Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан мулоқоти – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг лингвистик таҳлили

Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан мулоқоти – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг лингвистик таҳлили

Тадбиркорлар куни муносабати билан 20 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан тадбиркор ва инвесторлар иштирок этди. Шунингдек, ҳудудий студиялардан мингга яқин бизнес вакиллари ҳам қатнашишди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) мутахассиси давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувда сўзлаган нутқини лингвистик таҳлил қилиб, унда қайси сўзлар кўпроқ қўллангани ва қайси масалаларга асосий эътибор қаратилганини аниқлади.

Лингвистик таҳлил натижалари Президент тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес имкониятларини кенгайтириш, солиқ-молия тизимини такомиллаштириш ва янги иш ўринларини яратиш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

Нутқда тадбиркорлар мамлакатни модернизация қилишда асосий таянчга айланаётгани таъкидланди. Президент тадбиркорларни давлатнинг муҳим ҳамкори сифатида белгилаб, улар билан биргаликда ишонч, очиқлик ва олға ҳаракат руҳияти шакллантирилаётганини қайд этди.

Давлат раҳбари ўз нутқида жами 4 241 сўздан фойдаланган. Энг кўп “тадбиркор” – 107 марта, “бизнес” – 34 марта, “корхона” – 29 марта, “солиқ” – 21 марта, “инвестиция”, “лойиҳа”, “кредит” – 15 марта, “тизим” – 14 марта, “шароит”, “банк”, “стартап” – 13 марта ва “экспорт” сўзи –12 марта тилга олинган (1-расм).

1-расм. Энг кўп ишлатилган сўзлар

Бир қатор асосий ибораларга алоҳида эътибор қаратилди, “бизнес вакиллари” – 8 марта, “очиқ мулоқот” – 7 марта, “имтиёзли кредит” – 4 марта такрорланган. Шунингдек, нутқда “Янги Ўзбекистон”, “кичик бизнес”, “ёш тадбиркор”, “якка тадбиркор”, “молиявий хизматлар”, “айланма маблағ” ва “энг илғор” каби иборалар ҳар бири 3 мартадан тилга олинган.

Уч сўздан иборат иборалардан “якка тартибдаги тадбиркор” ва “куч – бу тадбиркорлар” ибораларининг ҳар бири 3 марта қайд этилган. Шунингдек, нутқда “аҳоли ва тадбиркорлар”, “лицензия ва рухсатнома”, “боғча ва мактаб”, “кичик бизнес учун”, “имтиёзли кредит ажратилади”, “қўллаб-қувватлашга тайёрман”, “қарздорлик учун жарима”, “банд қилган шахс” ва “оилавий меҳмон уйлари” ибораларининг ҳар бири 2 мартадан тилга олинган.

Шу тариқа, нутқдан кўринадики, Президент тадбиркорларни ислоҳотларнинг асосий кучига айлантиришга эътибор қаратди ҳамда солиқ, кредит, инвестиция, бизнес юритиш шароитлари ва экспортни ривожлантириш каби муҳим масалаларни ҳам алоҳида таъкидлади.

Бу сўзларнинг кўп такрорланиши нутқда асосий эътибор тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва кредит механизмларини кенгайтириш, солиқ юкини енгиллаштириш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилганини кўрсатади.

Сўнгги тўрт йилда қилинган лингвистик таҳлиллар

Ўтган тўрт йил ичида Президентнинг тадбиркорлар билан бўлган мулоқотларида ишлатган сўзлари муайян тенденцияларни кўрсатди. “Тадбиркор” сўзи энг кўп такрорланган бўлиб, бу тадбиркорлар давлат сиёсатида марказий ўрин эгаллаганини кўрсатади. “Солиқ” сўзи 2023 йили анча кўп ишлатилган, кейинги йилларда эса камайган, бу эса солиқ маъмурчилигини босқичма-босқич ислоҳ қилиш ва тадбиркорлар учун имтиёзли шарт-шароитлар яратилаётганини кўрсатади (2-расм).

2-расм. 2022–2025 йилларда энг кўп ишлатилган сўзларнинг қиёсий таҳлили

“Кредит” ва “инвестиция” сўзлари доимий равишда ишлатилиб, молиялаштириш ва сармоя жалб қилиш сиёсатининг узлуксизлигини таъкидлайди. “Хизмат” сўзи 2024 йили 3-4 баравар кўпайган ва 2025 йили ҳам эътибор марказида бўлган. Бу мамлакатда хизмат кўрсатиш соҳасига эътибор кучайганини, туризм, таълим ва тиббиёт каби хизмат йўналишлари иқтисодий сиёсатнинг муҳим драйверига айланганини кўрсатади.

2025 йилда “стартап” сўзининг ишлатилиши кескин ортди. Бу ҳолат давлат томонидан инновациялар, рақамли иқтисодиёт ва ёшлар ташаббусларига стратегик йўналиш сифатида катта эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Шунингдек, сўнгги йилларда “инфратузилма” ва “шароит” каби атамалар ҳам кўпроқ тилга олинган. Бу бизнес муҳитини яхшилаш ва қулай шарт-шароитлар яратишнинг доимий вазифа эканини англатади.

Сўнгги тўрт йиллик таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, давлат раҳбарининг чиқишларидаги асосий эътибор босқичма-босқич солиқ ва кредит сиёсати масалаларидан хизмат кўрсатиш соҳаси, стартаплар ҳамда инфратузилмани ривожлантириш масалаларига ўта бошлади. Бундай тенденция мамлакат иқтисодий стратегиясидаги изчилликни акс эттиради – бу ерда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва молиялаш механизмларини кенгайтириш миллий тараққиётнинг янги босқичига ўтиш, яъни хизматлар, инновациялар ва рақамли ечимларни асосий ҳаракатлантирувчи кучга айлантиришда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

3-расм. Сўзларни йўналишлар бўйича тақсимлаш

Сўзларни йўналишлар бўйича тақсимоти шундан далолат берадики, Президент энг катта эътиборни ҳуқуқий муҳит ва инвестициявий иқлим масалаларига (21%), шунингдек, стартапларни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашга (17%) қаратган.

Муҳим йўналишлар қаторида хизмат кўрсатиш соҳаси ва туризм (13%), тўқимачилик ва саноат (11%), солиқ ислоҳотлари (10%) ҳамда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш (8%) алоҳида ўрин тутади. Таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва макроиқтисодий натижалар ҳар бири 6 фоиздан улушга эга. Бундай таркибий тузилиш мамлакатда ҳуқуқий ва молиявий барқарорликни янгича иқтисодий драйверлар – хизматлар, инновациялар ва тадбиркорлик билан уйғун равишда ривожлантиришга қаратилган йўналишни яққол акс эттиради (3-расм).

Шу тариқа, сўзларнинг йўналишлар бўйича умумий тақсимоти мамлакатда рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришга қаратилган стратегик йўналишни акс эттиради. Бу жараёнда ҳуқуқий ва инвестициявий муҳит, стартапларни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш, хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳамда саноатни модернизация қилиш асосий устувор йўналишлар сифатида намоён бўлмоқда. Анъанавий секторлар (солиқлар, саноат, макроиқтисодий барқарорлик) билан янги драйверлар (стартаплар, хизматлар, инновациялар) ўртасидаги мувозанат замонавий ўсиш моделига ўтишда комплекс ёндашувни кўрсатади.

Президент нутқининг йўналишлари ва асосий сўзлари ўртасидаги боғлиқликни намоён қилади. Асосий эътибор “тадбиркор”, “бизнес”, “инвестиция”, “кредит” ва “банк” атамаларига қаратилган бўлиб, бу давлатнинг тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва молиявий имкониятларни кенгайтиришга интилганини кўрсатади (4-расм). Шунингдек, “солиқ” ва “қонун” каби тушунчалар орқали ислоҳотлар самарадорлиги ва қонуний кафолатлар таъминланиши таъкидланади. “Хизмат”, “туризм” ва “экспорт” сўзларининг кўп қўлланиши эса иқтисодиётнинг янги драйверлари сифатида хизматлар соҳаси ва ташқи бозорларга чиқишнинг аҳамиятини кўрсатади. Нутқ стратегик йўналишларни аниқ белгилаб берган.

4-расм. Йўналишлар ва уларда ишлатилган сўзларнинг ўзаро боғланиши

Шундай қилиб, Президент нутқи мамлакат иқтисодий сиёсатининг асосий устувор йўналишларини очиб берди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ ва кредит енгилликлари, инвестицияларни жалб қилиш, хизматлар ва инновацияларни ривожлантириш ҳамда инфратузилмани такомиллаштириш давлат сиёсати марказида эканлиги кўрсатилди.

Илёс Раббимов,

Фархад Туткабаев,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар