ЖСТ ва ЕОИИ: иқтисодий интеграция -  тараққиётнинг муҳим гарови

ЖСТ ва ЕОИИ: иқтисодий интеграция -  тараққиётнинг муҳим гарови

2019 йилнинг куз ойларидан бошлаб мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши масаласи аҳоли ўртасида қизғин муҳокама ва мунозараларга сабаб бўла бошлади. Интернет сайтларида ва матбуот саҳифаларида кимлардир мазкур иттифоқ ва ташкилотга киришимизни ёқлаяпти, бошқа бировлар эса бунга мутлақо қарши бўляпти.

Мен Ўзбекистоннинг ҳар иккала ташкилотга кириши манфаатларимизга мос келади, деган фикрдаман. Негаки, жаҳон иқтисодиёти тобора глобаллашиб бораётган бир даврда бирор бир давлатнинг ҳеч қанақа иттифоқ ва халқаро ташкилотларга аъзо бўлмасдан бир ўзи алоҳида ҳолда катта иқтисодий муваффақиятларга эришиши ўта қийин. Бу фикрим янада тушунарли бўлиши учун мен бу мақолада Марказий Осиё давлатларининг бир-бирлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишларининг улар иқтисодиётларига қай даражада таъсир қилиши ҳақида сўз юритмоқчиман.

Минтақада жаҳон бўйича аниқланган нефть, газ, олтин, уран каби қазилма бойликларнинг сезиларли қисми жойлашган. Қолаверса, Марказий Осиё – ҳажми жиҳатидан нуфузли бозор ва бу бозорнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш бешта давлатнинг ҳар бирига иқтисодий ўсишни жадаллаштириш учун улкан имкониятлар яратиб беради.

Бундан ташқари, масаланинг яна бир жиҳатига алоҳида эътибор бериш лозим. Гап шундаки, мазкур давлатлар асрлар давомида ягона давлат таркибида бўлишган. Тўғри, бешта давлат майдонида бир пайтнинг ўзида биттадан кўп давлат ҳукм сурган даврлар ҳам бўлган.

Лекин мазкур беш давлат табиий-иқлим, ер-сув, аҳолининг кўчманчи ёки ўтроқ ҳолда яшаши каби қатор омиллар таъсирида объектив равишда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларига ихтисослашган эди. Масалан, қишлоқ хўжалигини олиб қарайлик. Ўзбекистон ва Тожикистонда деҳқончилик устун даражада ривожланган, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонда эса қишлоқ хўжалигининг асосини чорвачилик ташкил этган. Шу сабабларга кўра, Марказий Осиё давлатлари битта давлат таркибида бўлганми ёки 3-4 та давлат бўлиб яшаганми, бундан қатъий назар, уларнинг иқтисодиётлари юқорида баён этилган омиллар таъсири остида бир-бирини тўлдириб турадиган ягона ҳудудий комплекс ҳолида шаклланган.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев дарҳол ташқи сиёсатни буткул ўзгартириб, ҳамма давлатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан алоқаларни кенгайтириш йўлини бошлади. Иқтисодий алоқаларнинг кучайиши Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётларига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсата бошлади, тобора камайиб бораётган ўзаро савдо айланмаси ҳажмлари охирги йилларда яна оша бошлади.

Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудида Қозоғистон Республикаси капитали иштирокида 200 дан ортиқ корхона, Қирғизистон инвесторлари иштирокида эса 96 га яқин компания фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатда, Қозоғистонда 150 га яқин Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси, Қирғизистонда эса 200 дан ортиқ Қирғизистон-Ўзбекистон қўшма корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

2016-2019 йилларда Марказий Осиё давлатларининг бир-бири билан ўзаро ҳамкорлигининг кучайиши йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, меҳнат, ер, сув, молия ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳудудга хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини сезиларли равишда ошишига имкон яратди.

Агар Марказий Осиё давлатларининг барчаси Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишса, Иттифоқ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз олиб ўтилиши, давлатларнинг ички бозорларига маҳаллий товарларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб бориши, божхона идоралари фаолиятини тартибга солишнинг умумий ва мукаммал тизимини яратиш, капитал ҳаракати эркинлигини таъминлаш имкониятларини яхшилайди.

Масалан, Ўзбекистонда мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмлари жуда катта бўлиб, унинг бир қисмини бошқа давлатларга экспорт қилиш ўта муҳим масала ҳисобланади. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида Марказий Осиё давлатлари билан интеграциялашув ҳамма давлатлар учун бу борада жуда муҳим имкониятлар яратади. Қолаверса, бундай интеграция мева ва сабзавотларимизни ЕОИИ мамлакатларига божхона тўловларисиз экспорт қилиш имкониятини берадики, бу катта миқдорда қўшимча фойда кўришимизга сабаб бўлади. Мева ва сабзавотни импорт қилаётган давлатга ҳам бу жуда фойдали ҳисобланади.

Чорвачилик соҳасида эса бунинг аксини кўришимиз мумкин. Яъни Ўзбекистон ҳозирча чорва маҳсулотлари билан ўзини тўла таъминлаш имкониятига эга эмас. Шунинг учун гўшт маҳсулотларини ҳатто узоқ хориж давлатларидан импорт қилишимизга тўғри келяпти. Бу масалани ҳам қўшни давлатлар ҳисобига ҳал этишимиз мумкин бўлади. Бундай маҳсулотларни экспорт қиладиган давлат ҳам катта миқдорда қўшимча фойда кўради.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга сарфланаётган сувнинг деярли 80 фоизи Қирғизистон ва Тожикистондан келади. Бу борада улар билан мавжуд жиддий келишмовчиликларни ҳам ЕОИИ доирасида нисбатан осонроқ ҳал этиш имконияти пайдо бўлади.

Марказий Осиё давлатлари меҳнат ресурсларига бой эканлиги билан ҳам ажралиб туради. Уларни муносиб иш билан таъминлаш ўта муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Шу боис, агар Марказий Осиё минтақаси доирасида меҳнат ресурсларидан биргаликда фойдаланишни ташкил этилса, бу барча давлатларга қўшимча имкониятлар яратиб берган бўлар эди.

Меҳнат ресурсларидан биргаликда фойдаланиш давлатлар учун қуйидаги ижобий натижаларни беради:

- мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади;

- мигрантларнинг бир давлатдан иккинчи бир давлатга қонуний йўл билан чиқиб кетишини ва уларнинг аниқ ҳисобини юритишни таъминлайди;

- меҳнат бозоридаги таклифнинг ҳамда аҳолининг четга чиқиш қизиқишининг юқорилигини ҳисобга олиб, меҳнат бозори мувозанатлигини таъминлайди;

- патент тўловлари бекор қилинади ва бу мигрантларга қўшимча фойда олиб келади;

- мамлакатларга хорижий валюта оқимини кўпайтиради, қайтиб келган мигрантлар ўз юртига тайёр мутахассис сифатида ва инновациялар билан келади ва ҳ.к.

Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё давлатларининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишининг ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида иқтисодий интеграция қилинишининг ижобий томонлари жуда катта. Яъни, жаҳон иқтисодиёти тобора глобаллашиб бораётган бир даврда турли иқтисодий тузилмалар ва халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш ҳар бир давлат учун катта иқтисодий манфаатлар олиб келади. Мазкур интеграциялашув жараёнлари минтақада яшаётган барча халқларнинг манфаатларига мос келади ва мамлакатларнинг иқтисодиёти янада ўсишига сезиларли равишда ёрдам беради.

Одил Олимжонов
иқтисод фанлари доктори, профессор

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар