволанишга йўлланмалар ҳамда 13 911 нафари бепул дори-дармонлар билан таъминланди. Шунингдек, 579 нафарига стационар шароитда даволанишга ётқизилди ва 94 нафарига даволаниш учун Республика ихтисослаштирилган марказларига йўлланмалар берилди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш