Тошкентда "Валдай" клубининг конференцияси бўлиб ўтмоқда

Тошкентда

Бугун Тошкентда “Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий босқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари” конференцияси бошланди. Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда «Валдай» халқаро мунозара клуби томонидан ташкил этилди.

Форум СМТИ ва «Валдай» халқаро мунозара клуби ҳомийлигида 2019 йилда Самарқандда «Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизлик муаммолари олдида кўп томонлама ҳамкорлик» мавзусида биргаликда ташкил этилган Х Осиё конференцияси ва «Россия - Ўзбекистон: янги дунё тартиботи шароитида икки томонлама ўзаро муносабатларнинг истиқболлари» махсус сессияси доирасида бошланган ўзбек ва россиялик экспертлар мулоқотининг мантиқий давомидир.

Ўзбекистон пойтахтидаги анжуманда иштирок этиш учун икки томонлама муносабатлар бўйича етакчи халқаро мутахассислар, «Валдай» халқаро мунозаралар клубининг сиёсатшунослик, иқтисодиёт, хавфсизлик соҳасидаги нуфузли экспертлари, шунингдек, Россиянинг йирик оммавий ахборот воситалари журналистлари йиғилган.

Учта сессиядан иборат конференция давомида иштирокчилар

- сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашади;

- Ўзбекистондаги ислоҳотлар билан танишади, уларнинг Марказий Осиё барқарор ривожланишига таъсирини муҳокама қилишади, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка доир хавф ва таҳдидларни баҳолашади, бу соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини белгилашади;

- Марказий Евросиёда халқаро савдо ва интеграцияни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқади, шунингдек, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш учун истиқболли ўсиш нуқталари ва ҳаракатлантирувчи омиллар бўйича эксперт қарашларни ишлаб чиқади.

Ўзбекистон-Россия мулоқотида анъанавий тарзда икки мамлакатнинг юқори мартабали вакиллари – Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарход Арзиев, Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко иштирок этади.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, СМТИ директори Элдор Арипов, Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев, Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев ва бошқа экспертлар сўзга чиқади.

Россия томонидан «Валдай» халқаро мунозара клуби Ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кенгаши раиси Андрей Быстрицкий, «Валдай» жамғармасининг тадқиқот ишлари бўйича директори, Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаш президиуми раиси, «Халқаро шарҳ» дастури муаллифи ва бошловчиси Фёдор Лукьянов, “Валдай” клуби дастур директори Тимофей Бордачев, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти Евроосиё тадқиқотлари маркази директори Иван Сафранчук, Россия Федерацияси “Иқтисодиёт олий мактаби” Миллий тадқиқот университети Европа ва халқаро кенг қамровли тадқиқотлар маркази директорининг ўринбосари Василий Кашин ва бошқалар иштирок этадилар.

Навбатдаги Ўзбекистон-Россия конференциясининг бундай юқори даражада ўтказилиши экспертлар жамоасининг Ўзбекистонга бўлган катта қизиқиши билан боғлиқ. Мамлакат Марказий Осиё минтақасида алоҳида ўрин тутади, аҳолиси энг кўп, экспортга йўналтирилган кучли ишлаб чиқариш салоҳияти ва замонавий қуролли кучларига эга. Сўнги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сиёсий ва дипломатик алоқалар ҳақиқий ишончли иттифоқчилик ва стратегик шериклик хусусиятига эга бўлди. 2021 йилнинг биринчи ярмида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,7 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ошди. Охирги уч йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони 915 тадан деярли 2,2 мингтага етди. 2021 йилнинг биринчи ярмида Россия капитали иштирокидаги 240 янги корхона ишга туширилди. 2019-2024 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик дастури, шунингдек, қиймати 25 миллиард долларга тенг 800 дан ортиқ савдо-сармоявий битим ва меморандумлар доирасида фаол ишлар амалга оширилмоқда.

Конференция доирасида «Валдай» клуби СМТИ кўмагида, клуб ва РФ Олий иқтисодиёт мактабининг бир гуруҳ нуфузли экспертлари томонидан тайёрланган «Евросиёнинг темир устуни: ютуқлар, муаммолар ва минтақавий боғлиқлик истиқболлари» номли янги тўпламини тақдим этади.

Маъруза Осиё, Марказий Осиё, Россия ва Европа ўртасидаги қуруқлик савдосини кенгайтиришнинг муҳим шарти сифатида темир йўл алоқаларига асосланган Евросиёнинг транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга бағишланган. Таъкидланишича, темир йўл тармоғи Буюк Евросиё боғланишларининг ва глобал муаммоларга чидамлилигининг энг муҳим омилига айланади. Шу билан бирга, Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк ролини ўйнайди, янги йўлакларнинг транзит марказига ва динамик ривожланаётган минтақага айланади.

Маърузада Ўзбекистоннинг мамлакат ва минтақанинг транспорт-коммуникация салоҳиятини очиш, шунингдек, Мозори Шариф - Қобул - Пешовар ва Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўлини қуриш каби минтақавий алоқаларни яхшилаш бўйича ташаббуслари акс эттирилган.

Эслатиб ўтиш жоизки, 2020 йилда пандемия натижасида Ўзбекистон ва Россия ўртасида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 8,8 миллион тоннани ташкил этди, бу 2019 йилга нисбатан 27 фоизга кўп, автомобил транспортида юк ташиш ҳажми эса 28 фоизга ошиб жорий йилнинг биринчи ярмида 1,9 миллион тонна ташкил этган.

2021 йил сўнгига қадар «Валдай» клуби томонидан Россиянинг охирги 30 йил мобайнида постсовет ҳудудига нисбатан сиёсати тўғрисида тўплам чоп этилиши режалаштирилмоқда. Тошкентдаги анжуман ушбу китобни якунлаш учун энг муҳим интеллектуал манбалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари (Россия телеканаллари, Россия-24, Биринчи канал, ТАСС ахборот агентлиги, РИА-Новости, Интерфакс, Регнум, «Спутник», «Коммерсант», «Известия» газеталари, «Россия глобал масалаларда» ва «Взгляд» Интернет-нашрлари) журналистларининг кенг таркибининг иштироки Россия жамоатчилигининг бўлажак тадбирга бўлган катта қизиқишидан далолат беради.

Россиялик мутахассисларнинг ташриф дастури доирасида Тошкентдаги Технопарк ва ИТ-мактаб фаолияти билан танишишни, шунингдек, Ғалаба боғига, пойтахтнинг маданий, тарихий ва меъморий обидаларига ташриф буюриш ҳам кўзда тутилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар