Сирдарё вилояти ҳокимининг аҳолига мурожаатининг лингвистик таҳлили

Сирдарё вилояти ҳокимининг аҳолига мурожаатининг лингвистик таҳлили

2021 йил 20 декабрда Сирдарё вилоят Халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Сирдарё аҳолисига мурожаат қилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жиззах вилоят филиали томонидан Сирдарё вилоят ҳокимининг сирдарёликларга мурожаатининг лингвистик контент-таҳлили ўтказилди. Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб вилоятда 2022 йилда асосий эътибор қаратиладиган соҳаларни кўришимиз мумкин.

Вилоят ҳокими ўз нутқида жами 3472 та сўздан фойдаланган. Энг кўп “Янги” сўзини - 20 марта, “Лойиҳа” сўзини – 15 марта, “Ижтимоий”, “Сўз”, “Таълим” сўзларини – 14 марта, “Давлат” сўзини 13 марта, “маҳсулот”, “Объект” ва “Режа” сўзларини 10 мартадан қўллаган. Бундан ташқари, “Инвестиция”, “Экин”, “Қурилиш”, “Аҳоли”, “Гулистон”, “Хизмат”, “Қишлоқ”, “Аёллар”, “Оила”, “Ёшлар” сўзлари ҳам кўп такрорланган.

Мурожаатда асосий эътибор 2021 йил давомида эришилган иқтисодий ўсиш суръатлари, амалга оширилган инвестицион лойиҳалар ва “Обод қишлоқ” дастурининг ижросига ҳамда 2022 йилда вилоятда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишларига қаратилган.

Жумладан, 2021 йил давомида вилоятда бандликни таъминлаш дастурлари ва бошқа тадбирлар асосида 35 542 нафар аҳоли бандлиги таъминланган. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишларида қиймати 4,7 трлн.сўмлик 939 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 13 минга яқин янги иш ўринлари яратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробарга ошган. Йил давомида 217 млн.доллари миқдорида хорижий инвестициялар киритилди.

Вилоятда жами 235,6 млн.долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 трлн. сўмга, экспорт миқдори эса 57 млн. долларга ортишига эришилди.

Йил якуни билан вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 14 трлн. сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Aҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 16,8 млн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 105 фоизга ошади.

Жорий йилда ижтимоий дастурлар доирасида 13 210 та фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига 360,1 млрд.сўм тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ажратилди.

Шундан, “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастурига асосан тижорат банклари томонидан 13 минг нафар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига 351 млрд.сўм кредит маблағлари ажратиб берилди.

Жорий йилда вилоятда 72,5 минг гектар пахта, 85 минг гектар бошоқли дон, қарийб 2 минг гектар боғ ва узумзорлар, 16,5 минг гектар шоли, 14,6 минг гектар озуқа экинлари ва 41,8 минг гектар бошқа экинлар экилди.

Вилоятда қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик йўналишида жами 60 та лойиҳа фаолият бошлади. Бунинг натижасида қарийб 2 731 бош қорамол, 165 минг бош парранда етиштириш йўлга қўйилган бўлса, 350 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 22 та маҳаллаларда жами 85 млрд.сўм маблағлар ҳисобига ижтимоий ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, қурилиш ишлари амалга оширилди. 41 та ижтимоий соҳа объектлари таъмирланди. 139 км ичимлик суви тармоғи, 14 дона сув олиш қудуқлари, 15 дона сув иншоотлари қурилди ҳамда реконструкция қилинди. 19,4 км газ қувурлари жорий таъмирланди ва 103 та газ тақсимлаш қурилмалари техник тафтишдан ўтказилди. 316 км масофадаги электр тармоқлари янгиланди, 94 дона трансформаторлар реконструкция қилинди.

Мазкур дастур амалга оширилиши натижасида 22 та оғир маҳаллалар ва улардаги 18 мингдан ортиқ хонадонларда яшовчи 95 минг нафар аҳолининг турмуш даражаси яхшиланди.

Бугунги кунда “Темир дафтар”га киритилган 1,5 минг нафар меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,4 минг нафари (94,8%) бандлиги таъминланди. 19 минг 353 нафар (93,6 фоиз) ёшлар дафтардан чиқарилди. “Аёллар дафтари”га киритилган 12 381 нафарининг бандлиги таъминланди. Боқувчисини йўқотган 2 985 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга 2,7 млрд сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

2021 йилда 12 та соғлиқни сақлаш объектлари фойдаланишга топширилди. Республикада биринчи марта Сирдарё вилоятида Гулистон тиббиёт кластери ташкил этилмоқда.

279 та янги мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди. Натижада болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 70 фоиздан 80 фоизга оширилди.

2021 йилда вилоятдаги умумий ўрта мактабларнинг 10 фоизи таъмирдан чиқарилди.

Вилоятга 42 минг маҳаллий, 9 минг хорижий, саёҳатчилар ташриф буюрди. 2021 йилда 2 та янги меҳмонхона фаолияти йўлга қўйилди, 4 та хостел ташкил этилди.

2022 йилдаги асосий вазифалар Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 6 ноябрдаги лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз” нутқида белгиланган “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси”нининг 7 та устувор йўналишларини келиб чиқиб белгиланди.

Хусусан, 2022 йилда вилоятда :

- ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўсиш суръатини 108,4 фоизга етказиш, хизмат кўрсатиш ҳажмини 1,5 баробарга ошириш ҳамда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 108,2 фоиз бўлишини таъминлаш;

- вилоят бюджетига белгиланган 1,2 трлн. сўм тушумлар тушишини таъминлаш;

- бандлик дастури доирасида вилоят бўйича жами 52,6 минг нафар аҳоли бандлигини таъминланаш;

- 283 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш;

- Экспорт ҳажмини 295 млн. долларга етказиш;

- инвестиция дастурига мувофиқ 66 та ижтимоий ва инфратузилма объектларда қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Бундан ташқари, 4 та давлат-хусусий шерикчилиги асосида, 106 та оилавий мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади натижада мактабгача таълимга қамров 85 фоизга етади;

- Жаҳон банкининг Ҳалқаро тараққиёт ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига 8 та умумтаълим мактаби, 10 та таълим, 1 та тиббий муассаса, 16 км тоза ичимлик суви тармоғи ҳамда 9 кмга яқин ички йўлларни таъмирлаш ва қуриш 1 та дренаж тизимини реконструкция қилиш;

- Бюджетдан ажратиладиган 41 млрд.сўм маблағлар ҳисобига 10 дона янги сув иншоотини қуриш, 14 донасини реконструкция қилиш ҳамда 171 км сув қувурлари тортилади;

- вилоятда 26 минг гектар, ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп экин майдонларда сув тежамкор технологиялари ҳамда 19,5 минг гектар ер майдонларини лазерли текислаш жорий этилади;

- чорва ва паррандалар сонини, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, наслдор чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш, наслчилик ишини такомиллаштириш ҳамда интенсив усулларда балиқ етиштиришни кўпайтириш;

- келгуси йилда пахта ва ғалладан қисқартириладиган 6 минг 663 гектар майдонлар аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилади.

- Келгуси йилда Гулистон шаҳрида ёшлар ва катталар ўртасида спортнинг аралаш жанг санъатлари тури бўйича “Сирдарё опен” халқаро турнири ҳамда бел олиш ва белбоғли кураш, шунингдек, баходирлар ўйинлари ва тош кўтариш спорт турлари бўйича Марказий Осиё чемпионатлари каби йирик спорт тадбирларни ўтказилади.

Бундан ташқари Янгиер шаҳрида "Янги Ўзбекистон" массиви барпо этилиши доирасида, 2022 йилда 20 та 5 қаватли турар жой биноси, меҳмонхона, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, маҳалла маркази, экобозор, коворкинг марказлари қурилиши режалаштирилган.

Мазкур тадбирларни амалга оширишда янги ташкил этилган 236 та маҳаллада “ҳоким ёрдамчилари”нинг ёрдами билан маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ишларни тизимли ташкил этади.

2022 йилда 21 маҳаллалар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, ундаги 13 800 та хонадонда яшовчи 77 мингдан ортиқ аҳолининг яшаш шароити яхшиланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар