Ватанимиз тараққиёти ва келажак истиқболимизни белгиловчи муҳим ҳодиса

Ватанимиз тараққиёти ва келажак истиқболимизни белгиловчи муҳим ҳодиса

Худди шу, яъни “инсон манфаати ҳамма нарсадан устун”, деган тамойил асосида ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида олиб борилаётган сиёсат, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти яратиш, халқимизнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашга доир ғояларга йўғрилган ва амалда шундай бўляпти ҳам.

Аслида, ҳаётимиздаги ҳар бир ўзгариш муҳим воқеа. Жамиятимиздаги ҳар қандай янгилик зўр бир ҳодиса. Лекин биз кутадиган яна бир ҳодиса борки, унда айтиладиган фикрлар, илгари суриладиган ташаббуслар бутун мамлакат ва бутун халққа дахлдорлиги билан ажралиб туради. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидир. Йилда бир бор бўладиган мазкур Мурожаатнома нафақат қилинган ишлар сарҳисоби, балки қилинажак ишлар, эртанги кунимиз учун муҳим режаларни белгилаш, танлаган йўлимиз истиқболини таҳлил этувчи жуда катта манба, келгуси фаолиятимиз учун дастуриламал ҳисобланади. Бу тадбир халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Чунки ҳар бир Мурожаатномада кейинги йилларга мўлжалланган эзгу мақсадларимиз, режаларимизни аниқлаштириб олинади ва йил бошиданоқ уларнинг ижросига киришилади.

Янада диққатга сазовор жиҳати, ундаги ғоя ва таклифлар айнан одамлар кутаётган, ҳаётимизни янада яхшилишга, мамлакатимизни бундан-да тараққий эттиришга қаратилган масалалардир. Ундан барча тармоқ ва йўналишларга оид саволларга жавоб топиш мумкин.

Шундай. Ўзбекистонда бу тадбир анънага айланган. 2017 йилдан буён тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янаги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар айнан Мурожаатнома орқали эълон қилинади. Шу жиҳатдан олганда, унга бутун халқимиз, жамоатчилик, хориж давлатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар катта қизиқиш билан қарайди, десак асло муболаға эмас.

Президентимизнинг жорий йилги Мурожаатномасида ҳам аввалгиларидек, 2023 йилга режалаштирилган улкан мақсад ва режаларимиз, мақсадларимиз батафсил келтириб ўтилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ўз олдига олдига қўйган вазифаларни чуқур таҳлил қилиб берди.

Эркин ва фаровон яшаш кафолати

Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ кафолатланган. “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” ғояси асосида шаккланган ушбу тамойил туфайли одамларимиз доимий ҳимояда. Уларнинг дарду ташвишини енгил қилишни мамлакат ўзининг энг устувор ва долзарб вазифалари сифатида ўз зиммасига олган. Бинобарин, икки йил аввал Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий стратегияси қабул қилиниб, тарихда биринчи марта мамлакатимиз БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланиши ана шу саъй-ҳаракатлар мевасидир.

Бу — бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар бутун шакл-шамойил-ю, амалий ижроси билан одамлар учун эканлигини ва бу ишлар халқаро миқёсда тан олинаётганинини англатади.

Бу — сўнгги беш йилда янада юқори марраларни кўзлаган Янги Ўзбекистоннинг янгича сиёсати самараси. Ҳаётнинг ўзи исботлаётган бугунги кун ҳақиқати.

Бу — одамларни асосий бойлик сифатида қадрлайдиган, эъзозлайдиган мамлакат ривожининг бош мезони. Зеро, Президентимиз навбатдаги Мурожаатномасида сўзни Ўзбекистон нуфусидан бошлагани ислоҳотлар бундан кейин ҳам аҳоли фаровонлиги йўлида қатъий давом эттирилишини билдиради.

Буни Президентимизнинг “Беҳисоб шукур, бу йил аҳолимиз 36 миллиондан ошди. Ҳар йили сафимизга қарийб 900 минг янги авлод қўшилмоқда.

Бизнинг энг катта бойлигимиз бу — аҳолимиз. Уларни асраб-авайлашимиз зарур.

Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш учун тинимсиз изланаяпмиз”, деган сўзларидан ҳам англаш қийин эмас.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, ижтимоий масалалар — иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсатига ҳам алоҳида тўхталди. Яъни бу йил Ўзбекистон тарихида илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Масалан, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баравар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етган.

Муҳими, бу жараён тўхтаб қолмайди, аксинча, изчил ва фаол равишда давом эттирилади. Нимага асосланиб, бундай фикрлаяпмиз? Бунинг жавоби ҳам Мурожаатномада аниқ ва лўнда қилиб айтилди. Аниқроғи, Президентимиз томонидан 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилишининг ўзиёқ, бундан буёғига ҳам Ўзбекистонда ўзгариш ва янгиланишлар, ислоҳотлар, олиб борилаётган сиёсат марказида инсон ва унинг манфаати устувор мақсад ҳамда вазифа бўлиб қолишидан, бу давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, шу муқаддас заминда, юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қилинаётганидан далолатдир.

Бунга яна бир далил сифатида Президентимизнинг “...Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қилаяпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак. Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир" деган фикрларини ҳам келтириш мумкин.

Илк бор эришилган натижалар

Аҳамият берган бўлсангиз, Мурожаатномада “илк бор” деган жумла бир неча бор такрорланди. Бу ҳозирги пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий, сиёсий инқирозлар шароитида ҳам Ўзбекистонда оқилона ва одилона юритилаётгани, буни халқаро ҳамжамият кенг эътироф этаётганидан дарак беради. Жумладан, жорий йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошган. Иқтисодиёт тармоқларига 8 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниб, экспорт ҳажми 19 миллиард долларга етган.

Биламиз, Ўзбекистон азалдан дунё савдогарлари, ишбилармону тадбиркорларининг эътиборини ўзига тортиб келган. Бунда қадимий Буюк ипак йўлининг аҳамияти катта бўлган.

Бугун ҳам Ўзбекистон ўзининг географик жойлашувига кўра, Шимол ва Жанубни, Ғарб ва Шарқни магистрал транзит коридорлари орқали боғлаб турувчи Марказий Осиё минтақасининг ўзаги ҳисобланади. Ҳозир дунёда кузатилаётган вазият транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантириш ва ташқи савдо юклари ташилувчи маршрутларни деверсификация қилишда умумий ёндашувларни талаб этмоқда. Ўзбекистонда муқобил транспорт йўналишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан ҳамкорликда халқаро юк ташувларни янада енгиллаштириш, рақамли технологияларни жорий қилиш ҳамда минтақанинг транзит салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар шулар сирасидан. Бунда Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури муҳим аҳамият касб этмоқда.

2021 йилда Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо мамлакатлар билан ташқи савдо айланмаси 8,3 миллиард долларни ташкил этди, шундан экспорт ҳажми 3,1 миллиард долларни, импорт ҳажми 5,3 миллиард долларни ташкил этди.

Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан 2021 йилда юк ташиш ҳажми 27,6 миллион тоннани ташкил этган бўлиб, шундан 80 фоиздан ортиғи темир йўл, 18 фоиздан ортиғи эса автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келган.

Таъкидлаш керакки, Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа трансконтинентал йўналишлар туркий давлатлар орқали ўтади. Шунинг учун уларнинг бирлашуви ва интеграциялашуви нафақат транзит юк ташиш ҳажми ошишига олиб келади, балки Евроосиё қитъасининг барча мамлакатлари ривожланишига фаол ҳисса қўшади.

Ўзбекистонда кейинги йилларда ҳудудларни бир-бирига боғлай оладиган янги транспорт коммуникацияларини барпо этиш бўйича фаол ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳам диққатга сазовордир. “Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” ҳамда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўллари қурилиши лойиҳалари шулар жумласидан.

Бундан ташқари, минтақа давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон” ҳамда “Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия - Европа” янги мултимодал транспорт йўналишлари ишлаб чиқилди. Яқинда, яъни шу йилнинг 16 декабрь куни ана келишувлар натижасида Олмалиқ кон-металлургия комбинати юклари ортилган биринчи контейнер блок поезди Болгариянинг Бургас портига юборилди. Бу фикр ва рақамларни нимага келтиряпмиз? Мамлакатнинг халқаро доирадаги алоқалари, жаҳон бозор билан интеграциялашуви ана шундай ҳамкорликларга бевосита боғлиқ.

Бундан ташқари, охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар барпо этилган. Гап бунёдкорлик ҳақида кетар экан, лойиҳалари аҳоли билан маслаҳатлашган ҳолда ишлаб чиқилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларидаги ишларни алоҳида таъкидлаш зарур. Бинобарин, ҳозирги кунда республикамизнинг 29 та “Янги Ўзбекистон” массивида 21 минг 312 хонадонга мўлжалланган 619 та замонавий уй-жойлар қад ростлаяпти. Кўп қаватли уйлар ҳамда муҳандислик-транспорт коммуникациялари, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари билан бир бутун комплекс тарзда қуриляпти. Келгуси беш йилда 250 мингдан зиёд оила замонавий қулайликларга эга бўлган уй-жойлар билан таъминланади. Бу ҳам Ўзбекистон сиёсати инсонпарварлик тамойилларига йўғрилганига яна бир мисол бўла олади.

Республикамизда келгуси беш йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмини эса 30 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Агар, 2018 йилда бу кўрсаткич 52 миллиард долларни ташкил этганини, жорий йилда 80 миллиард доллардан ошганини инобатга олсак, биз кўзланган маррани забт этишимизга шак-шубҳа йўқ.

2030 йилгача кўзланган яна бир мақсадимиз бор: Ўзбекистоннинг аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олиши. Бугунги ҳаракатлар шижоати, ислоҳотлар изчиллиги ва фаоллиги ушбу мақсадларга эришишимизга пухта замин яратади.

Инсон капиталига эътибор — доим долзарб ва муҳим

“Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот ё ҳалокат,ё саодат ё фалокат масаласидир”. Маърифатпарвар аллома Абдулла Авлонийнинг бу сўзлари асримиз бошида қанчалик муҳим ва долзарб аҳамият касб этган бўлса, бугун ҳам ундан кам эмас. Чунки инсон камоли учун капитал, аввало, таълим ва тарбия йўли билан йўналтирилади. Сўнгги беш йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиб, ушбу масканларда тарбия олаётган болаларимиз қамрови аввалги 27 фоиздан 67 фоизга кўтарилди.

Бундан ташқари, 200 га яқин янги мактаблар барпо этилди, 3 мингдан ортиқ мавжуд мактаблар эса реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди.

Шу ўтган қисқа даврда 82 та янги университет ва институт, жумладан, 23 та хорижий олийгоҳ ташкил этилиб, олий таълим даргоҳларининг умумий сони 159 тага етди. Натижада мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражаси олдинги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди ва бу йўналишдаги ишларимиз давом эттирилмоқда.

2023 йилнинг Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили сифатида белгиланиши бу борадаги ишлар янада янги босқичда кенгайишида катта яна бир катта қадам бўлади. Бинобарни, Мурожаатномада, биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди.

Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.

“Халқимизда “таълим ва тарбия бешикдан бошланади” деган ҳикматли бир сўз бор. Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди. Шу сабабли, таълим соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизими принципига асосланиши, яъни, таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозим, дея таъкилаганди давлатимиз раҳбари 2018 йилги Мурожаатномасида. 2023 йилнинг айнан сифатли таълим инсон камолига аталгани бу борадаги ишлар изчиллигини, Янги Ўзбекистон сиёсати бугунги руҳи ва аҳамиятини яна бир карра исботлади.

Президент таъкидлаганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим.

Ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади. Яъни Келаётган йилда жойларда 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони 1 мингтага етказилади.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан барча ҳудудларда жорий этилади.

Шунингдек, 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадида уларда янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади.

Кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу туфайли Президент таъбири билан айтганда, янги замон инженерлари тайёрланади.

Кейинги беш йилда боғчалар сони кўпайтирилиб, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш учун дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади. Пировардида, мактабгача таълим соҳасида 7 мингдан зиёд янги муассасалар ташкил этилиб, қамров даражаси ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказилади. Мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўлиқ қайта ишланади ва қўшимча 1 миллион 200 минг ўқувчи учун янги мактаблар барпо этилади, олий таълим соҳасидаги қамров даражаси 50 фоизга етказилади.

Профессионал таълим тизимини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, шунингдек, юқори малакали мутахассисларни замон талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиёт эҳтиёжлари учун IT ва муҳандислик йўналишларига ихтисослаштириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинган.

Ҳар қандай жамият тараққиёти ва истиқболм белгилаб олинган вазифаларга боғлиқ. Шу маънода, кенг дунёқарашли баркамол авлод ҳамда замонавий фикрловчи, чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлган кадрлар ривожланиш гаровидир. Бунда эса таълим-тарбия жараёнининг ўрни беқиёс.

Ўзбекистон ўз олдига Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган. Мурожаатномада келтирилган вазифалар, таклиф ва ташуббуслар миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилишига шубҳа йўқ. Зеро, унда кўрсатилган вазифа мақсадлар жуда кўп. Мақолада уларнинг айримларига тўхталиб ўтдик, холос.

Қаландар Абдураҳмонов, академик

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар