Мамлакатимизда таълим устуворлигини эътироф этган ҳолда, таълимнинг сифати ва эркинлигини таъминлаш, бу соҳада давлат бошқарувининг самарали тизимини яратиш бўйича тизимли ва кенг доирадаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сўнгги беш йилда таълим соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 100 яқин фармон ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 220 дан ортиқ қарорлари қабул қилинди. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг катта қисми ижтимоий харажатлар, жумладан, таълим харажатлари учун ажратилади. 2022 йилнинг 9 ойлигида болалар боғчалари, мактаб, олий ва ўрта махсус ўқув муассасаларини сақлаш харажатларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан 26,4 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бунинг натижасида таълим соҳаси бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, ҳозирда мамлакатимизда янги турдаги ва сифат босқичидаги умумтаълим мактаблари, хусусан Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолият юритмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойлигига мўлжалланган бюджет параметрлари доирасида халқ таълими соҳасига 19,8 трлн. сўм миқдоридаги маблағлар ажратилди. Жумладан:
Умумтаълим мактабларини кенг полосали интернет тармоғига улаш дастурига мувофиқ 4,4 млрд. сўмлик маблағлар ажратилиши натижасида:
- умумтаълим муассасаларида "Электрон таълим" тармоғи учун яратиладиган видеоконтентлар сони 418 тага оширилди;
- компьютер синф хоналаридан самарали фойдаланиш, жумладан ўқитувчиларни маҳаллий ва ҳалқаро оммавий очиқ онлайн курсларга (“Ёш дастурчи” (code.org), “Бир миллион ўзбек дастурчилари” ва бошқалар) 757,3 минг нафар ўқувчилар жалб этилди;
- мактаблардаги ўқитувчилар орасида олий тоифали ўқитувчиларнинг улуши 8,4%га (режа 8%) ва олий маълумотли ўқитувчиларнинг улуши 90,1%га етказилди;
Умумтаълим мактабларини дарсликлар ҳамда бошқа ўқув қўлланмалари билан таъминлаш дастури доирасида 509,0 млрд.сўмлик маблағлар ўзлаштирилиши натижасида:
- тегишли фан бўйича методик қўлланмалар билан таъминланган ўқитувчилар улуши (жами ўқитувчилар сонига нисбатан) 10,8%ни ҳамда дарсликлар ҳамда бошқа ўқув қўлланмалар билан таъминланган ўқувчилар улуши (жами ўқувчиларга нисбатан) 40,9%ни ташкил этди;
- мактаб ўқитувчилари фойдаланишлари учун 409,2 минг нусҳада тегишли фан бўйича методик қўлланмалар ҳамда мактаб ўқувчиларига 17977,3 минг нусҳада дарсликлар ва ўқув қўлланмалар чоп этилди.
Шунингдек, сўнгги йилларда таълим соҳасидаги яна бир энг муҳим ютуғи бўлгана мактабгача таълимнинг сифат жиҳатидан янги тизими яратилди. 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, мактабгача таълим муассасалари кенгайтирилди ва моддий-техника базасини мустаҳкамланди. Агар 2016 йилда республикада 5211 та болалар боғчаси бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 20 мингга яқинлашди, бунда 6 ёш болаларни қамраб олиш даражаси 84%ни ташкил этди.
Мамлакатимизда қамров доираси паст бўлган жойларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 9 ойига мўлжалланган бюджет параметрлари доирасида Мактабгача таълим вазирлиги тизимига 3,9 трлн. сўмлик маблағлар молиялаштирилди. Бунинг ҳисобига:
Давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинадиган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш дастурига мувофиқ 1,7 трлн.сўм йўналтирилиши натижасида:
- нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қатнайдиган болалар сони 661,4 минг нафар (прогноз 552,1 минг)га етказилди;
- оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қатнайдиган болалар сони ва улуши (жамига нисбатан) 502,2 минг нафар ёки 75,9% (режа 76,4%) ташкил этди;
- бир нафар тарбиячига тўғри келадиган тарбияланувчилар улуши 20,7%ни ва болаларнинг ўйин майдонлари билан таъминланиши (бир бола учун тўғри келадиган жой) даражаси 3,3%ни ташкил этди.
Мактабгача таълим тизимида 6 ёшдаги болаларни кенг қамраб олиш дастури доирасида 32,7 млрд.сўм миқдорида молиялаштирилган бўлиб, бунинг ҳисобига:
- 6 ёшдаги болаларни қамраб олиш даражаси (жами 6 ёшгача болалар сонига нисбатан) 588,7 минг нафарни ёки 84%ни ташкил этди;
- 5769 та болалар учун бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлари ташкил этилди;
Шунингдек, Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 87,0 млрд. сўмлик маблағлар молиялаштирилган ҳолда:
- «Болалар боғчаси» мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизими жорий этилган мактабгача таълим ташкилотлари сони 875 тага (режа 472 та) ва улуши 4,1% (прогноз 2,2%)га етказилди.
Худди шундай, олий ва ўрта махсус таълим соҳасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Сўнгги беш йилда нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 67 та янги ОТМлари ҳамда уларнинг филиаллари барпо этилди. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб “Янги Ўзбекистон университети” ўз фаолиятини бошлади.
2022 йилнинг 9 ойлигида олий ва ўрта махсус таълими соҳасига 2,7 трлн. сўмлик бюджет маблағлари ажратилди. Хусусан:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг жорий харажатлари учун 2,5 трлн.сўмлик маблағлар йўналтирилди ва соҳада қўйидаги натижаларга эришилди:
- битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси (жами битирувчиларга нисбатан) 38%га (режа 35%) етказилди ҳамда олий таълимга 190,4 минг нафар (режа 186,7 минг) ўқувчилар кирди;
- олий таълим муассасалари илмий салоҳиятли профессор-ўқитувчиларининг улуши (жами ўқитувчиларга нисбатан) 39%ни ташкил этди;
- олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ахборот тизими орқали бошқариш (олий таълим муассасаларига нисбатан) даражаси 85%га (прогноз 70%) етказилди;
- 33 та нодавлат олий таълим муассасалари (жумладан ДХШ шартлари асосида ташкил этиладиган нодавлат ОТМ) ташкил этилди;
- 1375 нафар профессор-ўқитувчилар хорижда малака оширди ва стажировкадан ўтди ҳамда 13450 нафар профессор-ўқитувчилар илмий даражани қўлга киритди.
«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга амалиёт ўтаган вақтида субсидиялар ажратиш дастури доирасида 0,5 млрд. сўмлик маблағ ажратилган ҳолда:
- 968 нафар «Ёшлар дафтари»га киритилган ўқувчиларга субсидиялар ажратилди ҳамда профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган «Ёшлар дафтари»даги ўқувчилар сони 363,3 минг нафарни ташкил этди.
Давлат-хусусий шериклик ва давлат олий таълим муассасасининг буюртмаси асосида талабалар турар жойини барпо этиш дастури доирасида 43,2 млрд.сўмлик маблағлар ўзлаштирилиб, 2 та янги талабалар турар жойи барпо этилди, турар жойи сиғими 92351 ўринга етказилди ҳамда талабаларни турар жойи билан қамраб олиш даражаси (эҳтиёжга нисбатан) 43,7%ни ташкил этди.
2022 йил сентябрь ойи ҳолатига 17 та (8 та давлат, 8 та нодавлат ва 1 та хорижий) янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, ОТМ сони 117 тага (113 та давлат, 33 та нодавлат ва 31 та хорижий) етказилди. Трансформация дастурига мувофиқ, 17 та ОТМ филиаллари институтга айлантирилди, 8 та институтга университет мақоми берилди ва 8 та ОТМлари бошқа ташкилий-хуқуқий шаклга трансформация қилинди.
Шунингдек, ОТМларининг илмий кадрлар салоҳияти яхшиланиб, уларда фалсафа докторлар (PhD)10 651 нафар (жами илмий кадрларга нисбатан 8%), фан докторлар (DSc) 2 799 нафар (31%) ва илмий даражасиз ўқитувчилар 21 089 нафар (61%)ни ташкил этди. Ҳисобот даврида 1 513 та, шундан фан доктори (DSc) даражасини олиш учун 1 364 нафар (жамига нисбатан 90%) ва фалсафа доктори (PhD) унвони учун 149 та (10%) диссертациялар ҳимоя қилинди. Барча олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларидаги ўқув жараёни Европа мамлакатлари кредит тизими (ECTS) кредит-модуль тизимига ўтказилди. Бунда, 625 та бакалавр таълим йўналишлари ва 634 та магистратура мутахассисликлари бўйича малака талаблари иш берувчиларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилди.
Шунингдек, олий таълимнинг маъмурий ва молиявий бошқарув, ўқув жараёни ва илмий фаолият жараёнларини HEMIS тизимига рақамлаштириш орқали 900 минг нафар талаба ва 34 569 нафар ўқитувчилар (100%) қамраб олинди. Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази маълумотларига кўра, сўнгги 5 йилда 11 990 номдаги янги авлод ўқув адабиётлари яратилди ва нашр этишга рухсат берилди. «Электрон кутубхона» платформаси ишга туширилиб, унга 100 мингдан зиёд номдаги адабиётлар киритилди.
Ушбу даврда 65 номдаги 141 435 дона янги ўқув адабиётлар таълим муассасаларига етказилди. Техникумлар 9 192 номдаги 122 минг нусхада бўлган ўқув материаллари ва 103 минг номдаги электрон ресурслари билан таъминланди.
Қолаверса, йил бошидан бери 30 956ўринли 60та (шундан ДХШ асосида 20 866 ўринли 39та) талабалар турар жойлари барпо этилмоқда. Умумий ҳисобда жами 35 100 нафар талабалар, шундан 12 755 нафар мактаб ва боғчалардаги вакант ўринларига, 11 396 нафар карьера марказлари орқали, 3 914 нафар бўш жойларни ўқув курс ва тўгараклар ташкил этиш учун ижарага бериш ҳисобига, 3 700 нафар олийгоҳлардаги бўш иш ўринларига, 2 522 нафар олийгоҳларда жойлашган тадбиркорлар фаолияти ҳисобига ва 813 нафар ётоқхоналарда хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш орқали, бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, 4695нафар раҳбар ва педагог кадрларни янги методика бўйича малакаси оширилди ва 20 минг нафар педагог кадрлар учун 17 та онлайн семинар-тренинглар ўтказилди.
Профессионал таълимда кадрлар тайёрлаш ва халқаро тажрибани жорий этиш ҳисобига 330 та касб-ҳунар мактабига 105 768 нафар 9-синф битирувчилари (20%) қабул қилинди, 33 647 нафар аҳоли 101 та касблар бўйича қисқа муддатли курсларда ўқитилди. Шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан 3 та методик қўлланма тайёрланди, “дуал” таълим бўйича 603 та корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатилди ва 20 та касбларнинг ўқув режаси ишлаб чиқилди, касб-ҳунар мактабларига 143 нафар, коллежларга 3 431 нафар ва техникумларга 1 439 нафар ўқувчилар “дуал” таълимга қабул қилинди.
Шу билан биргаликда, 296 та касб ва мутахассисликлар таълим дастурлари такомиллаштирилди, 27 та янги касблар киритилди, 7 803 нафар ўқитувчиларнинг малака тоифалари қайтадан кўриб чиқилди ва уларнинг сифат таркиби 9,2%дан 28,7%га кўтарилди.
Олий таълим муассасаларига қўшимча хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан “Ўзбекистонда профессионал таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси (€4,8 млн) бўйича битим тайёрланди, Германиянинг KfW банки билан “Профессионал таълими тизимини такомиллаштириш” (€40,0 млн) ҳамда Кореянинг Эксим банки билан “Профессионал таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизация қилиш” лойиҳалари (€50,0 млн) ишлаб чиқилмоқда.
Келгуси 2023-2025 йилларда таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам изчил давом эттирилиб, халқ таълими, мактабгача таълим ҳамда олий ва ўрта махсус таълими соҳасининг жорий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатлари учун давлат бюджети ҳисобидан жами 140,3 трлн. сўм, шундан 2023 йил давомида 43,6 трлн. сўм, 2024 йилда 46,7 трлн. сўм ва 2025 йилда 50 трлн. сўм миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Жумладан, Халқ таълими вазирлигига жами 95,2 трлн. сўм, шундан 2023 йилда 29,6 трлн. сўм, 2024 йилда 31,7 трлн. сўм ва 2025 йилда 33,9 трлн. сўмлик маблағлар ажратилиши ва бунинг натижасида қўйидаги мақсадли мўлжалларга эришиш режалаштирилмоқда. Хусусан:
- Халқ таълими тизимининг жорий харажатлари учун 2023 йилда 27,8 трлн. сўм, 2024 йилда 29,7 трлн. сўм ва 2025 йилда 31,8 трлн. сўм (2023 йилга нисбатан 114,4% кўп) миқдоридаги маблағлар йўналтириш ҳисобига:
- хорижий тил (инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк) бўйича камида В2 даражадаги халқаро тан олинган ёки унга тенглаштирилган миллий сертификатга эга бўлган хорижий тил ўқитувчилари улушини (жами ўқитувчиларга нисбатан) 2023 йил бошидаги прогноз 21%дан 2025 йил оҳиригача 40%гача ошириш;
- мактабларда олий маълумотли ўқитувчилар улушини (жами ўқитувчилар сонига нисбатан) 2025 йилгача 95%га ошириш;
- мактабларда тоифага эга ўқитувчилар улушини 2025 йилга келиб 55%дан 67%га ошириш кўзда тутилмоқда.
- Умумтаълим мактабларидаги эскирган компьютер синфларини янгилаш учун 2023 йилда 100 млрд. сўм, 2024 йилда 107 млрд. сўм ва 2025 йилда 114,5 млрд. сўм, жами 321,5 млрд. сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш назарда тутилмоқда:
- замонавий компьютер синфи билан таъминланган мактаблар улушини (жами мактаблар сонига нисбатан) 2023 йилдаги 49,9%дан 2025 йилга келиб 60,4%га (2023 йилга нисбатан 30%) ошириш;
- компьютер синфлар сонини 2023 йилдаги 7944 тадан 2025 йилда 9622 тага (2023 йилга нисбатан 1678 та ёки 21%га) ошириш;
- мактабларда янгиланган компьютер синф тўпламлари сонини 2023 йилда 636 тага ва 2025 йил якуни билан 915 тага (2023 йилга нисбатан 279 та ёки 43,9%га) ошириш режалаштирилмоқда.
- Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва бошқа ўқув қўлланмалари билан таъминлаш учун бюджетдан 2023 йилда 920 млрд. сўм, 2024 йилда 984,4 млрд. сўм ва 2025 йилда 1053,3 млрд. сўм, жами 2957,7 млрд. сўм маблағлар ажратилиб, бунинг натижасида:
- янги методик қўлланма билан таъминланган ўқитувчилар улушини (жами ўқитувчиларга нисбатан) 2023 йилда 36%га, 2024 йилда 72%га ва 2025 йилга келиб эса 100%га ҳамда янги дарсликлар билан таъминланган ўқувчилар улушини (жамига нисбатан) 2023 йилда 36%га ва 2025 йил якуни билан 100%га етказиш;
- мактаб ўқитувчиларини 2023 йил давомида 679 минг нусҳа, 2024 йилда 942 минг ва 2025 йилда 818 минг нусҳада бўлган аниқ фанлар бўйича методик қўлланмалар билан таъминлаш ҳамда мактаб ўқувчиларини 2023 йил давомида 55713 минг, 2024 йилда 53946 минг ва 2025 йилда 54450 минг нусҳада ўқув дарсликлари ва қўлланмалар билан таъминлаш режалаштирилмоқда.
- Мактабларда ўқувчиларни спорт билан шуғулланиши ва жисмоний тарбия фанини талаб даражасида ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2023 йилда 62,1 млрд. сўм, 2024 йилда 66,4 млрд. сўм ва 2025 йилда 71,1 млрд. сўм, жами уч йилда 199,6 млрд. сўм миқдорида бюджет маблағлар ажратилади. Натижада, мактаблар спорт жиҳозлари билан таъминланиш даражаси 100%га етказилади ва 10 104 дона янги спорт жиҳозлари тўпламлари билан таъминланади.
Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги тизимидаги ривожлантириш дастурларига жами 25,8 трлн. сўм, шундан 2023 йил давомида 8 трлн. сўм, 2024 йилда 8,6 трлн. сўм ва 2025 йилда 9,2 трлн. сўмлик бюджет маблағлари ажратилиши ҳамда натижада соҳада қўйидаги мақсадларга эришиш режалаштирилмоқда. Жумладан:
- Давлат-хусусий шерикчилик шарти асосида ташкил қилинадиган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун 2023 йилда 2,3 млрд. сўм, 2024 йилда 2,4 млрд. сўм ва 2025 йилда 2,6 млрд. сўм, жами ушбу даврда 7,3 млрд. сўмлик молиялаштириш кўзда тутилган. Бунга кўра:
- 3-7 ёш болаларнинг нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражасини 2023 йилда 26,2%га, 2024 йилда 27,9%га ва 2025 йилга келиб 26,6%га етказиш;
- хусусий мактабгача таълим ташкилотига қатнайдиган болалар сонини 2023 йилда 58,6 минг нафарга, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қатнайдиган болалар сонини эса 2023 йилда 549,9 минг нафарга, 2024 йилда 589,2 минг нафарга ва 2025 йилга бориб 638,5 минг нафарга ҳамда давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қатнайдиган болалар сонини 2023 йилда 127,3 минг нафарга, 2024 йилда 129,8 минг ва 2025 йил якуни билан 132,8 минг нафарга етказиш кўзда тутилган.
- Мактабгача таълим муассасаларида 6 ёшдаги болаларни қамраб олиш даражасини (жами 6 ёшгача болалар сонига нисбатан) 2023 йилда 638,4 минг нафар (90%)га, 2024 йилда 690,6 минг нафар (95%)га ва 2025 йилда 744,5 минг нафар (100%)га етказиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимига 2023-2025 йилларда жами 19,2 трлн. сўм, шундан 2023 йилда 6 трлн. сўм, 2024 йилда 6,4 трлн. сўм ва 2025 йилда 6,8 трлн. сўмлик бюджет маблағлари ажратилади. Бунинг натижасида соҳада қўйидаги натижага эришилади. Хусусан:
- Олий ва ўрта махсус таълим жорий харажатлари учун 2023 йилда 4,9 трлн. сўм, 2024 йилда 5,2 трлн. сўм ва 2025 йилда 5,6 трлн. сўмлик бюджет маблағлари йўналтирилади. Бунинг ҳисобига:
- аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражасини (жами битирувчилар сонига нисбатан) 2023 йилда 42,6%га, 2024 йилда 45,3%га ва 2025 йилда 47,5%га етказиш;
- олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ахборот тизими воситалари орқали бошқарув улушини (ОТМлари сонига нисбатан) 2023 йилда 90%га, 2024 йилда 95%га ва 2025 йилда 100%га етказиш;
илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчиларни 2023 йилда 16 минг, 2024 йилда 20 минг ва 2025 йилга 24 минг нафарга ошириш;
- 2023 йилда давлат олий таълим муассасалари магистратурасида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган хотин-қизлар улушини (жами магистрлар сонига нисбатан) 45%га етказиш, таҳсил олаётган хотин-қизлар сони 2023 йилда 17,8 минг нафарга, 2024 йилда 18 минг нафарга ва 2025 йилда 19 минг нафарга етказиш;
- талабаларни турар жойи билан қамраб олиш даражасини (эҳтиёжга нисбатан) 2023 йил ўқув йилида 50,8%га, 2024 йилда 50,9%га ва 2025 йилда 52,9%гача ошириш;
- 2023 йилда 18 та, 2024 йилда 19 та ва 2025 йилда 20 та янги талабалар турар жойлар барпо этиш ҳамда талабалар турар жойи сиғимини 2023 йилдаги 119,6 минг нафардан 2025 ўқув йилига келиб 135,2 минг нафарга ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида қурилган ва субсидия ажратилаётган талабалар турар жойлари қамров даражасини (умумий жойга нисбатан) 2023 йилдаги 8,4%дан 2025 йилда 11,1%га етказиш;
- "ёшлар дафтари"га киритилган ҳолда субсидия ажратиладиган ўқувчилар сонини 2023 йилда 1200 нафарга 2024 йилда 1500 нафарга ва 2025 йилда 2000 нафарга етказиш;
- 2025 йилга қадар олий тоифадаги ўқитувчилар ойлик иш хақини $1 минг етказиш режалаштирилган.
Ўз навбатида, ОТМларининг ўзини-ўзи бошқариш тизимига босқичма-босқич ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Умумий ҳисобда келгуси 2023 йилда таълим соҳасида ислоҳотларни янада такомиллаштириш мақсадида 2023 йилга мўлжалланган Бюджет қонуни лойиҳасида таълим соҳасига 40,7 трлн. сўм, шундан Халқ таълими вазирлиги тизимига 26,7 трлн. сўм (шундан жорий харажатлар, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун қўйилмалар учун 25,8 трлн.сўм), Мактабгача таълим вазирлигига 8 трлн.сўм (6,5 трлн.сўм) ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 6 трлн. сўм (4,1 трлн.сўм) миқдорида бюджет маблағлари ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш орқали мақбуллаштириш ҳисобига бўшайдиган маблағлар ижтимоий соҳа, жумладан таълим соҳасидаги масалаларни ҳал этишга йўналтирилиши режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш