Сурхондарё вилоят ҳокими аҳолига мурожаатида энг кўп қайси сўзлардан фойдаланди?

Сурхондарё вилоят ҳокими аҳолига мурожаатида энг кўп қайси сўзлардан фойдаланди?

2021 йил 20 декабрь куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Т.А.Боболов вилоят аҳолисига мурожаат қилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Қашқадарё вилоят филиали томонидан бу мурожаатнинг лингвистик контент-таҳлили ўтказилди.

Вилоят ҳокими ўз нутқида жами 7712 сўздан фойдаланган. Энг кўп “Туман” сўзини - 100 марта, “Янги” сўзини – 54 марта, “Лойиҳа” сўзини – 46 марта, “Таъминот” сўзини 45 марта, “Аҳоли” сўзини 39 марта ва “Оила” сўзини 34 марта қўллаган. Шу билан бир қаторда, “Мактаб, “Маҳалла”, “Сув”, “Тиббиёт”, “Таъмирлаш”, “Болалар”, “Фуқаро”, “Қурилиш”, “Таълим”, “Кредит” ва “Қишлоқ” сўзлари ҳам кўп такрорланган.

Мурожаатда вилоят ҳокими асосий эътиборни Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган Инсон қадри учунустувор тамойилини амалга ошириш, 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар, хусусан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари динамикаси, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси масалаларига қаратди.

2021 йил якунида вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 110,5 фоизга (6,8 трлн. сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 105,3 фоизга (22,7 трлн. сўм), қурилиш-пудрат ишлари 108,1 фоизга (5,6 трлн. сўм), чакана савдо айланмаси ҳажми 107,2 фоизга (15,7 трлн. сўм) ва хизматлар ҳажми 120,6 фоизга (11,1 трлн. сўм) ўсиши таъминланиши таъкидланди.

Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан жорий йилда жами 5,3 трлн. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилган. Шундан, кичик бизнес субъектларига 2,6 трлн сўм, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 777 млрд. сўм, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш” дастури доирасида 19,3 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди.

Жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ 22 мингта доимий янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, жамоат ишларига 43 минг нафар фуқаро жалб этилди.

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 3,2 трлн. сўмга тенг 1 078 та лойиҳа ишга туширилиб, 9,2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Йилнинг ўтган даврида 256 млн. долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, ўтган йилга нисбатан 129 % ўсди. Саноат маҳсулотлари экспорт ҳажми 172 млн. долларни, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажми 83 млн. долларни ташкил этди.

Аҳолига қулай шароит яратиш учун 1,2 минг километр тупроқ йўлларга тош-шағал ётқизилди. 443 километр ички йўлга асфальт тўшалди. Шундан, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 22,7 млрд. сўм ажратилиб, жами 133,7 километр ички йўллар таъмирланди. Хусусан, 89,5 километр шағал ва 44,2 километр асфалтлаш ишлари бажарилди.

Вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 729 км ичимлик суви тармоқлари тортилди. Ушбу ишлар учун жами 244 млрд. сўм сарфланди. Натижада, 88 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланди ва 142 минг аҳолининг таъминоти яхшиланди.

Табиий газ назорати ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш мақсадида аҳоли хонадонларига 81 мингта янги ҳисоблагич ўрнатилди. Суюлтирилган газ таъминотини автоматлаштирилган тизимга мослаштириш доирасида 444 минг та “ID-карталар” тарқатилди.

Жорий йилда 1,1 минг км электр тармоғи ва 284 дона трансформатор пункти янгидан ўрнатилди ва реконструкция қилинди. 300 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига замонавий электр ҳисоблагич ўрнатилди.

2021 йилда 216 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ушбу ишлар учун 10,4 млрд. сўм маблағлар йўналтирилди.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида 3 босқичда мониторинг қилиш имконини берувчи “Ёшлар дафтари” ягона электрон платформаси ишга туширилди. 46 минг 412 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўргатиш, имтиёзли кредитлар, ер майдонлари ва субсидиялар ажратиш орқали қўллаб-қувватланди.

“Аёллар дафтари”га ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир ҳамда ёрдамга муҳтож 59 минг хотин-қиз киритилиб, уларнинг муаммолари ҳал этиб берилди. Хусусан, 23 минг 700 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 8 минг 900 нафар боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож ногирон болалари мавжуд ёлғиз аёлларга 4,2 млрд. сўмлик бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат грантлари асосида 153 нафар хотин-қиз ўқишга қабул қилинди, 5 минг нафар хотин-қизга табдиркорлик қилиши учун 104 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилди, 122 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушган аёлга уй-жой олиш учун бошланғич бадаллари тўлаб берилди.

Мактабгача таълим тизимини яхшилаш мақсадида давлат инвестиция дастури ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари доирасида 4 та давлат боғчаси, 11 та давлат-хусусий шериклик асосида ҳамда 906 та оилавий боғча ташкил этилди.

2021 йилда жами 712 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан 3 та мактаб янгидан бунёд этилди, 70 та мактабга қўшимча бино қурилди, 19 та мактаб мукаммал таъмирланди, 619 та мактабда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Ўтаётган йилда 33 та умумтаълим мактаблари учун 11,7 млрд. сўмлик мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, спорт анжомлари ва бошқа техник воситалар етказиб берилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 5 минг 600 комплект ўқув партаси билан таъминланди.

2022-2026 йилларда Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурига кўра:

- вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 57 фоиздан 80 фоизга, канализация хизмати билан таъминланиш даражаси 4 фоиздан 22 фоизга етади.

- 20 минг хонадонли 600 дан зиёд кўп қаватли уй-жой қурилиб, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Ангор туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилади.

- 5,5 минг километр паст ва юқори кучланишли электр тармоқлари, 1,5 мингта трансформатор янгидан қурилади ва таъмирланади. Шеробод туманида қуёш ва Ангор туманида иссиқлик электр станциялари ишга туширилади.

- 6 минг километр автомобиль йўллари ва кўчалар, 300 та кўприк қурилиб, таъмирланади. “Дарбанд-Денов”, “Тошкент-Термиз” ва “Душанбе-Термиз” йўналиши бўйича 180 километр автомобиль йўллари реконструкция қилинади.

- 10 та “Мега” лойиҳалар ишга туширилиб, жами 5,1 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 22 мингта янги иш ўрни яратилади.

- тадбиркорликни ривожлантириш орқали 150 мингта янги иш ўринлари яратилади. Бунда кичик бизнес ва ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали, 62 мингта янги иш ўрни ташкил этилади.

- мактабгача таълим билан қамров даражаси 41 фоиздан 62 фоизга етказилади. 47 та давлат ва хусусий шериклик асосидаги, 758та оилавий боғча очилади, 75 та давлат боғчаси таъмирланади.

- 21 та янги мактаб ва 358 та мактабларда янги бинолар қурилади, 116 та мактаб мукаммал таъмирланиб, 96 минг қўшимча ўқувчи ўрни яратилади.

- 3 та янги олийгоҳ ташкил этилиб, вилоят аҳолисининг олий таълим қамрови 25 фоиздан 50фоизга етказилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар