Фаолиятимни аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга бағишладим

Фаолиятимни аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга бағишладим

Дилдор Маҳмудовна, сиз мустақил Ўзбекистонда “Тадбиркор аёл” ассоциациясини тузган инсон сифатида тадбиркорлик тарихида қоласиз, деб ўйлайман. Бу жараёнда қарийб 20 йил Кенгаш раиси ва ҳозиргача Фахрий раис сифатида фаолият юритиб келяпсиз. Шу давр мобайнида кўзлаган мақсадларингизга қанчалик эришдингиз?

– Дарҳақиқат, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган дастлабки нодавлат-нотижорат ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ташкилотнинг асосий мақсади аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг ижтимоий ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, молиявий, таълим ва ахборот ресурслари билан таъминлашда уларга кўмак кўрсатишдан иборат бўлган.

Анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, биринчи навбатда, ассоциацияда маҳаллаларда яшовчи аёлларни профессионал касбга ўргатиш бўйича ўқув марказларини ташкил этганмиз. Масалан, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида маҳаллий аҳолининг асосан чорвачилик билан шуғулланишини ҳисобга олиб, жундан гилам тўқиш бўйича ўқув марказлари ташкил этганмиз.

Фарғона вилоятининг айрим қишлоқларида аҳолининг пиллачилик билан шуғулланишини ҳисобга олган ҳолда, аёлларни шойи тўқиш ва ипак матолардан маҳсулот тайёрлашга ўргатишда ёрдам кўрсатдик. Бунда асосан учта омилга алоҳида эътибор бердик. Яъни аёл оилада бўла туриб, ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланади, ҳам рўзғор ишлари билан банд бўлади. Учинчи омил уларнинг бизнес билан шуғулланиши ҳисобланади.

Қашқадарё вилоятининг тоғли ва чўл ҳудудларида яшовчи аёллар ва қизларни тикувчилик ва ошпазликка ўқитиш бўйича ўқув маркази ташкил этганмиз. Ҳозирда Шаҳрисабз, Деҳконобод аёллари томонидан тайёрланган миллий либосларга нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам талаб ортмоқда.

Аслида тадбиркорлик аёл зотининг қонида бор. Хадича разияллоҳу анҳу онамизни эсланг, қандай катта тадбиркор бўлганлар. Бутун мол-мулкларини ислом динининг тараққиёти йўлида сарф қилганлар.

Тадбиркорлик менга ҳам бевосита қондан ўтган. Ота-боболарим катта тадбиркорлар бўлишган. Аждодларим Туркистоннинг билимли, маърифатли ва бадавлат кишиларидан эдилар. Бобомнинг Остона, Петропавловск, Омск, Томск каби шаҳарларда икки қаватли катта уйлари бор эди. Улар Россия ва Марказий Осиё ўртасида савдо-сотиқни йўлга қўйишга ҳисса қўшганлар. Мен ҳам токи ассоциацияни тузгунга қадар бу йўлнинг анчагина пасту баландликларини босиб ўтганман. Ўз ўрнида, бу соҳанинг ўзига хос қийинчиликларини ҳам бошдан кечирганман.

Шу боис, ассоциацияни тузишдан асосий мақсадим – ўзимга ва шахсий бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган аёлларга ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини кенгайтириш, ҳуқуқий-иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш эди. Шу сабабли уюшма фаолиятида аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни иш билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги аёлларнинг меҳнат ва ўқиш шароитини янада яхшилаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш масаласига катта эътибор қаратганмиз ва жамиятда аёлларнинг бошқарувчанлик қобилиятини ошириш учун ҳам қаттиқ курашиб келяпмиз.

Тадбиркорнинг ташриф қоғози

Алимбекова Дилдор Маҳмудовна 1954 йил туғилган. Тошкент халқ хўжалиги институтини тугатган. 1975-1982 йилларда Бутуниттифоқ аҳоли эҳтиёжини ўрганиш институтида кичик илмий ходим, 1982-1987 йилларда Енгил саноат вазирлиги “Ўзбекистон” бирлашмасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган. 1987 йил Ўзбекистонда биринчи хусусий фирмани ташкил этган. 1991 йил 4 январьда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясини тузган, 2011 йилгача унинг кенгаши раиси ва ҳозиргача фахрий раис сифатида фаолият юритади. Мамлакатимизда минглаб аёлларни тадбиркорликка ўргатган.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси, Тошкент шаҳар жамоатчилик кенгаши аъзоси, 2011 йилдан ҳозирги кунгача Ўзбекистон микромолия институтлари миллий ассоциациясининг раиси.

Икки фарзанди ва беш невараси бор. Қизи – Шораҳмедова Дилноза “Яйра тур” фирмаси директори, ўғли – Шораҳмедов Шоҳруҳ тадбиркорлик ва бизнес мактаби проректори.

Дилдор Алимбекова – халқаро даражада тан олинган ва эътироф этилган шахс. Жумладан, у Тинчлик соҳасидаги “Нобель мукофоти учун 1000 аёл”, БМТнинг “Буюк тадбиркор аёллар галереяси” ва “Дунёни ўзгартирган 100 аёл” рўйхатларига киритилган ягона ўзбекистонлик аёлдир. 2000 йилда БМТ аёллар фондининг (ЮНИФЕМ) “Энг яхши шериклик лойиҳаси” номинацияси ғолиби.

Дунёнинг 90 мамлакати вакиллари орасида “Касб-ҳунар таълими ва микрокредитлаш орқали аёлларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга кўмаклашиш” лойиҳаси ва “Аёлларнинг иқтисодий мавқеини микрокредитлар орқали ошириш” мукофотининг ғолиби бўлган. Ушбу мукофотларни БАА давлат арбоби шайх Ҳамдан бин Рашид ал-Мактум ва Саудия Арабистони шаҳзодаси Талал ибн Абдулазиз топширган.

Дилдор Алимбекова мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган. У Вазирлар Маҳкамасининг Оила ва оналикни муҳофаза қилиш мажмуаси аъзоси; Ўзбекистон парламенти “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”, “Бизнес кафолатлари тўғрисида”, “Кредит уюшмалари тўғрисида” каби қонунлар ҳамда ҳукумат қарорларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар раиси ва аъзоси; “Ўзбекистонда “A” дан “Я” гача корхоналар ташкил этиш”, “Aёллар тадбиркорлигининг муваффақиятли ташаббуслари” статистик тўпламининг ҳаммуаллифи; Жаҳон банки институтининг “Жамият мустақиллиги тармоғини ривожлантириш” компонентида қашшоқликка қарши курашишнинг умумий дастурида лойиҳа бўйича ҳамкор; Европа ҳамжамияти комиссияси лойиҳаcининг миллий координатори бўлган.

“Дўстлик” ордени, “Мустақилликнинг 10 йиллиги” кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фахрий ёрлиғи, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари президентлари, ЕХҲТнинг раислари, нуфузли сиёсатчилар билан учрашган. 180 дан ортиқ халқаро конференцияда қатнашган ва маърузалар қилган.

Ассоциацияни тузиш жараёни қандай амалга оширилган? Дастлабки қадамлар ҳақида гапириб берсангиз?

– Айтиш жоизки, “Тадбиркор аёл” уюшмаси фаолиятини “нол”дан бошлаганмиз. Собиқ шўроларнинг охирги йилларида кўплаб аёллар ишсиз қолган эди. Ўз йўлларини топишда уларга кўмак бериш ниятида ҳаракатни бошлаганман. Ўша пайтда баъзи инсонлар уюшмани ҳукумат ташкилоти деб ўйлар, хусусий корхоналарга ёрдам бериши шарт деб ҳисоблар эди. Ваҳоланки, биз на давлат, на хусусий сектордан субсидия олмай ишлаганмиз. Эсимда, дам олиш кунлари аёллар учун бизнес асослари бўйича дарс берар эдим. Ўз шахсий маблағимдан “Солиқ тўлашни ўрганиш” китобини нашр эттирдим ва аёлларга бепул тарқатдим.

Қийинчиликлар кўп бўлгани рост, лекин таслим бўлмай аста-секин яшаш ҳуқуқимизни, нималарга қодир эканимизни исботлай олдик, деб ўйлайман. Бизни асосан давлат структурасидаги узоқни кўра оладиган раҳбарлар (афсуски, у пайтларда буни тушунмайдиганлар кўпроқ эди) ва Халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлаган, уюшма мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам фаолият олиб борган.

Кўп одамлар билан, хусусан, ёрдамга муҳтож ва осойишта ҳаётдан маҳрум бўлган аёллар билан билан учрашардим. Улар ҳам ўз навбатида менга куч ва далда беришарди. Танлаган йўлимда собит қолиш учун, таъбир жоиз бўлса, қуюқ тиканзорлардан ўтишга мажбур бўлдим. Баҳс ва мунозараларда ўзимга ғанимлар орттирдим. Шунда ҳам қонунларимизни, хусусий мулкчиликка бўлган қарашларни, ишлаб чиқариш ва одамларга бўлган муносабатни ўзгартириш кераклигини исботлаш учун тиним билмай ишладим.

Ҳамон эсимда, 1990 йиллар бошида урф-одатлар ва анъаналарни қайтариш ниқоби остида баъзи кучларнинг мутаассибларча янглиш ғояларни одамлар онгига сингдиришга урингани жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. 70 йил олдин дини, эътиқоди тортиб олинган айрим одамлар ҳақиқатни ёлғондан ажрата олмадилар. Бундай вазиятда аёллар энг ҳимоясиз тоифа бўлиб қолди. Мутаассиблар таъсирига туша бошлаган ёш қизлар бизни алоҳида ташвишга солар эди.

Аёлларни ижтимоий фаолиятдан четлаштиришга уриниш кучайган эди. Айримлар аёлларнинг ўрни уйда, оила ўчоғида, дея уларнинг ижтимоий фаолиятига қарши чиқа бошлади. Тобора кучайиб бораётган ислом фундаментализми худди вулқон сингари мамлакат цивилизацияси ютуқларини ютиб юборишидан хавотирда эдим.

Мен ўз бизнесимни осонликча юритиб, уни кенгайтириб юборишим мумкин эди, лекин катта куч сарфлаб, ҳамфикрларим доирасини кенгайтиришни маъқул кўрдим. Уч йил давомида аёллар қамоқхонасида кўнгилли бўлиб хизмат қилдим, маҳкумаларга профессионал кўникмаларни ўргатиш билан шуғулландим, улар билан концерт дастурлари, ҳаётий спектакллар ташкил этдим – баъзида ўзимга ўзим ҳайрон қоламан. Байрамларда уларга шахсий гигиена воситаларини ҳадя қилардим. Ваҳоланки, уларнинг сони анчагина – 2300 нафар эди.

Нокамтарликка йўйилмаса, шу ўринда БМТнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Лорейн Раффингнинг ушбу фикрини келтирмоқчиман: “Дилдор Aлимбекова Ишбилармон аёллар иттифоқи президенти сифатида аёлларга ҳаётда ўз йўлини топиш ва уни йўқотмасликда ёрдам беради. Бозор иқтисодиётига ўтиш аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари – аёллар, болалар, қариялар ва ногиронларнинг елкаларига оғир юк. Ўзбекистонга Дилдор Aлимбекова сингари аёллар кўпроқ керак”.

1992 йилда ўз маблағим эвазига Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда халқаро аёллар учрашувларини ташкил этдим, ушбу давлатларда ҳам шундай уюшмалар ташкил этишга муваффақ бўлдик. Шундан сўнг, улар мени “Марказий Осиё ишбилармон аёлларининг онаси” деб номлашди. Биз ҳали ҳам дўстона муносабатларни сақлаб қолганмиз.

Аввал бизнес билан шуғуллангансиз ва бу соҳада катта муваффақиятларга эришгансиз. Сизнинг олдинги фаолиятингиз “Тадбиркор аёл” ассоциациясининг муваффақиятига қандай ҳисса қўшган?

– Ҳар бир инсон маълум бир сифати билан ажралиб туради. Мен табиатан жангчиман, нафақат ўз ҳаётим, балки атрофимдагиларнинг фаровон ҳаёти учун ҳам мудом курашаман.

Қайта қуриш даврида “Красная Заря” фабрикасида кооператив очдим. Ишлаб чиқариш чиқиндиларидан аёллар устки кийимларини тикишни йўлга қўйдим. 1987 йили “Время” дастурида Ўзбекистонда илк кичик корхона очилди, деб фаолиятимиз ҳақида лавҳа берилди.

1991 йилдан 2005 йилгача ассоциациямиз аёлларнинг бизнесини бошлаш, уларга кўмаклашиш учун керакли тузилмаларни яратди. Жумладан, Бозор кўникмаларини ривожлантириш ўқув маркази, Бизнес алоқалар ўрнатиш маркази ва бизнес инкубаторлар ташкил этилди. Бу марказлар фаолияти Европа Иттифоқи лойиҳалари ва БМТ кўмагида амалга оширилди.

Ўз кучимиз билан Ўзбекистонда биринчи нодавлат институт – Бозор муносабатларини ўрганиш институти, шунингдек, “Ўзбекинвестбанк”, “Мадад” суғурта компанияси, Хомашё биржаси, Ҳунармандларга кўмаклашиш маркази, “Зумрад”, “Хизмат беминнат” уй хизматларини сифатли бажариш, билим бериш ва иш билан кафолатли таъминлаш маркази, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотларига асос солдик. Ҳатто Тошкентдаги Япон боғи ҳам бизнинг лойиҳамиз эди. Буни бугун кўпчилик билмаслиги мумкин, лекин япон элчисининг лойиҳа учун миннатдорлик хати бизнинг хизматимизни тасдиқлайди.

2005-2010 йилларда нодавлат-нотижорат ташкилотлари, хусусан, ижтимоий йўналишдаги ташкилотлар ҳам босимга учради. Мисол учун, “Тадбиркор аёл” ва Хотин-қизлар қўмитасининг “Қишлоқ аёлларини касб-ҳунарга ўргатиш” лойиҳасини ҳам амалга ошира олмадик. Бундай қийинчиликларни кўрмаган, 2016 йилдан бошланган Янги Ўзбекистоннинг тадбиркор хотин-қизлари давлат улар учун барча шароитларни яратиб бераётганлигини қадрлашлари керак, деб ўйлайман.

– “Тадбиркор аёл” ассоциациясининг иқтисодий-ижтимоий аҳамиятини қандай баҳолаш мумкин? Масалан, у ташкил топган 1991 йилдан бери қанча аёлни бизнесга жалб қилди, қанча бизнес субъектлари ва иш ўринлари яратилди?

– Уюшманинг энг ривожланган даври мобайнида саъй-ҳаракатларимни Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши, фуқаролик жамиятини қуришга йўналтирдик. Мен ассоциацияга бевосита раҳбарлик қилган 1991-2011 йиллар мобайнида 60 минг аёл касбий маҳоратга, 16 минг киши бизнесга ўқитилди, шундан 10 мингдан ортиғи ўз бизнесини очди, депутат, жамоат ташкилотлари раҳбарлари бўлишди.

2011 йилдан кейинги даврда бу рақамларнинг кўлами олдингидан кам бўлмади. 2011 йилда ўз ихтиёрим билан ассоциация Кенгаши раиси лавозимини тарк этдим ва Фахрий раис сифатида қолдим. Бугун баралла айта оламанки, бу қарорга келишим, яъни ўрнимга ҳаммага маъқул феъл-атворли, оқил ва зукко шогирдимни тавсия этганим ҳаётимда қабул қилган энг тўғри қарорларимдан бири бўлди.

Аслида биз бизнесга олиб кирган аёлларнинг сони ўзимиздаги саноқдан анча баравар кўп. Чунки биз 10 мингдан зиёдроқ аёлни ўз тадбиркорлигини очишига замин тайёрлаган бўлсак, уларнинг ҳар бири яна ўнлаб, баъзилари юзлаб аёлларни бу соҳага жалб этди.

Албатта, фаол жамоасиз бундай залварли ютуқларга эриша олмасдик. Биз қўрқмасдан ёши, билими, иш тажрибаси ҳатто мендан-да каттароқ бўлган аёлларни ҳам ишга олардик. Чунки уларнинг ҳар бири ўз ортидан қанчадан-қанча ёшларни тадбиркорликка олиб кирарди.

Бир пайтнинг ўзида иқтидорли, хорижий тилларни биладиган ёшларга ҳам алоҳида эътибор берардик. Улар замонавий бизнес технологияларини тезроқ ўзлаштиришар ва тенгдошларига намуна бўлишарди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёлларни бизнесга жалб этиш борасида амалга оширилаётган қайси тадбирларни муваффақиятли деб ҳисоблайсиз? Яратилган ишбилармонлик муҳитини қандай баҳолайсиз? Бу соҳада бошқа муаммолар борми ва яна нималарни яхшилаш керак?

– Самарали фаолиятнинг сири менимча, мамлакатимизда бугун аёлларга бўлган алоҳида ҳурмат ва эътиборда деб биламан. “Тадбиркор аёл” ассоциацияси каби ташкилотларнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишда ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кейинги йилларда Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишидаги ишларининг ҳажми ва кўлами кескин кенгаймоқда.

Аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш учун мамлакатимизда аёлларнинг иқтисодий имкониятлари билан боғлиқ муаммоларни баҳолаш, инсон ресурсларини ривожлантириш ва малакаларини оширишни такомиллаштириш, аёллар томонидан бошқариладиган бизнесни қўллаб-қувватлаш учун яхлит тизимни яратиш муҳим, деб ўйлайман. Шунингдек, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтирадиган гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, сиёсат, қонунлар, қоидалар ва амалиётлар учун қулай муҳит яратилса, бу борадаги ишлар янада муваффақиятли бўлади. Иқтисодий дастурларда гендерли сезгирлик, яъни аёлларнинг бизнесдаги ўзига хос муаммолари ҳисобга олиниши шарт. Маргиналлаштириш, аёлларга нисбатан камситишлар жамият барқарорлигини камайтиради.

Уйда ва туғруқ таътилига кетганда маошсиз ишлаш аёлларнинг ушбу бозорда тўлиқ иштирок этиш қобилиятига салбий таъсир қилади, кўпинча уларни ишдан кетишга мажбур қилади. Аёлларга барча иқтисодий ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятини яратиш, уларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, аёлларни фан, муҳандислик ва математикага янада кенгроқ жалб қилиш зарур. Яна қизлар ўзлари учун “ноанъанавий” соҳаларда муваффақият қозона олмайди, деган стереотипларни йўқ қилиш керак.

Яқинда хорижлик танишларимдан бири ўзаро суҳбатда аёлларимиздан ҳайратда қолганини айтди. “Мамлакатингизда ўз тақдирини ўзи белгилайдиган қанча аёллар бор! Улар мустақил, муваффақиятларга эришган, ўзларини жуда қадрлашади”, деди у. Ҳақиқатан ҳам шундай – ўзбек аёллари рўзғор ишларини, фарзандлар тарбиясини ва бизнесни бирваракай муваффақиятли олиб бора олишади.

Бевосита ўз бизнесингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Мен дунёнинг ярмини кезиб чиқдим, европалик ва осиёлик аёлларни кўрдим. Шарқ аёллари ҳақида гапирганда, Ўзбекистон аёлларини назарда тутяпман, миллатидан қатъи назар, улар Евроосиё аёллари эканлигини таъкидлаш лозим. Улар Европа ва Осиё маданиятининг энг қимматли инсонларидир, деб бемалол айта оламан.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Сайёҳлик ва туризм иқтисодий ривожланишнинг муҳим драйвери эканлиги маълум. Туризмда янги иш ўринлари яратилиши ижтимоий ривожланишга ҳам эш бўлади. У кўплаб кишилар ва соҳаларни ўз ичига олувчи ижобий циклдир. Туризм хизмат кўрсатишга асосланган иқтисодиётни яратиш ва ривожлантиришни рағбатлантиради ҳамда Тошкентдаги йирик меҳмонхоналардан тортиб, Самарқанддаги кичик хостеллар, халқаро аэропортлардаги бутиклар, Бухоро ва Хиванинг хушманзара кўчаларидаги кичик ҳунармандчилик дўконларигача қамраб олади. У кўникмаларни оширади, ҳам меҳмонлар, ҳам мезбонларнинг билим уфқларини кенгайтиради.

Бугунги кунда аксарият мамлакатларда, жумладан, энг ривожланган мамлакатларда ҳам улкан саъй-ҳаракатлар чет эллик сайёҳларни янада кўпроқ жалб этишга қаратилмоқда. Туризм ривожланаётган мамлакатлар учун, айниқса, пул оқимини оширишда фойдали бўлиши маълум.

Ҳозирда менинг ҳам “Яйра тур” сайёҳлик агентлигим фаолият юритади. Биз ҳам мамлакатимизда ички туризмга жиддий эътибор қаратганмиз. Нафақат хорижий давлатларга, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Хива каби қадимий шаҳарларимизга ҳам доимий равишда дўстларим, қариндошларим ва барча қизиққанларга саёҳатлар уюштирамиз.

Сиз жуда кенг қамровли инсонсиз. Тадбиркорлик, уни ташкил этишдан ташқари адабиёт, санъатга жуда қизиқасиз, шеърлар ёзасиз, китобларингиз чоп этилган. Айтинг-чи, шунча ишга қандай улгурасиз?

– Болалигимдан санъат ва адабиёт жону дилим. Дўстларимнинг ҳам кўпчилигини санъаткорлар, шоиру ёзувчилар, адабиёт, маданият аҳли ташкил қилади. Рақс тушиш, мумтоз ва лирик қўшиқларни тинглаш, улуғ шоир ва адибларимизнинг сара шеърлари ва асарларини ўқиш энг севимли машғулотларим ҳисобланади. Қолаверса, ўзим ҳам кези келганда ички кечинмаларимни, қалб туғёнларимни шеър қилиб ёзаман. Айтганингиздек, ҳаётим, фаолиятим ҳақида китобим ҳам нашр этилган. Албатта, булар менинг қалб эҳтиёжларимдир. Инсон истаги – буюк куч, у истаса вақт топади, қолаверса, мен ҳозир нафақадаман ва бемалол севимли машғулотим билан шуғулланиш имкониятим бор.

Ассоциациянинг бевосита раҳбари бўлиб ишлаган вақтимда ҳам тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган аёлларимиз учун Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда уларни, энг аввало, соҳага оид қонун ҳужжатлари ва адабиётлар билан таништириш учун методик қўлланмалар яратганмиз. Тадбиркорлик фаолиятини бошламокчи бўлган аёлларимиз учун “Корхоналар ташкил этишда “А”дан “Я”гача”, “Аёллар тадбиркорлигининг муваффақиятли ташаббуслари”, Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий мавқеини оширишда кўмак кўрсатиш лойиҳаси доирасида “Аёллар тадбиркорлигининг таҳлилий шарҳи”, тадбиркорлар учун “Маҳсулдорлик ва рақобатбардошлилик” каби ўқув қўлланмалари тайёрлаганмиз ва чоп эттирганмиз. Бизнес билан шуғулланмоқчи бўлган қишлоқ ёшлари учун содда ва равон тилда “Тадбиркорлик алифбоси”ни яратганмиз.

Албатта, бу қилган меҳнатларим, чеккан заҳматларим беиз кетгани йўқ. 2021 йил 25 августда “Дўстлик” ордени билан тақдирландим. Бугун кўнгимнинг туб-тубида ички бир хотиржамлик билан айта оламанки, авваламбор, онажонимнинг кечаю кундуз менга қилган дуолари, улуғ зотларнинг дуоси ва меҳнатларимни қадрлаган одамларнинг саъй-ҳаракатлари билан Президентимизнинг мукофотига сазовор бўлдим. Аллоҳим ҳаммани муроду мақсади сари йўлини очсин, шу қатори мени ва фарзандларимни ҳам ҳамиша ўз паноҳида асрасин!

Тадбиркорлик билан шуғулланишни ният қилган ёш қизларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

– Бу соҳага кирмоқни ният қилган ёш қизларга энг асосий маслаҳатим, етарли билимга эга бўлмасдан ўз бизнесингизни бошламанг. Қай соҳада бизнес очмоқчи бўлсангиз, шу соҳани ўзингиз чуқур ўрганинг, ўзингизда жамоани назорат қилиш ва бошқариш кўникмаларини шакллантиринг. Асосий омиллардан яна бири: ишчиларни ижтимоий муҳофаза қилишни унутманг, даромад топганда савоб ишларни кўпроқ қилинг, сизга бунинг ажри катта бўлади.

Ҳеч қачон жамоангиздаги айрим ходимларга қўшилиб, ғийбатга берилманг. Зеро, ғийбат жамоани руҳан бузади, қолаверса, у катта гуноҳ ҳамдир.

“Бизнес” деб номланган ўйинда муваффақият қозонишни истасангиз, унинг қоидалари асосида ҳаракат қилишингиз лозим. Бугун тадбиркорлик учун барча шароитлар яратилган, имкониятлар эшиги ланг очиқ. Чинакам дориломон кунларда яшаяпмиз. Бу имкониятлардан унумли фойдаланинг. Сиз азиз ёшларга вақт ғанимат, ҳар бир дақиқангизни қадрланг деган бўлардим!

Сўнгги сўз ўрнида. Юқорида Дилдор Маҳмудовнанинг ажойиб шоира эканлиги ҳақида ёздик. Мақолани нашрга тайёрлаш жараёнида у кишининг бир шеърини кўриб қолдим. Суҳбатимизни қаҳрамонимизнинг қуйидаги мисралари билан якунлаймиз:

Умид гулшанининг нурбоғидамиз,
Янги Ўзбекистон гулбоғидамиз.
Тоғдек чўнг ишонч бор қалбларимизда,
Буюк келажакнинг қирғоғидамиз!


Одил Олимжонов, CERR

Янги Ўзбекистон тадбиркори билан суҳбат

"Иқтисодий шарҳ" журнали №6/2024

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар