Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Олий Мажлис палаталари етакчилари бошчилигида парламент аъзолари жойларда халқ билан очиқ мулоқот ўтказган пайтда жамоатчилик ушбу йўналишлардаги мавжуд адолатсизликларни очиқ-ойдин баён қилган.
Ушбу тажриба асосида, бундан буён депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда Одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб борадилар.
Аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда танқидий муҳокама қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйилади ва масъулиятига баҳо бериб борилади.
Олий Мажлисдаги махсус қўмиталар ҳар бир ҳудуднинг одил судлов ва коррупция масалаларига оид рейтинги юритилишига бош-қош бўлиб, ҳар ярим йилда натижалари бўйича парламент эшитувлари ва текширувларини ўтказиб боради.
Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига “Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият” махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди.
Ҳозирги тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслиги таъкидланди. Мисол учун, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган.
Маълумки, судьялик лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, Судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танлов кучайтирилди.
Энди терговчиликка номзодларга ҳам шунга ўхшаш талаблар қўйилиши кераклиги қайд этилди. Жумладан, бир қатор мутасадди идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари қўйилди.
Яна бир муҳим масала – ҳуқуқ-тартибот идораларида ишларнинг терговга алоқадорлиги бузилиб кетган. Хусусан, шундай жиноят турлари борки, уларни ҳар қандай тергов идораси тергов қилиши мумкин бўлса, айрим моддалар эса қайси тергов органига мансублиги қонунда кўрсатилмаган.
Изоҳ қолдириш