Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли бошчилигидаги делегация Ўзбекистоннинг Хива, Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳарларида бўлди (+фото)

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли бошчилигидаги делегация Ўзбекистоннинг Хива, Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳарларида бўлди (+фото)

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюриб, Хива, Бухоро ҳамда Самарқанд шаҳарларида бўлди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Хива

6 март куни Хива шаҳрига ташриф буюрган туркиялик меҳмонлар тантанали равишда кутиб олинди. Туркия делегациясига Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Aзиз Aбдуҳакимов, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳамроҳлик қилди. Очиқ осмон остидаги музей шаҳар ҳисобланган Хивадаги "Ичан Қалъа" мажмуасида улар учун маданий тадбирлар ташкил этилиб, Хоразм вилояти қўғирчоқ театри жамоасининг "58-Хон" театрлаштирилган томошаси намойиш этилди. Саҳна асари ҳамда асрлар оша илму маърифат маскани бўлган тарихий обидалар меҳмонларда катта таассуротлар қолдирди.

Таъкидлаш жоизки, Туркия билан ҳамкорликда ишланган "Мендирман Жалолиддин" тарихий сериали намойишидан сўнг туркиялик қардошларимизда Хива хонлиги ва воҳа тарихига катта қизиқиш уйғонгани меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Бухоро

Шундан сўнг Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли бошчилигидаги делегация Бухорога ташриф буюрди.

Бу ерда меҳмонлар Пойи Калон мажмуаси, Мир Араб мадрасаси, Лаби Ҳовуз комплекси каби қатор диққатга сазовор масканларда бўлишди. Улар маҳаллий ҳунармандлар билан учрашиб, уларнинг миллий маҳсулотлари билан яқиндан танишишди. Бундан ташқари, Арк қўрғонида театрлаштирилган саҳна кўринишлари туркиялик меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Самарқанд

7 март куни Туркия делегацияси вакиллари Самарқандга келишди ва бу ерда Туркия Республикасининг бош консулхонаси очилишида иштирок этишди. Консулхонанинг очилиш маросимида Туркия ТИВ раҳбари Мевлут Чавушўғли, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов қатнашди.

Самарқанд шаҳрида Туркия Бош консулхонасининг очилиши муҳим аҳамият касб этади. Дипломатик ваколатхонанинг айнан 2021 йилда очилиши эса Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик байрамига ўзига хос туҳфадир. Шу билан бирга, Бош консулхона икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар, туризм соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш ва ҳудудлараро алоқаларнинг ривожланишига ижобий туртки беради.

Таъкидлаш лозимки, 2018 йилда тарихида илк бор «Истанбул-Самарқанд» йўналишидаги авиапарвозлар йўлга қўйилган эди. Пандемия сабабли қўйилган чекловлар доирасида вақтинча тўхтатилган бу рейс яқин вақтларда қайта очилади.

Турк халқида Имом Ал-Бухорий, Имом Ал-Мотурудий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек буюк алломаларимиз бўлган қизиқиш жуда катта, бу қардош мамлакатдан тарихий шаҳарларимизга зиёрат мақсадида келаётган сайёҳлар сони тобора ортмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар икки давлат раҳбарлари – Шавкат Миромонович Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигида мисли кўрилмаган тарзда мустаҳкамланиб, сифат жиҳатидан мутлақо янги поғонага - стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли бошчилигидаги делегациянинг юртимизга ташрифи бу алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишончимиз комил.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар