Ривожланган давлатларда бунга алоҳида эътибор қаратган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбалари учун катта миқдорда хорижий давлатлар инвестициялари киритилади.
Масалан, Хитой, Германия, Япония, Бразилия, Италия, Австралия, Ҳиндистон каби давлатларда қуёш ва шамолдан электр энергияси ишлаб чиқаришга катта сармоялар тикилмоқда.
Бир пайтлари Халқаро энергетика агентлигининг ижро директори Фатих Бирол: “Қайта тикланувчи энергия (ҚТЭ) манбалари - дунё энергиясига айланди”, деган эди.
Ҳақиқатан бу соҳа жаҳон давлатлари ичра ривожланиб бормоқда. Айни пайтда қуёш энергиясидан фойдаланувчи энг йирик давлатлар қаторида Хитой (340 ГВт), АҚШ (103 ГВт), Япония (79 ГВт), Германия (62 ГВт) ва Ҳиндистон (57 ГВт) каби давлатлар пешқадамлик қилмоқда.
Шунингдек, Германияда 2024 йилда ҚТЭ – электр энергияси истеъмоли 46 фоизни ташкил этди, 2030 йилга келиб 80 фоизга етказишни мақсад қилдилар.
Президентимиз ташаббуслари ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари станцияларини қуриш ва улардан кенг кўламда фойдаланиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-57- сонли қарори билан мамлакатимизда катта масштабда давлат-хусусий шериклик асосида йирик қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш ишлари бошланди. Жумладан, Бирлашган Араб Амирлигининг (БАА) “Masdar” компанияси томонидан Самарқанд (220 МВт), Жиззах (220 МВт), Сурхондарё (457 МВт), Қашқадарё (500 МВт), Навоий (122 МВт) вилоятларида жами 1519 МВт қуёш ҳамда Навоийда 500 МВт шамол электр станциялари, Бухоро вилоятида “ACWA Power” (БАА) компанияси томонидан 1000 МВт шамол электр станциялари, Хитойнинг “Gezhouba” компанияси томонидан 500 МВт қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилди. Самарқанд шаҳрида “Tepelen Group” компанияси томонидан 2023 йил октябрь ойида 20 МВт қуёш электр станцияси ишга туширилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 4682 МВт бўлган 12 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 5 та шамол электр станцияси томонидан 9 млрд кВт соат «яшил» электр энергияси ишлаб чиқарилди (https://yuz.uz/uz/news/ozbekistonda-yashil-energiya).
Натижада, 2 млрд 730 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди ҳамда атмосферага 4 млн тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқишининг олди олинди.
Экологик тоза энергия манбаларига ўтиш, нафақат мамлакат иқтисодиётининг муҳим таянчига, балки экологик барқарорликка эришиш, табиий бойликларни асраш, энг муҳими, аҳоли учун соғлом ва барқарор экологияни таъминлаш манбаига айлангани учун ҳам ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти кундан-кунга ошиб бораётир.
Шунингдек, ўтган даврда (16.02.23 й-29.10.25 й) республика бўйича 138 783 та объектларга жами 1 903 МВт қуёш панеллари ўрнатилди ва тегишли маълумотлар “Яшил энергия” ахборот тизимида тасдиқланди (“Яшил энергия” ахборот тизими).
Ижтимоий соҳа объектлари, давлат идоралари, тадбиркорлик субъектлари бино-иншоотларига, аҳоли хонадонларига, янги қурилаётган кўп қаватли уйларга қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ўрнатиш ишлари “Яшил энергия” ахборот тизими ҳамда жойлардаги Ишчи гуруҳлари (божхона ходимларидан иборат) томонидан назорат ва мониторинг қилиниб, тизимлаштириб борилмоқда.
Натижада, 2 144 та объектга 29 МВт қуёш панеллари ўрнатилмаган ҳолатлар бартараф этилди, 289 та объектга ўрнатилган 6 МВт панеллар ишчи ҳолатда эмаслиги аниқланиб, “Яшил энергия” ахборот тизимида бекор қилинди.
“Яшил энергетика”ни ривожлантириш, қайта тикланувчи манбалардан фойдаланган ҳолда табиий ресурсларни тежаш Ўзбекистон олдидаги энг муҳим ва ҳаётий вазифага айланганини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Жорий йилнинг ўтган даврида (01.01.25 й-29.10.25 й) республика бўйича 40 233 та объектга 918 МВт қуёш панеллари ўрнатилиб, 2025 йил учун белгиланган режа (785 МВт) 117 %га, 3 349 та объектга 1 249 минг литр гелиоколлектор ўрнатилиб, режа (1,2 млн литр) 104%га бажарилди. Хусусан:
– ижтимоий соҳа ва давлат идораларининг 5452 та объектларига 98 МВт (режа 14 821 та объект, 311,7 МВт, ижроси 32 %) қуёш панеллари ва 594 минг литр (режа 297 минг литр, ижроси 200 %) гелиоколлектор;
– кўп қаватли 808 та уйларга 11,9 МВт (режа 1 042 та объект, 12,7 МВт, ижроси 94 %) қуёш панеллари;
– аҳоли бўйича 23 737 та хонадонларга 238 МВт (режа 31 370 та объект, 91,7 МВт, ижроси 259 %) қуёш панеллари ва 255 минг литр (режа 469 минг литр, ижроси 54 %) гелиоколлектор;
– тадбиркорлик субъектларининг 10 236 та объектларга 570 МВт (режа 26 939 та объектга 368,9 МВт, ижроси 155 %) қуёш панеллари ва 400 минг литр (режа 436 минг литр, ижроси 92%) гелиоколлекторлар ўрнатилди (“Яшил энергия” ахборот тизими).
Шунингдек, божхона органларининг 74 та бино – иншоотларига ўрнатилган 4,1 МВт қувватли қуёш панелларидан, ўтган икки ярим йилда жами 8,0 млрд сўм бюджет маблағлари электр энергия истеъмолидан иқтисод қилинди.
Аҳолига яратилган имкониятлардан келиб чиқиб, ходимларимиз ҳам ташаббус кўрсатиб, ўзларининг ёки ота-онаси яшовчи ҳовлиларга жами 1733 кВт қуёш панеллари ўрнатди.
2030 йилга бориб, мамлакатимиз аҳолиси 41 миллионга етиши, иқтисодиёт 2 карра ўсиши кутилаяпти. Бу энергия ресурсларига бўлган талабни ҳозиргидан 1,5 карра оширади. Шу боис қайта тикланадиган энергия манбаларининг инсон ҳаёти ва фаолиятидаги аҳамияти ва долзарблиги ортиб бораверади.
Бугунги кунда фан ва техника йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Амалга оширилаётган тадқиқотлар натижасига кўра, МДҲ давлатлари ичида Россия давлати олимлари томонидан қуёш панеллари томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси 23,3%га, Япон олимлари томонидан 26,3%га етказишга эришилди.
Ўзбекистон қуёш панелини асосини ташкил этувчи кремний моддасига жуда бой давлат бўлишига қарамай, лекин юқори технологиялар мавжуд бўлмаганлиги учун ундан самарали ва сифатли фойдаланиш йўлга қўйилмаган. Бу борада албатта илмий тадқиқот марказлари ва олий таълим лабораторияларини моддий-техника базасини мустаҳакамлаш, илмий-тадқиқот ишларини жадал йўлга қўйиш лозим бўлади.
Бундан ташқари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан олинадиган электр энергиясидан фойдаланишда энергияни сақлаш ва узатишда ҳам кўплаб муаммолар бор.
Буларнинг ечими, албатта “Яшил энергетика”нинг бошқа соҳа ва тармоқларининг жадал ривожланишида ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшиланишида янги драйверга айланади.
Янги лойиҳалар орқали нафақат экологик тоза энергия ишлаб чиқарилаяпти, балки минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда, рақобатбардош энергетика бозори шаклланмоқда.
Бу эса мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда ўзгарувчан глобал бозорга мослашиш имконини бермоқда.
Изоҳ қолдириш