Ҳукумат қарори (737-сон, 06.12.2021 й.) билан Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, уй-жой шароитини яхшилаш истагида бўлган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар ўзини ўзи бошқариш органи ёки туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига сўровнома-ариза билан мурожаат қилади.
Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ҳар чоракда (чорак биринчи ойининг 15-кунигача) хотин-қизларнинг уй-жойга эҳтиёжмандлик даражасини ўрганиб чиқади.
Уй-жойга муҳтож хотин-қизлар Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингач, кўпи билан 30 кундан ошмаган муддат ичида ижтимоий уй-жойларга ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилади.
Бунда:
- уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ипотека кредити бўйича уй-жойларнинг ҳисобланган қийматининг 15 фоизи миқдорида бошланғич бадал тўлаб берилади;
- туман (шаҳар) ҳокимлиги Комиссия қарори қабул қилингандан сўнг 20 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштириладиган хотин-қизлар билан ижара шартномасини тузади (кўпи билдан 5 йил муддатга);
- ижара шартномаси тузилгандан кейин 5 кун ичида ижтимоий уй-жойни топшириш – қабул қилиш далолатномаси тузилади;
- далолатнома тузилгач, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар 5 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштирилади.
Ижтимоий уй-жойлар муниципал мулк ҳуқуқи асосида туман (шаҳар) ҳокимлигига тегишли бўлади ва улар бўйича алоҳида ҳисоб юритилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар, кекса ёшдаги ва ўзи ҳаракатлана олмайдиган шахслар устувор равишда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилади.
Ижтимоий уй-жойдан фойдаланганлик учун ижара ҳақи уй-жой умумий майдонидан келиб чиқиб унинг 1 квадрат метри учун:
● Тошкент шаҳрида 1 йилга БҲМнинг 2 фоизи;
● Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Ижара шартномасида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ҳар ойда бир маротаба мониторинг олиб борилади.
Изоҳ қолдириш