Октябрь ойида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан корхоналар ўртасида ўтказилган кенг кўламли сўровлар асосида ҳисобланган ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи ўтган ойдаги кўрсаткичларга нисбатан ўсишни кўрсатди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ҳар ойда кузатиладиган ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи октябрь ойида ижобий ҳолатга қайтди. Август ойида йиғма индикатор кўрсаткичи бирданига 10 пунктга пасайган бўлса, сентябрь ойида эса пасайиш суръати камайган, октябрь ойида босқичма--босқич пасайиш тенденцияси тўхтатилди.
Бир ой давомида ишбилармонлик муҳитининг умумий йиғма кўрсаткичи 4 пунктга ошди ва 57 пунктни ташкил этди (0 пунктдан юқори қиймат ишбилармонлик фаоллигининг ўсишини англатади ва аксинча), бу ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини ижобий деб баҳолайди. Йиғма кўрсаткичнинг ўсишига қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишбилармонлик муҳити кўрсаткичлари динамикаси 14 пунктга ўсиши, қурилиш соҳасида 7 пунктга ва хизмат кўрсатиш соҳасида 3 пунктга ўсиши сезиларли таъсир кўрсатди.
Ишбилармонлик муҳити индикаторининг динамикаси.
Шу билан бирга саноат соҳасидаги ишбилармонлик муҳитининг кўрсаткичи сентябрь ойида 13 пунктга ошганидан кейин сезиларли даражада 7 пунктга пасайишни кўрсатди.
Қишлоқ хўжалик тармоғи корхоналари бизнес юритиш жорий шароитлари энг ишончли яхшиланганлигини қайд этдилар.
Бир ойда бизнес жорий ҳолати баҳоларига 3 пункт қўшилиб, 49 пунктгача ошди, бу эса қишлоқ хўжалигидаги шароитларнинг бирданига 26 пунктдан 51 пунктгача сезиларли даражада яхшилангани билан изоҳланади.
Ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатини "яхши" деб қайд этган респондентларнинг улуши 47%ни, "ёмон" деб қайд этганларнинг улуши 9%ни ташкил этди. Корхоналарнинг 22%и ходимлари сонини кўпайтирди ва 49%и эса ўз товарлари/хизматларига талабнинг ўсишини қайд этди.
Бизнесни ривожлантиришнинг ижобий характерига ва нарх кутилмаларининг бироз пасайишига қарамасдан, респондентларнинг тўртдан бир қисми нархларнинг ошишини кутмоқда.
Келгуси 3 ойда ривожланиш истиқболлари бўйича бизнес кутилмаларини баҳолаш 4 пунктга кўтарилиб, 65 пунктга етди, бу асосан қурилиш соҳасидаги тадбиркорларнинг ижобий баҳолари билан боғлиқ бўлиб, бунда ой давомида оптимизм 25 пунктга ошиб, 59 пунктга етди ва хизмат кўрсатиш соҳасида кутилмаларнинг ўсиши 10 пунктга ошиб, 66 пунктга етди.
Шунингдек, келгуси 3 ой ичида ўз товарлари/хизматлари нархларининг ошиши бўйича бизнес тахминлари 1%га камайганлиги аниқланди.
Талаб ва бандлик бўйича тахминларни баҳолашдаги мувозанат бироз пасайишни кўрсатди.
Кейинги 3 ой ичида бизнеснинг умумий ҳолати яхшиланишини кутаётган тадбиркорларнинг улуши юқори даражада қолмоқда ва 67%ни ташкил қилади. 49%и товарлар ва хизматларга талабнинг янада ошишини кутмоқда ва 22%и ходимлар сонини оширишни режалаштирмоқда.
Умуман олганда, жорий ҳолат кўрсаткичлари ва кутилаётган тахминлар ўртасидаги боғлиқлик иқтисодий ривожланишнинг ижобий тенденцияси кейинги 3 ойда ҳам давом этишини англатади.
Бизнес шароитлари баҳолаш омиллари - молиялаштириш, ер участкалари, электр таъминоти, солиқ юки салбий бўлиб қолди.
Октябрь ойида тўсиқларга дуч келган тадбиркорларнинг улуши 4 фоиз пунктга камайди ва 44%ни ташкил этди. Тадбиркорлар энг долзарб муаммолар сифатида молиялаштириш ва ер олишдаги қийинчиликлар, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар, электр таъминоти ва солиқ ставкаларининг юқорилигини кўрсатмоқда.
Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 8%га, қурилиш соҳасида эса 15%га молиялаштириш билан боғлиқ тўсиқлар камайган бўлса, қишлоқ хўжалиги вакилларидан келиб тушган мурожаатлар сони, аксинча, 4%га ошган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳар ойда ишбилармонлик муҳити, хизматлар ва тадбиркорлик фаоллигини ўрганиш натижалари бўйича бир қатор ахборот-таҳлилий материалларни нашр этади. Сўровлар ва ҳудудлар фаолиятини мониторинг қилиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар ҳолатини қисқа муддатли сифатли баҳолаш амалга оширилади. 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар вақти-вақти билан Trading Economics ахборот порталида эълон қилинади.
Ферузбек Давлетов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Тел.: (+998) 78 150-02-02 (416)
Изоҳ қолдириш