Ўзбекистонда тадбиркорлик фаоллиги кўрсаткичлари ўсишда давом этмоқда

Ўзбекистонда тадбиркорлик фаоллиги кўрсаткичлари ўсишда давом этмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорлик фаоллиги ҳолати таҳлил қилинди. Таҳлил солиқ ва божхона тушумлари, товарлар экспорти, банк кредитлари ҳамда товар-хомашё биржасидаги битимлар динамикасини қамраб олди.

Таҳлил натижалари республика бўйича барча бешта йўналишда ўсиш қайд этилганини кўрсатди.

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида республика бўйича солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 44,3 фоизга ўсиб, 229,1 трлн сўмни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида солиқ тушумларининг юқори ўсиши Тошкент вилоятида (37,3 фоиз), Сирдарёда (32,2 фоиз) ҳамда Тошкент шаҳрида (30,4 фоиз) қайд этилди.

Ҳисобот даврида божхона тушумлари 17,4 фоизга ўсиб, 63,5 трлн сўмни ташкил этди.

Энг юқори ўсиш Қорақалпоғистон Республикасида (74,3 фоиз) кузатилди. Шунингдек, Наманган (43,0 фоиз), Фарғона (34,5 фоиз), Навоий (27,3 фоиз) ва вилоятларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди.

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг товарлар экспорти 12,9 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,2 фоизга ошди.

Экспортнинг энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент (63,1 фоиз), Бухоро (59,7 фоиз), Сурхондарё (50,9 фоиз), вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида (42,6 фоиз) қайд этилди.

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 302,5 трлн сўмга етиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан (6,9 фоиз) ўсди.

Ҳудудлар орасида кредит ажратиш ҳажмининг сезиларли ўсиши Самарқанд (41,7 фоиз) ва Андижон (31 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39,7 фоизга ўсиб, 147,9 трлн сўмни ташкил этди.

Энг юқори ўсиш Сурхондарё вилоятида (120,4 фоиз) қайд этилиб, бунда пахта толаси, бензин ва дизель ёқилғиси савдолари асосий ўрин тутди.

Бухоро вилоятида битимлар ҳажми (98,5 фоиз) ўсди. Бунда қурилиш материаллари, дизель ёқилғиси ва газ конденсати савдолари ажралиб турди.

Навоий вилоятида ўсиш (48,2 фоиз) қурилиш материаллари, дизель ёқилғиси ва минерал ўғитлар савдоси билан боғлиқ бўлди.

Тошкент шаҳрида биржа битимлари ҳажми (48,6 фоиз) ошди. Асосий товарлар қаторида рангли металлар, дизель ёқилғиси ва пахта толаси қайд этилди.

Зарина Қосимова

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар