Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юзага келган тошқин оқибатларини бартараф этиш учун давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм ажратилади. Бу ҳақда ва тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати маълумот берди.
Талофат оқибатларини тўлиқ аниқлаш ва уларни бартараф этиш ишлари жадал амалга ошириб борилмоқда. Хусусан, сув тошқинидан Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 10 та маҳалла фуқаролар йиғинида (25 та аҳоли пункти) 4351 та хонадон зарар кўрган. Бунда, хонадонлардан 2570 таси яроқсиз ва 1781 тасига қисман зарар кўргани аниқланган.
Сув босган 25 та аҳоли пунктидан 13 таси сувдан тозаланган, 20 та аҳоли пункти ва уларнинг ҳудудлари чиқиндилардан тозаланди. 4586 та уй чиқиндилардан тозаланиб, сувдан тозаланган хонадонларда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ишларга жами 16 787 нафар шахсий таркиб ва 3 233 та техника жалб этилган.
Жами талафот кўрган экин майдонлар 19,593 минг гектар ташкил этилади. Бунда, 4080 минг га экин майдони сақланиб қолинади ва 15,513 минг гектар майдон бузилиб, унинг ўрнига пахта, полиз ва сабзавот, мош экилиши режалаштирилган. Бу майдонлар бузилгандан сўнг пахтага ажратиладиган экин майдонлари икки баравардан ортиқроққа камайтирилади (7,623 минг гектардан 3,260 минг гектаргача). Талафот кўрган экин майдонлардан 5,361 минг гектари Сардоба туманига, 8,723 минг гектари Оқ Олтин туманига ва 5,509 минг гектари Мирзаобод туманига тўғри келади.
Ҳозирнинг ўзида экиш имконияти мавжуд майдонларга 1 млн. дона сабзавот кўчатларини экиш ишлари бошланди ва 80 га томорқа майдонлари экилди.
Шунингдек, аҳолининг жами 10860 та ҳужжати йўқотилган. Жумладан, 3970 та фуқаролик паспорти ва 2840 та туғилганлик ҳақида гувоҳнома. Бугунги кунга қадар, жами 834 нафар фуқаронинг биометрик паспортлари, 574 та туғилганлик ва 4 та ўлим ҳақидаги, 220 та никоҳ гувоҳномалари тикланди.
Бундан ташқари, дастлабки маълумотларга кўра, 31 719 та уй ҳайвони йўқолгани аниқланган. Шундан 13685 та йирик ва майда шоҳли қорамоллар, отлар, 17 752 та парранда ва 282 та бошқалардир. Айни вақтга қадар тирик ҳолда топилган 5160 та йирик ва майда шоҳли қорамоллар, отлардан 5143 таси ўз эгаларига қайтарилди ва эгаси аниқланмаган 17 таси сақловга олинди.
Шунингдек, мазкур ҳудудларда жами 34 та ижтимоий соҳа объекти, 7 та қабристон, 3 та масжид, 6 та профилактика инспекторларининг хизмат уйлари қисман ва тўлиқ даражада талофат кўргани маълум қилинди. Шу билан бирга, 10 та маҳаллада жами 282 та тадбиркорлик субъектининг 143 та мулки зарар кўрган (53 та юридик ва 90 та якка тартибдаги тадбиркор).
Ҳозирда ушбу объектларда кўрилган зарарларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Юқорида айтиб ўтилган масжидлар ва қабристонларда ҳудудни сувдан тозалаш, санитария ва ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг тўлиқ рўйхати шакллантирилмоқда, уларнинг зарар етган мол-мулк мулкларнинг суғурталанганлигига Молия вазирлиги ҳузуридаги суғурта агентлиги билан ҳамкорликда аниқлик киритилмоқда ҳамда мустақил баҳоловчи ташкилоти томонидан зарар етган объектларни баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.
Сардоба сув омборида юзага келган тошқин оқибатлари ва уларни бартараф этиш мақсадида давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм ажратилади. Ушбу маблағлар қуйидагича тақсимланиши кўзда тутилган:
- Йўллар ва кўприклар қуришга — 390 млрд сўм;
- Ичимлик суви тармоқларини қайта таъминлашга — 163 млрд сўм;
- Хонадонларни таъмирлаш ва янги уй-жойлар массивини барпо этишга — 123 млрд сўм;
- Ирригация ва мелиорация тармоқларига — 100 млрд сўм;
- Ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ва барпо этишга — 85 млрд сўм;
- Электр тармоқлар тизимини тиклашга — 68 млрд сўм;
- Табиий газ тармоқларини тиклашга — 22 млрд сўм;
- Алоқа ва коммуникация тизимларини қайта тиклашга — 13 млрд сўм;
- Аҳоли ҳужжатларини тиклашга — 1 млрд сўм.
Изоҳ қолдириш