Ҳисоб палатаси 2022 йил учун «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва бюджетнома бўйича ўз хулосасини эълон қилди.
Тақдим этилган Бюджетнома бўйича 2022 йилдаги ялпи ички маҳсулот ҳажми 839 989,5 млрд сўмни ёки 74,2 млрд долларни, унинг аҳоли жон бошига миқдори 23,8 млн сўмни ёки 2,1 минг долларни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
2022 йилда реал ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулот ҳажмининг таркибида қўшилган қиймат миқдори 778 153,6 млрд сўмни (ЯИМнинг 92,6 фоизи) ҳамда маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар тушуми 61 865,9 млрд сўмни (7,4 фоиз) ташкил этмоқда.
Тармоқлар кесимида қўшилган қийматнинг энг катта улуши (35,8 фоиз) хизматлар кўрсатиш соҳасига тўғри келиб, ушбу тармоқ бўйича яратилган қўшилган қиймат ҳажми 300 351,0 млрд сўмни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, ушбу кўрсаткич саноат бўйича 217 683,5 млрд сўм (25,9 фоиз), қурилиш бўйича 52 516,3 млрд сўм (6,3 фоиз) ва қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги бўйича 207 602,8 млрд сўм (24,7 фоиз) миқдорида бўлиши кутилмоқда.
Кутилаётган реал ўсиш миқдори қурилиш бўйича 8,1 фоизни, саноат бўйича 7,0 фоизни, хизматлар бўйича 6,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги бўйича 3,1 фоизни ҳамда маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар 7,4 фоизни ташкил этмоқда.
Изоҳ қолдириш