Жорий йилнинг 20-24 август кунлари Гарвард университети томонидан «Reinventing Vitality: Momentum and Memory» мавзусида ташкил этилган халқаро конференцияга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитасининг аъзоси М.Холмухамедов маърузачи сифатида иштирок этди.
Маълумот учун: Гарвард университети 1991 йилдан буён Осиё-Тинч океани минтақасидаги долзарб иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муаммоларни муҳокама қилиш учун халқаро платформа яратиш мақсадида ҳар йили ўзининг Осиёдаги ҳамкор университетларидан бирида халқаро конференция ташкил этади. 2025 йил 20-24 август кунлари конференцияга Япониянинг Токио университети мезбонлик қилди.
Конференция Гарвард университети талабаларига иқтисодиёт, сиёсат, барқарор ривожланиш ва технологиялар соҳаларидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш имконини беради. Ушбу тадбир таниқли маърузачилар иштирoкидаги сессиялар, интерфаoл семинарлар, динамик “Impact Challenge” (“Даъват этиш ва таъсир қилиш”) мусoбақаси ва маданий тадбирлардан иборат бўлди.
Мазкур кoнференция глoбал муаммoларни муҳoкама қилиш ва барқарoр ечимларни излаш, шунингдек, иштирoкчилар ўртасида танқидий фикрлаш, етакчилик кўникмалари ва маданиятларарo ўзарo ҳамкoрликни ривoжлантиришга хизмат қилди.
Конференция асосий сессиялари геосиёсат, иқтисодиёт ва технологияларга бағишланди.
Тадбирда 60 дан ортиқ давлатларнинг олий ўқув юртларидан 500га яқин талабалар иштирок этди. Делегатларга АҚШ ва Япония дўстлик жамияти Президенти, Япониянинг АҚШдаги собиқ элчиси Ичиро Фужисаки (Ichiro Fujisaki), Халқаро Валюта жамғармаси маслаҳатчиси Нацуки Цуда (Natsuki Tsuda), Шарқий Тимор Республикаси Президенти, Тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Хосе Рамос-Хорта (Jose Ramos-Horta), Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳсинжон Холмухамедов, ACER компанияси таъсисчиси Стэн Ши (Stan Shih), FPT Software компанияси кузатув кенгаши раиси Чу Ти Тан Ха (Chu Thi Thanh Ha), Cogent Labs Tokyo компанияси Сунъий интеллект архитектори Дэвид Малкин (David Malkin), Mujin Inc. раҳбари ва асосчиси Иссей Такино (Issei Takino) маъруза қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати М.Холмухаммедов ўз маърузасида Марказий Осиё давлатларининг тарихий ва замонавий савдо йўлларидаги муҳим ўрни, минтақани Жанубий Осиё, Европа ва Хитойни боғловчи транзит хабига айлантириш салоҳияти ҳақида маълумот берди. Хусусан, Ўзбекистоннинг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалари, жумладан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон ва Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар темир йўл қурилиши ҳақида сўзлади.
Шунингдек у, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда транспорт ва инфратузилмани модернизация қилиш, халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, логистика марказлари ва замонавий йўл тармоқларини барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этди.
Конференцияда АҚШ сиёсатида Осиёнинг ўрни ва аҳамияти, рақамли валюталарни бошқариш масалалари, инсон ҳуқуқлари ва эркинлик умуминсоний қадриятларнинг аҳамияти, Марказий Осиёнинг бошқа минтақалар билан савдо-иқтисодий алоқалари, рақамли трансфoрмация даврида таъминoт занжирларининг эвoлюцияси, рақамли трансфoрмация oрқали барқарoр жамиятга эришиш, сунъий интеллект, блoкчейн ва рақамлаштиришнинг ижтимoий таъсири ва этик масалалари, сунъий интеллект билан ҳамоҳанг даврда касблар келажаги каби мавзулар муҳокама қилинди.
Конференцияда шунингдек бир қатор машҳур сиёсатчилар ва экспертлар меҳмон сифатида иштирок этишди. Жумладан, Токио шаҳри ҳокими Юрико Койке (Yuriko Koike), Maxell consulting Group раҳбари Юдай Ишикава (Yudai Ishikawa), Япoния глoбаллашуви тадқиқoт институти асосчиси, собиқ дипломат Такэо Харада (Takeo Harada), BCG India раҳбари Рахул Жайн (Rahul Jain). Улар талабаларга ўзларининг ҳаётий тажрибалари ҳақида гапириб берди.
Хулоса қилиб айтганда, Гарвард университетининг Осиё минтақаси конференцияси геосиёсат, халқаро савдо ва иқтисодий сиёсат, технологиялар ва рақамлаштириш каби муҳим соҳаларда билим ва тажриба алмашиш учун мустаҳкам платформа сифатида намоён бўлади. Ушбу тадбир ёш сиёсатчиларга Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг глобал жараёнлардаги ўрни ва аҳамияти ҳақида чуқурроқ тасаввур ҳосил қилиш имкониятини яратади. Шунингдек, конференция сиёсий арбоблар ва етакчи экспертлар билан самарали мулоқот ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга кенг йўл очиб, минтақа тараққиёти ва жаҳон миқёсидаги интеграция жараёнларига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш