UzAuto Motors 2021 йил январь ойида Асака заводи фаолиятини тўхтатади

UzAuto Motors 2021 йил январь ойида Асака заводи фаолиятини тўхтатади

UzAuto Motors 2021 йил январь ойида Асака заводи фаолиятини вақтинча тўхтатишни режалаштиряпти. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, бу янги сифат стандартларини жорий қилиш билан боғлиқ.

«Сифат стандартларига бўлган талабнинг ошиши барча Chevrolet моделларига бевосита таъсир қилади, шу сабабли ишлаб чиқаришда барча зарур модернизация жараёнларини амалга ошириш мақсадида 2021 йил январь ойида Асака заводи фаолиятини вақтинча тўхтатиш режалаштирилган», дейилган хабарда.

Шунингдек, компания янги стандартларга жавоб бермайдиган дилерларнинг дилерлик шартномаларини бекор қилинишини маълум қилди.

UzAuto Motors’нинг қайд этишича, дилерлик тармоғи тамонидан тақдим этилаётган хизматларнинг сифати ҳам оширилади ва юқори даражадаги кафолатланган хизмат жорий этилади. Хизматларнинг сифат даражаси кадрларни тайёрлаш, содиқлик дастурларини жорий қилиш, мижозларнинг фикрларини ўрганиш ва бошқа кўплаб амалга оширилаётган ишлар эвазига ошириб борилади.

Компания, шунингдек, SАP (System Analysis and Program Development) дастурий таъминотини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу эса савдо, хизмат кўрсатиш ва маркетинг жараёнларини янада самарали ташкил этишга имкон беради.

«Ушбу ижобий ўзгаришларнинг барчаси келгуси йилга режалаштирилган бўлиб, бу ўзгаришлардан асосий мақсад Chevrolet харидорлари автомобилни ваколатли дилерлардан сотиб олишлари ва уларга хизмат кўрсатиш жараёнидан қониқиш ҳосил қилишлари ҳамда ўзларини биз учун энг муҳим ва қадрли эканликларини ҳис қилишларига қаратилган», дея таъкидламоқда UzAuto Motors.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар