Ўзбекистон Жанубий Кореянинг EDCF фонди орқали 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқчи

Ўзбекистон Жанубий Кореянинг EDCF фонди орқали 1 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқчи

Жорий йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Хон Нам Ки билан видеоконференция шаклида музокаралари бўлиб ўтди.

Муҳокама кун тартибига олий даражадаги ташрифлар якунида эришилган икки томонлама келишувлар асосида инвестициявий, савдо-иқтисодий ва молия-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий масалалари ва истиқболлари, шунингдек, 2020 йилда ўтказилган қўшма тадбирлар натижалари киритилди. Жанубий Корея томонининг фикрига кўра, ушбу музокаралар ҳукумат даражасида мазкур йил бошидан буён ўтказилган биринчи шундай тадбирдир.

Жанубий Корея томони инвестиция соҳасида мавжуд бўлган барча келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга содиқлигини билдирди. Айни пайтда энергетика, нефть-газ сектори, кимё, электротехника ва фармацевтика саноати, машинасозлик, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида янги инвестиция лойиҳалари тўплами шакллангани таъкидланди. Ушбу лойиҳалар бўйича аниқ ташаббускорлар, молиялаштириш манбалари ва рўёбга чиқариш муддатлари аниқлаб бўлинган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластерини барпо этиш, кўп тармоқли замонавий тиббиёт маркази, илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти - Кимё технологиялари марказини яратиш ва Муборак ИЭМни модернизация қилиш ва қайта тиклашдан иборат қўшма ва бошқа бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик механизмлари кўриб чиқилди.

Алоҳида тартибда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармаси (EDCF) Ўзбекистон билан умумий қиймати 1 млрд долларга тенг бўлган 2021-2023 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурига мувофиқ ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Дастур доирасида устувор лойиҳалар белгилаб олинган. Жанубий Корея томони яқин келажакда лойиҳаларнинг амалий татбиқига ўтиш мақсадида уларни келишиш жараёнларини тезлаштиришга тайёрлигини маълум қилди.

Томонлар савдо тўсиқларини олиб ташлаш ҳамда Ўзбекистон ва Корея Республикаси товарларининг икки мамлакат бозорларига чиқишига кўмаклашишга қаратилган самарали чора-тадбирлар кўриш орқали ўзаро савдо айланмасини ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Ҳар икки тараф ўзаро савдони диверсификация қилиш ва унинг ҳажмларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича қўшма амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини баён қилдилар.

Томонлар кенг кўламли соҳаларда ҳамкорликнинг асосий шартлари ва тамойилларига эътибор қаратдилар. Жумладан, Ўзбекистон ва Кореяда ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг икки мамлакат бозорларига киришини таъминлаш, ўзаро савдодаги номутаносибликни бартараф этиш механизмлари, Корея томонининг Ўзбекистонни жадал саноатлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва турли соҳаларда илғор Корея технологияларини жорий этишда амалий ёрдамининг аниқ чораларини ўз ичига оладиган барқарор савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида битимни тузиш масаласида музокара жараёнини бошлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шунингдек, кун тартибида молия-техник соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди - Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг грант маблағларини жалб этган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ўрганиб чиқилди ва уларни келишиш, тасдиқлаш ва ҳаётга татбиқ этиш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди.

Жанубий Корея томони коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш ва пандемиянинг иқтисодий оқибатларини камайтириш бўйича чора – тадбирларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистонга молиявий-техник кўмак кўрсатишда давом этиши маълум қилинди. Жумладан, 25 январь куни Корея Ҳукумати Ўзбекистонда “COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш” дастурини амалга ошириш учун қўшимча грант ажратишга қарор қилди.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва Ўзбекистонда саноатни рақамлаштириш борасида Жанубий Корея тажрибасини жорий этиш музокараларнинг муҳим қисми бўлди. Яқин келажакда инновацион тармоқлар, фермер хўжаликлари, “ақлли” шаҳарлар, рақамли соғлиқни сақлаш хизматларини жорий этиш ва инсон ресурсларини ривожлантиришни қамраб олган рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга, жумладан, Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти экспертларини жалб этиш амалиётини кенгайтиришга келишиб олинди. Экспертлар Ўзбекистон давлат хизматчилари учун тренинглар ўтказишни бошаб юборган.

Видеоконференция якунида белгиланган лойиҳа ва ташаббуслар доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Барча соҳалардаги ишлар тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда икки мамлакат экспертлари даражасида видеоконференциялар шаклида фаол давом эттирилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар