Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳоларига кўра, ЖСТга аъзо бўлгандан кейин савдо харажатларининг қисқариши ва бунинг натижасида ялпи ички маҳсулот ҳамда аҳоли фаровонлигининг сезиларли даражада ўсишини кутиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Нью-Йорк шаҳрида БМТ штаб-квартирасида бўлиб ўтган брифингда баён қилди.
“Хусусан, савдо либераллаштирилган ҳолатда 0,4-0,5 фоиз иқтисодий ўсишга, фаровонликни эса 0,9-1,0 фоиз даражасида оширишга эришиш мумкин”, – деди Обид Хакимов.
Марказ раҳбари бошланган ислоҳотлар курсини давом эттириш муҳимлигини қайд этиб ўтаркан, бугунги кунда Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш тарафдорилигини яна бир бор тасдиқлаган ҳолда савдо ҳамкорларини диверсификация қилиш устида ишлаётганини таъкидлади.
“Аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган импорт божларини либераллаштириш изчил давом этаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу йўналишда Ўзбекистон ЖСТ нормалари ва стандартларига мослашмоқда, шу жумладан, нотариф савдо тўсиқларини қайта кўриб чиқмоқда”, – деди Обид Хакимов.
Марказ директори Ўзбекистоннинг очиқ ташқи иқтисодий сиёсати натижалари ҳақида сўзлай туриб, бу орқали эришилган улкан ютуқлар хусусида гапириб берди.
Обид Хакимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дунёда қизиқиш уйғотди ва маъқулланмоқда. Хусусан, 2017 йилда Европа Иттифоқи билан “тўқимачилик протоколи” кучга кирган бўлса, 2021 йилда Ўзбекистон GSP+ тизимининг бенефициар мамлакатига айланди, 2022 йилда эса Cotton Campaign ўзбек пахтасига очган бойкотни бекор қилди, буларнинг бари барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини кўрсатади.
“Ўзбекистон иқтисодиёти қулай макроиқтисодий шароитлар туфайли 6 йил ичида 53 млрд доллардан 2022 йилда 82 млрд долларга ўсди, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми эса 2018 йилдаги 1 604 доллардан 2022 йилда 2 255 долларга кўтарилди. Очиқ ташқи иқтисодий сиёсат инвестициялар оқимини 3 бараварга – 2017 йилдаги 3,3 млрд доллардан 2022 йилда 9,8 млрд долларгача ошириш имконини берди”, – дея таъкидлади Обид Хакимов БМТдаги брифингдаги чиқишида.
Ўтказилган либераллаштириш натижасида ташқи савдо айланмаси жадал суръатлар билан ўсиб, экспорт имкониятлари ҳам оширилмоқда.
Баҳоларга кўра, кўрилган чора-тадбирлар экспорт ҳажмини 2017 йилдаги 12,6 млрд доллардан 2022 йилда 19,3 млрд долларгача оширишга имкон берди. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар турлари 1,5 мингтадан 3 мингтага, экспорт географияси – 139 мамлакатдан 164 мамлакатга ошди, тайёр маҳсулотлар экспорти икки баравар кўпайди.
Шу билан бирга, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги устувор йўналишларидан бири Марказий Осиё мамлакатлари билан янада яқинроқ, ўзаро манфаатли муносабатлар ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ишлари бўлди, деб ҳисоблайди Обид Хакимов.
Ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро савдо ҳажми 2,6 бараварга – 2016 йилдаги 4,2 млрд доллардан 2022 йилда 11 млрд долларга ошди, қўшма корхоналар сони эса 5 бараварга кўпайди.
Обид Хакимов сўзи якунида “ўтказилган ўзгаришлар мамлакатнинг ислоҳотларга содиқлигидан далолат беради, олинган натижалар эса иқтисодий ривожланиш учун салоҳият юқорилигини билдиради”, – дея таъкидлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов жорий йилнинг 4 декабрида Нью-Йоркда БМТ штаб-квартирасида бўлиб ўтган ”Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш: Ўзбекистон нуқтаи назари” мавзуидаги брифингда нутқ сўзлади.
Брифинг Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг сентябрда бўлиб ўтган 78-сессиясидаги нутқи ва ташаббусларига бағишланди.
Изоҳ қолдириш