Ўзбекистон — Россия: жадал ривожланаётган ҳамкорлик

Ўзбекистон — Россия: жадал ривожланаётган ҳамкорлик

Ҳозирги ўта беқарор ва келажакни олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган даврда географик яқин қўшнилар ўртасидаги дўстона, чинакам шериклик ва ўзаро манфаатли муносабатлар ҳар қандай давлат ташқи сиёсатининг энг муҳим элементларидан бирига айланиб бормоқда. Бу, айниқса, узоқ йиллардан буён ўзаро сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни сақлаб келаётган Ўзбекистон ва Россия каби давлатлар учун жуда муҳим.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар халқаро ҳуқуқ, суверенитетни ҳурмат қилиш, қарорлар қабул қилишда мустақиллик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ёрқин намунаси эканлиги қувонарлидир. Cиёсат билан иқтисоддан тортиб, энергетика, таълим, илм-фан ва маданият каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттириляпти. Шу йилнинг ўзида Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин 4 маротаба икки томонлама учрашув ўтказишди. Россия давлат раҳбарининг куни кеча юртимизга амалга оширган ташрифи эса ўртадаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу Россия раҳбарининг мамлакат Президенти этиб қайта сайланганидан кейин амалга ошираётган хорижий ташрифларининг дастлабкиларидан бири ҳисобланишини инобатга олсак, мамлакатимиз билан алоқалар РФ учун қанчалар муҳим эканини намойиш этади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, ушбу ташриф Ўзбекистонга ва кўп миллатли халқимизга бўлган алоҳида муносабат ва ҳурматнинг, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражаси ва Ўзбекистон — Россия муносабатларини чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишнинг тасдиғидир.

Ўзбекистон ва Россия стратегик шерик ва иттифоқчи мамлакатлардир. 2005 йилда икки давлат Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани, 2022 йилда эса Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолади. Давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган самимий, илиқ ва дўстона муносабатлар сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва барча соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда 370 дан ортиқ ҳужжатдан иборат мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база ўзбек ва рус халқларининг тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ва кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос бўлаётир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойи бошида Россияга буюрган амалий ташрифи ва Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг юбилей йиғилишида кузатувчи-давлат раҳбари сифатида иштирок этгани бунинг амалий тасдиғидир.

Бугун расмий Тошкент ва Москва ўртасида барча даражадаги жадал ва кенг кўламли мулоқотлар фаол давом этмоқда. Бош вазирлар даражасида қўшма комиссия, ҳукуматлараро комиссия ва унинг қуйи қўмиталари фаолият кўрсатмоқда, идоралараро ва парламентлараро ҳамкорлик, иқтисодий ва ҳудудлараро алоқалар кенгаймоқда. Бундан ташқари, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган.

Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссия ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси фаолиятидаги конструктивлик ушбу йўналишдаги ўзаро алоқаларнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беряпти. РФ раҳбарининг Тошкентга давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида имзоланган 20 яқин турли соҳага оид битим ва келишувлар муносабатларимизни сифат жиҳатидан янада юқори поғонага олиб чиқишига шубҳа йўқ.

Ўзбекистон ва Россия Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан манфаатдор ҳамда глобал муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа глобал ҳамда минтақавий тузилмалар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилади, бир-бирининг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди. БМТ платформасида ўзаро ҳамкорлик Бош Ассамблея кун тартибидаги асосий масалалар ва томонларнинг илгари сурган ташаббуслари бўйича позицияларни ўзаро қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширилади. Россия томони БМТга аъзо давлатлар томонидан Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ядро қуролидан холи зона (МОЯҚХЗ) тўғрисидаги Шартнома бўйича позициясини кенг қўллаб-қувватлашга кўмаклашди, МОЯҚХЗ бўйича Бош Ассамблеянинг резолюцияларини қўллаб-қувватлашда изчил иштирок этди (иккинчиси Бош Ассамблеянинг 75-сессиясида овозга қўйилмасдан қабул қилинди). Бундан ташқари, Россия Шартномага хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколни имзолади ва ратификация қилди. Россия, шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” (2018), “Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт” (2019), “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш” (2021), “Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги” (2022), “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги (2022) резолюцияларни қўллаб-қувватлади ва ҳаммуаллифлик қилди.

Миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш масалаларида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси билан мустаҳкам йўлга қўйган ҳамкорлигига яна бир ёрқин мисол бўла олади. Айни пайтда Тошкент ва Москва кенг қамровли йўналишларда, хусусан, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм ҳамда экстремизм, оммавий қирғин қуроллари тарқалиши, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, янги таҳдидлар ва хатарларга қарши курашиш бўйича ўзаро фаол алоқаларни йўлга қўйган. Ўзбекистон ҳамда Россиянинг позициялари ўхшашлиги Марказий Осиёда барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш ҳамда тинч Афғонистонни барпо этишга кўмаклашиш масалаларида ҳам кузатиляпти. Тошкент ҳам, Москва ҳам Афғонистонда якуний тинчликка эришиш, уни минтақавий интеграцион жараёнларга жалб этиш, иқтисодиётини тиклаш, гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратилган қатор халқаро анжуманларга мезбонлик қилди. Россия Федерацияси Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонга оид илгари сурган ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон — Россия муносабатлари янги уфқлар сари ҳаракатланмоқда, икки давлат ўртасидаги алоқалар учун хос бўлган “стратегик шериклик ва иттифоқчилик” таърифи бугунги куннинг холис, соф ҳақиқатидир. Бинобарин, Ўзбекистон — Россия ҳамкорлиги Марказий Осиё минтақаси учун ҳам муҳим ўрин тутади.

Сиёсий ва хавфсизлик соҳасидаги мулоқотларнинг мунтазам аҳамият касб этаётгани иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини жадал ўсишига, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга, етакчи корхоналар, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўляпти. Ўзаро муносабатда, табиийки, иқтисодий алоқалар муҳим ўрин тутади. Россия билан Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаши миқдори сўнгги уч йил мобайнида ҳар йили 5-10 эмас, 20 фоиздан ортиб борди. Иқтисодий муносабатдаги салмоқли ўсиш шундай суръат билан давом этса, икки йилдан кейин Россия билан товар айирбошлаш мисли кўрилмаган даражада ортади.

Бунга эришса бўлади, албатта. Чунки икки томон ҳам товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш зарурлиги борасида якдил фикрда бўлиб, саммит якуни бўйича Президентлар ўз ҳукуматларига келгусида 30 миллиард долларлик кўрсаткичга эришиш вазифасини қўйишди. Қолаверса, давлатлар саноат кооперациясида жиддий илгарилаган. Энергетика, нефть-кимё, металлургия, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика ва инновацион тармоқлар бўйича аниқ лойиҳалар ҳам бунга имкон беради. Бундан ташқари, лойиҳалар портфели қарийб 45 миллиард долларни ташкил қилади. Бу галги ташриф доирасида 20 миллиард долларлик янги лойиҳалар бўйича келишувлар имзолангани муносабатларга янгича руҳ бағишлайди. Шу маънода, Ўзбекистон ва Россия савдо айланмаси 2030 йилга бориб икки карра ошиши кутилади. Сўнгги йилларда инвесторларимизда ўзаро қизиқиш ортаётгани бунга яққол асос бўла олади. Умуман, Ўзбекистонга сармоя киритиш бўйича Россия Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Бугунги кунда айни миқдор 10 миллиард доллардан ортди. Рақамлар янада кўпайиши табиий. Зеро, апрель ойида Тошкентда ўтган “Иннопром” халқаро кўргазмаси доирасида 1,5 миллиард долларлик юзлаб янги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди. Ўзбекистон ва Россия Президентларининг учрашувида Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган қўшма Инвестиция платформаси ҳам ушбу мақсадга хизмат қилади.

Бугун давлатларимизнинг айниқса, энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам мустаҳкам ва истиқболли эканини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Масалан, ўтган йили Россия табиий газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлади. Бу мамлакатимиз аҳолисини ва тадбиркорлик субъектларини узлуксиз энергия билан таъминлаш имконини берди.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин музокаралари давомида газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллий корхоналар негизида углеводородларни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига катта эътибор қаратилгани, мамлакатимизда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим имзолангани ҳам бежизга эмас, деб ўйлайман. Дунёдаги деярли барча етакчи давлатлар ўз энергетик хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини атом энергетикаси ҳисобига таъминлаётган бир пайтда иқтисодиёти юксак суръатлар билан ривожланиб бораётган Ўзбекистоннинг ҳам келажаги энергетика тизимининг тараққиётига боғлиқ экани сир эмас. Атом энергетикасини барпо этиш учун бизда барча имконият бор. Яъни, Ўзбекистон катта миқдордаги уран захираларига эга бўлибгина қолмай, уни учинчи давлатларга ҳам экспорт қилаётган мамлакатдир.

Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги учун рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳаси ниҳоятда истиқболли йўналиш ҳисобланади. Боиси икки мамлакат ҳам деярли бир вақтнинг ўзида давлат учун муҳим саналган ахборот технологияларини жорий этиш бўйича дастурни амалга оширишга киришган. Хусусан, 2018 йилда Россияда “Рақамли иқтисодиёт” ҳукумат дастури тасдиқланиб, тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ўз навбатида, рақамлаштиришнинг янги босқичига кириб келаётган Ўзбекистонда АКТ соҳасини такомиллаштиришга қаратилган Президент қарорлари ҳаётга татбиқ этилди. Икки мамлакат томонидан мазкур соҳада белгиланган мақсадларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар асосида амалга ошириш мумкин бўлади. Рақамли иқтисодиёт, технопарклар фаолиятини йўлга қўйиш, почта алоқасини такомиллаштириш, жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассислар малакасини ошириш ва IT-мутахассисларни тайёрлаш шулар жумласидандир. Ушбу вазифаларни тўлақонли рўёбга чиқаришнинг имконияти бор. Зеро, Ўзбекистон ва Россия кадрлар тайёрлаш жабҳасида ҳамкорлик қилиш учун аллақачон мустаҳкам пойдеворга эгадир.

Ўзбекистон кейинги пайтларда Трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишга интилмоқда. Бу Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган муҳим восита ҳисобланади. Унга Россия ҳам катта қизиқиш билдиряпти. У қурилиб, ишга тушса Москва ҳам ундан фойда кўради. Ўз маҳсулотларини Ўзбекистон ва Афғонистон орқали Осиёнинг бошқа мамлакатларига етказиб бериш имкониятига эга бўлади. Боз устига, Тошкент ва Москва Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари бозорлари билан боғловчи яна бир лойиҳа — “Шимол – Жануб” транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича яқин мулоқотни давом эттириш ниятида. Бу борада транспорт идоралари раҳбарларининг апрель ойида Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон мультимодал маршрутини ривожлантириш бўйича биринчи учрашуви самарали бўлди.

Россия эндиликда Ўзбекистоннинг етакчи маърифий, илмий-амалий ҳамкорига ҳам айланмоқда. Тошкентда Ломоносов номли Москва давлат университети, Плеханов номли Россия иқтисодиёт академияси, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Бутунроссия кинематография институти каби машҳур олий ўқув юртлари филиаллари очилиши мамлакатимиз, халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётидаги улкан воқеадир. Ўзбекистон бугунги кунда Россия университетларининг хорижий филиаллари сони бўйича етакчи ҳисобланади. Анъанага кўра, сўнгги беш йилдан буён икки мамлакат олий ўқув юртлари ректорлари форуми ўтказиб келинаётгани фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётир. Мазкур шаклдаги сўнгги мулоқот 2023 йил сентябрь ойида Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда юқори технологияли ишлаб чиқаришлар учун таълимни ривожлантириш ва бугунги куннинг асосий йўналишларидан бири — илғор муҳандислик мактабларини яратиш ва бошқа долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар энг мураккаб муҳандислик масалаларини ҳал этишга қодир, замонавий билимларни эгаллаган жаҳон даражасидаги мутахассисларни тайёрлаш масалалари хусусида фикр алмашдилар.

Бу бежиз эмас. Саноати тобора юксалиб бораётган, иқтисодиётнинг турли янги йўналишлари пайдо бўлаётган Ўзбекистонимиз учун малакали мутахассислар сув билан ҳаводек зарур. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Россия муҳандислик-техника олий ўқув юртлари ректорлари анжуманининг ташкил этилгани ва унинг доирасида йигирмадан ортиқ шартнома имзолангани юртимизда олий техника таълимини ривожлантириш гарови бўлиб хизмат қилади. Зеро, форумда юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш, академик мобиллик ва меҳнат бозорида энг кўп талаб қилинадиган йўналишлар, мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш истиқболлари ўрганилди. Олий таълим муассасалари ўртасидаги фаол инновацион лойиҳаларни амалиётга конуструктив татбиқ қилиш, қўшма таълим дастурларини босқичли кенгайтириш, академик алмашинув ва профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва «Илғор муҳандислик мактаблари»ни институционал ташкил этишда халқаро талабларни биргаликда ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этишга келишиб олинди. Мазкур форумнинг асосий мақсади бўлган муҳандис кадрлар тайёрлашни такомиллаштиришнинг институционал ечимини топиш истиқболдаги вазифаларимизни белгилаб берди. Бу жараёнда ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида академик таълим ва илмий лойиҳаларнинг узвийлигини биргаликда таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Асосийси, Ўзбекистонда Бауман номли Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалини очиш бўйича келишувга эришилгани эътиборга молик воқеа бўлди.

Бугун давлатларимиз ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2023 йил 6-30 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида татаристонлик мутахассислар иштирокида "Ўзбекистон-Татаристон саломатлик ойлиги" ўтказилгани бунинг яққол тасдиғидир.Тадбир доирасида россиялик онкология, гинекология, болалар хирургияси, катталар ва болалар нейрохирургияси бўйича мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасбларига республика аҳолисини текшириш ва ташхислашда ёрдам кўрсатди.

Икки халқнинг тарихий алоқалари ва маданий ўзаро боғлиқлиги сайёҳлик алмашинувининг ошишида муҳим аҳамият касб этаяпти. Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистонга 750 мингдан ортиқ россиялик сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг ўтган тўрт ойида бу кўрсаткич 130 мингдан ошди. Албатта, россияликлар Ўзбекистонга кўпроқ таътилга кела бошладилар. Сўнгги бир йил ичида россиялик сайёҳлар орасида Ўзбекистонга саёҳат қилишга бўлган талаб ортди. Мамлакатлар ўртасидаги визасиз режим туфайли ушбу йўналиш тобора оммалашиб бормоқда. Бундан ташқари, барқарор, кафолатланган, арзон ҳаво қатновлари ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Биргина Москвадан Тошкентга кунига 15 дан ортиқ парвозлар амалга оширилади. Шу билан бирга, россиялик сайёҳлар нафақат Тошкентга, балки Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона каби шаҳарларга ҳам парвоз қилиш имкониятига эга. Бу саёҳатчиларнинг харажатларини сезиларли даражада камайтирди.

Россиялик саёҳатчиларни жаҳон аҳамиятига молик ёдгорликлар, жаҳонга машҳур ўзбек ошхонаси ва меҳмондўстлиги, тил тўсиқларининг йўқлиги, ўхшаш менталитет, умумий тарих ва қадриятлар, шунингдек, турларнинг нисбатан арзон нархлари ўзига жалб қилади. Ўзбекистон ҳукумати Россиядан туристлар оқимини кенгайтиришни рағбатлантирмоқда. Томонларнинг эришилган натижалар билан чекланиб қолиш нияти йўқ ва яқин келажакда Россиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини рекорд даражадаги бир миллион кишига етказиш режалаштирилмоқда. Бунга Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари томонидан 2022 йил март ойида имзоланган мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлик оқимини ошириш учун шарт-шароит яратиш бўйича чора-тадбирлар режаси ёрдам беради. У транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасида янги туристик йўналишларни яратишни ўз ичига олади.

Маданият ва санъат намояндаларининг ўзаро ташрифлари ҳам фаол қўллаб-қувватланяпти. 2023 йилда Нижний Новгород, Екатеринбург, Уфа, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарларида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” Ўзбекистон давлат рақс ансамблининг гастроль сафари ташкил этилди. Москвадаги Катта театрда “Лазги. Қалб ва муҳаббат рақси” балетининг намойиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Россия театрларининг ижодий сафарлари, икки мамлакатнинг “Маданият кунлари” биргаликда ташкил этилмоқда. Россия ижодий жамоалари Ўзбекистонда анъанавий тарзда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, Бахшичилик санъати фестивали, Тошкент халқаро кинофестивали каби йирик тадбирларда фаол қатнашаётгани қувонарлидир. РФ давлат раҳбарининг ташрифи якунлари бўйича эса маданият ва санъат, туризм, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва спорт соҳаларида фаол алоқалар ва алмашинувларни фаол давом эттиришга келишиб олинди. Бу йўналишларда битим ва келишувлар тўплами имзоланди. Жорий йилда Ўзбекистонда Россиянинг йирик маданий тадбирлари, жумладан, кино кунлари ўтказилади. Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари, кўргазмалар ва театрларимизнинг ижодий сафарлари бўлиб ўтади.

Расмий Тошкент ва Москва ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилди. Ҳар иккала давлат Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан манфаатдор, шунингдек, томонлар глобал муаммоларни ҳал этиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича бир-бирининг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди. Албатта, Ўзбекистон ва Россия ўртасида жадал ривожланиб бораётган кўп қиррали ҳамкорликнинг бутун хилма-хил кўламини бир мақолада қамраб олиш қийин. Бироқ, бир нарса аниқ — томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш тарафдори. Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва халқларимиз манфаати йўлида аввал эришилган келишувларни жадаллаштиришга кучли суръат бағишлаши шубҳасиз.

Қаландар Абдураҳмонов,
академик

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар