Республика ишчи гуруҳлари томонидан аҳоли кайфиятига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш каби йўналишларда амалий ишлар олиб борилди.
Ишчи гуруҳ таркибига Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси бошчилигида Олий Суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Мудофаа, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа қатор идоралардан масъул раҳбар ва ходимлар жалб этилди.
Аҳоли муаммоларини тезкорлик ва самарали ҳал этиш мақсадида жойларда 700 га яқин сайёр қабуллар ўтказилиб, уларда 8,5 мингга яқин мурожаатлар келиб тушди. Шулардан 5,5 мингга яқини жойида ўз ечимини топди, қолган қисми эса, қўшимча ўрганиш, вақт ва маблағ талаб қилгани сабабли ижро учун назоратга олинди.
Келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлик, моддий ёрдам, коммунал ва инфраструктура билан боғлиқ масалалар билан боғлиқ бўлди.
Хусусан, келиб тушган мурожаатлар асосида маҳаллаларда 52 км ички йўллар асфальтлаштирилди, шағаллаштирилди, 78,1 км узунликдаги электр тармоғи ҳамда 62 та трансформатор таъмирланди, 503 дона темир-бетон устун ўрнатилиб 47 км электр узатиш тармоғи тортилди.
Республика ишчи гуруҳи вакилларининг хонадонбай ўрганишлари натижасида эса 2 мингдан зиёд хонадонларнинг электр энергияси, табиий газ, кўмир ёқилғиси билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди, 200 га яқин газ тақсимлаш пункти таъмирланди, қўшимча 178 мингта суюлтирилган газ баллонлар тарқатилди.
Бундан ташқари, ҳудудлардаги мактаб, боғча ва оилавий поликлиникаларда иссиқлик тизимлари кўздан кечирилиб, камчиликлари бартараф этилди.
Жойларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида минглаб фуқарларо иш билан таъминланди.
Хусусан, ишсизлик ва камбағаллик даражаси юқори ҳамда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир, чегара ва олис ҳудудларда жойлашган жами 118 та маҳаллада меҳнат ярмаркалари ўтказилди ва ишсиз фуқаролар бўш иш ўринларига жойлаштирилди.
Бундан ташқари, “Ғиждувон тажрибаси” асосида режалаштирилган 469 та лойиҳадан 34 таси ишга туширилди ва 735 та янги иш ўринлари яратилди.
Тижорат банклари томонидан “Сайхунобод тажрибаси” асосида жами 113,9 млрд сўм миқдоридаги 4,9 мингта микролойиҳалар амалга оширилди ва 11 мингга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 1,4 мингга яқин фуқароларга жами 23,5 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. “Уйчи тажрибаси” асосида “мижозбай” ишлаш орқали 5,6 мингдан зиёд фуқарога доимий иш ўрни яратилди.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъуллари томонидан маҳаллаларида хотин-қизлар ўртасида “Қадриятларимиз – бебаҳо бойлигимиз”, “Жаҳолатга – қарши маърифат” каби мавзуларда тарғибот тадбирлари ва спорт мусобақалари ўтказилди, 151 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга тикув машиналари ва асбоб-ускуналар тақдим этилди.
Республика ишчи гуруҳи Сурхондарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида ўрганишларни амалга оширади.
Изоҳ қолдириш