Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни халқаро консультантлар – Альфред Гузенбауэр, Александр Квасьневский ва Штефан Фюлени қабул қилди.
Халқаро консультантлар гуруҳининг асосий вазифаси мамлакатимизнинг Евроиттифоқ давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантириш ва кенгайтиришга, ислоҳотлар дастурини амалга оширишда хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этишга, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга, Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилишга, Европа ишбилармон доиралари билан шерикликнинг самарали механизм ва воситаларини шакллантиришга кўмаклашишдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, турли йилларда юксак давлат лавозимларини эгаллаган консультантлар бугунги кунда Европадаги расмий, ишбилармон ва жамоатчилик доираларида юқори халқаро нуфузга эга бўлиб, етакчи консалтинг, инвестиция ва саноат компанияларида ишлаб, салмоқли тажриба тўплаганлар.
Хусусан, «Gusenbauer Projektentwicklung & Beteiligung» консултинг компаниясининг таъсисчиси Альфред Гузенбауэр 2000-йилларда Австрия Федерал канцлери бўлиб фаолият юритган. «Amicus Europae» фонди раҳбари Александр Квасьневский Польша Президенти бўлган. Бугунги кунда «CITIC Europe Holdings» компанияси маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатаётган Штефан Фюле Европа Иттифоқининг кенгайиш ва яхши қўшничилик сиёсати масалалари бўйича комиссари лавозимида муваффақиятли ишлаган.
Учрашувда мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва институционал жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан очиқ ва конструктив фикр алмашилди.
Меҳмонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар дастурини юқори баҳоладилар ва тўлиқ қўллаб-қувватладилар. Айниқса, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитларда олиб борилаётган ижтимоийиқтисодий сиёсатнинг ютуқлари ва аниқ натижалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви сари сезиларли саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилди.
Консультантларнинг Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг узоқ муддатли стратегиясини тайёрлаш, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, мамлакатимизнинг хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли муносабатларини кенгайтиришга доир тавсиялари кўриб чиқилди.
Юртимизда инвестиция муҳитини яхшилаш ва унинг шаффофлигини ошириш, бозор механизмларини кенг жорий этиш ва рақобат муҳитини шакллантириш, банк-молия соҳаси ва капитал бозорини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Консультантлар, шунингдек, иқтисодиётнинг изчил трансформация қилинаётгани ва хорижий капитал учун очиқлиги ортаётгани туфайли Евроиттифоқ мамлакатлари билан инвестиция ва инновациялар борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар шаклланаётганини қайд этдилар.
Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги юксак даражасини сақлаш, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ва амалий мазмун билан бойитиш, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда қабул қилиш ҳамда мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини қўллаб-қувватлаш масалалари устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Савдони либераллаштириш ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ва инвестицияларни кўпайтиришга тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш, бозорларга чиқиш масалаларида ҳамкорлик қилиш механизмлари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида яқин ҳамкорлик ва фаол алмашинувларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди. Яқин истиқболдаги амалий ҳамкорликнинг биринчи галдаги вазифалари ва формати келишиб олинди.
Изоҳ қолдириш