Тадбиркорнинг ташриф қоғози
Юртимизнинг таниқли каштадўзи Мадина Қосимбоева 1981 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигидан тикиш ва расм чизишга бўлган юқори қизиқиши сабабли 9-синфни тамомлагач, 326-сонли Халқ амалий санъати лицейида таҳсилни давом эттириб, умумий фанлар билан бир қаторда каштачилик, зардўзлик, тўқиш ва расм чизиш каби миллий ҳунармандчилик сирларини ҳам чуқур ўзлаштирган. Лицейни тамомлаганидан сўнг, Тошкент шаҳар техник ижодиёт марказида зардўзлик тўгараги раҳбари сифатида илк меҳнат фаолиятини бошлаган.
Кейинчалик П.Беньков номидаги Республика рассомчилик коллежида “дизайнер-конструктор”, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида эса “тикув буюмлари технологияси” мутахассислиги бўйича таҳсил олиб, ўз билими ва малакасини оширган.
1999 йилдан буён каштадўзлик соҳасида самарали фаолият юритиб келаётган ижодкор унутилиб бораётган Тошкент каштачилик мактаби анъаналарини қайта тиклаган ва уни муносиб давом эттираётган етук усталардан бири ҳисобланади. У 2007 йилда “Ҳунарманд” уюшмасига, 2016 йилда эса Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо бўлган.
У “Suzani by Kasimbayeva” миллий бренди асосчиси сифатида 100 дан ортиқ халқаро кўргазма ва нуфузли танловларда муваффақиятли иштирок этган бўлиб, бугунги кунда унинг ноёб ижодий ишлари Австралия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, АҚШ, Туркия, Франция, Венгрия, Қатар, Венеция ҳамда МДҲ давлатларидаги шахсий коллекцияларда сақланиб келмоқда. Миллий меросимиз бўлмиш каштачилик санъатини келажак авлодларга бекаму кўст етказиш мақсадида “устоз-шогирд” мактабини йўлга қўйган ҳунарманд шу кунга қадар 1000 дан ортиқ шогирд тайёрлаб, кўплаб янги иш ўринларини яратди.
Ўзининг фидойилиги, юксак ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги билан касбдошлари орасида алоҳида ҳурматга эришган тадбиркор турли давлат тадбирлари ва умумхалқ байрамларида ҳам фаол иштирок этиб келади. Кўп йиллик самарали меҳнатлари эвазига “Шуҳрат” медали билан тақдирланган қаҳрамонимиз, шунингдек, 2016 йили ўтказилган “Ташаббус” кўрик-танловининг республика босқичида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси ғолибига айланган.
Ҳунарманд оилали, турмуш ўртоғи Дилмурод Холиқов билан икки қиз ва бир ўғилни тарбиялаб келмоқда; қизлари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олса, ўғли мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчисидир.
– Бизнес учун нега каштачилик соҳасини танлагансиз? Бунинг сабаби нимада?
– Аслида мен бу касбни даставвал бизнес мақсадида танламаганман. Ёшлигимдан расм чизиш ва тикишга жуда қизиққаним боис, булар менинг энг севимли машғулотларимга айланган эди. Онам эса Жаҳон тиллари университетида таҳсил олиб, инглиз тили таржимони бўлишимни истардилар. Мактабда аъло баҳоларга ўқиганман, тил ўрганиш билан ҳам шуғулланганман. Бироқ тикиш ва ҳунармандчиликка бўлган меҳрим устунлик қилиб, айнан шу соҳани танладим.
1999-2000 йиллардан бошлаб сўзана каштачилиги билан жиддий шуғулланишга киришдим. Ўша кезларда кўпчиликда бу санъат тури ҳақида ҳатто тушунча ҳам йўқ, унга доир маълумот топиш эса жуда мушкул эди. Кимдандир сўрагудек бўлсак, “билмаймиз, бир пайтлар деворга осиладиган буюм эди”, қабилидаги жавобларни эшитардик. Яъни нафақат тикиш техникасини ўзлаштириш, балки соҳага оид билимларни излаб топиш ҳам анча машаққатли кечган.
Шундай бўлса-да, атрофимдаги қизлар ва қўшниларимни ҳам ушбу ҳунарга қизиқтириб, уларга каштачилик сирларини ўргата бошладим. Секин-аста фаолиятимиз кенгайиб, кейинчалик бутун бир мактаб даражасига кўтарилди. Бошланишида ишимиз бироз оғир кечган бўлса-да, вақт ўтиши билан харидорларимиз сафи кенгайди. Йиллар давомида ҳатто чет элдан ҳам буюртмалар кела бошлади.
Бугунги кунга келиб эса бу кичик машғулотимиз юксалиб, катта даражага етди ва табиий равишда фаолият йўналишимиз бизнесга айланди.
– Бизнесингиз ривожига мамлакатимизда яратилган имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш ва ва шароитлар ёрдам бердими? Масалан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида қайси фармонлар, қарорлар ва чора-тадбирлар сизнинг бизнесингизга энг фойдали таъсир кўрсатди?
– Албатта, бизнесимизни ривожлантиришда мамлакатимизда яратилган имтиёзлар, қулайликлар ва шароитлар жуда катта ёрдам берди. Муҳтарам Президентимиз томонидан тадбиркорлар ва ҳунармандлар учун яратиб берилаётган имкониятлар туфайли биз фаолиятимизни янада кенгайтириш имкониятига эга бўлдик.
Мен аввал ҳам айтиб ўтганимдек, бу касбни бошида бизнес сифатида эмас, балки ўзимнинг севимли машғулотим сифатида бошлаганман. Авваллари фақат ўзимиз учун тикиб кийиш ёки кам миқдорда сотиш билан чекланардик. Лекин юртимизда ҳунармандчиликка бўлган эътибор, яратилаётган имтиёз ва қўллаб-қувватлашлар туфайли фаолиятимиз кенгайиб, бугунги кунда маҳсулотларимизни ҳатто чет давлатларда ҳам намойиш этиш ва сотиш имкониятига эга бўлдик.
Маълумки, қўл меҳнати билан тайёрланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга жуда кўп вақт ва меҳнат талаб қилинади. Шунинг учун ҳам ҳунармандларга берилаётган енгилликлар ва имтиёзлар биз учун жуда катта рағбат бўлмоқда.
Ҳаётимдаги энг қувончли ва эсда қоларли воқеалардан бири – 2018 йилда Президентимиз қарорлари асосида Шайхонтоҳур туманида “Ҳунармандлар шаҳарчаси” барпо этилганидир. У ерда 35 нафардан ортиқ ҳунарманд учун уй-жой, устахона ва дўконлар қурилди. Менга ҳам шу ерда фаолият юритиш насиб этди.
Бу ерда ҳунармандлар нафақат яшаш, балки ишлаш ва ўз маҳсулотларини сотиш имкониятига эга. Энг яхши томони шундаки, харидорлар фақат тайёр маҳсулотни эмас, балки унинг қандай тайёрланиш жараёнини ҳам кўришлари мумкин. Улар устахонага кириб, кашта тикилиш жараёнини кўриб, бу меҳнатнинг қанчалик нозик ва машаққатли эканини тушунишади. Шунинг учун ҳам маҳсулотларимизга бўлган қизиқиш ва қадрлаш янада ошади.
Шу билан бирга, ҳунармандчилик ва миллий санъатни ривожлантиришда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилаётган имкониятлар ҳам биз ҳунармандлар учун катта аҳамиятга эга. Жамғарма миллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, кўргазмалар ва фестивалларда иштирок этиш имкониятларини яратиш борасида катта ёрдам бермоқда. Бу эътибор ва қўллаб-қувватлашлар орқали биз ўз миллий санъатимизни нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам намойиш этиш ва ривожлантириш имконига эга бўлдик.
Бу имкониятлар менинг фаолиятимда катта ўзгариш ва ривожланишга сабаб бўлди. Айнан шу ҳолат менга ўз брендимни яратишга жуда катта ёрдам берди. Шунинг учун ҳам Президентимизга юртимизда яратилаётган имкониятлар учун чексиз миннатдорчилик билдираман.
– Бизнесингизнинг ҳозирги куни ҳақида ахборот беринг. Қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарасиз? Уларни қаерларда сотасиз? Қандай лойиҳаларни амалга оширдингиз, улар Тошкент шаҳрига ва истеъмолчиларга нима берди?
– Ҳозирги кунда биз каштачилик соҳасида кўп турли маҳсулотлар ишлаб чиқармоқдамиз. Агар қадимий анъаналарга қарасак, момоларимиз асосан деворга осиладиган сўзаналар ва палаклар тикар эдилар. Ҳозирги кунда эса биз нафақат девор палаклари, балки аёллар либослари, чопонлар, пойабзаллар, сумкалар, ҳатто мебель буюмлари ва юмшоқ мебель ёпқичларини ҳам каштачилик усулида тикамиз.
Маҳсулотларимизни асосан Тошкент шаҳридаги дўконларимиз ва кўргазмалар орқали, шунингдек, мамлакатимизга келадиган маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар учун тақдим этамиз. Шунингдек, биз кашталаримизни халқаро фестивалларда ҳам намойиш қиламиз. Масалан, ҳар йили АҚШнинг Санта-Фе шаҳридаги катта санъат фестивалида, Европа ва қўшни мамлакатларда ҳам шундай тадбирларда иштирок этамиз ва маҳсулотларимизни сотамиз.
Лойиҳаларимизга келсак, мен турли кўргазмаларда иштирок этганман. Шахсий кўргазмаларим кўп ва уларнинг биринчиси Ўзбекистонда бўлиб ўтди. Ҳозирги кунда эса ўз шахсий кўргазмаларимни чет давлатларда, Европа, Австралия ва Ригада ҳам ташкил қилмоқдаман. Шунингдек, Боку шаҳридаги санъат музейларида ҳам кўргазмаларим бўлиб ўтди.
Бу лойиҳалар ва кўргазмалар нафақат маҳсулотларимизни оммалаштиришга, балки миллий ҳунармандчилик санъатимизни дунё миқёсида танитишга ҳам хизмат қилмоқда. Бу орқали нафақат харидорлар, балки ёш авлод ҳам миллий каштачилик ва ҳунармандчиликни ўрганиш имконига эга бўлмоқда.
– Сиз унутиб борилаётган Тошкент каштачилик мактаби анъаналарини қайта тиклагансиз. Бугун бу мактабнинг раҳбарисиз. Бу даражага қандай эришдингиз?
– Тошкент каштачилик мактабининг қайта тикланиши аслида маълум бир воқеадан кейин бошланган. Биламизки, Ўзбекистон каштачилигида ҳар бир ҳудуд ўз мактабига эга. Масалан, Хоразм мактаби, Самарқанд мактаби, Шаҳрисабз мактаби, Фарғона водийси мактаби ва бошқа ҳудудларга хос мактаблар мавжуд. Шу йилларгача кўплаб ҳунармандлар, жумладан, мен ҳам, шу мактабларни ўрганиш ва қайта тиклаш устида ишлаб келаётгандик.
Бироқ шу пайтгача айнан Тошкент каштачилик мактабига етарлича эътибор берилмаган, уни тиклаш билан деярли ҳеч ким шуғулланмаган эди. 2012 йилда санъаткорлар билан суҳбат жараёнида менга: “Нега бошқа мактаблар тикланяптию, лекин Тошкент мактаби тикланмаяпти? Ахир сиз Тошкентда яшайсиз, бу мактаб бутунлай йўқолиб кетмаслиги керак”, деган фикрлар билдирилди.
Ана шу гаплар мен учун туртки бўлди. Шу сабабли 2012 йилдан бошлаб санъатшунос Бинафша Нодир билан биргаликда Тошкент каштачилик мактаби йўналишида изланиш ва тадқиқот ишларини бошладим. Қадимий намуналарни ўргандим, услубларини қайта тиклаш устида ишладим.
2015 йилда Тошкент каштачилик мактабига бағишланган биринчи кўргазмам бўлиб ўтди. У “Олис юлдуз жилваси” деб номланди. Шу кўргазмадан кейин ҳам Тошкент каштачилик мактаби йўналишида ишларни давом эттирдим ва бир қатор янги кўргазмалар ташкил этилди.
Жумладан, “Сеҳрли ипак жилоси”, “Сўзананинг туғилиши” каби кўргазмалар ўтказилди. Бу кўргазмалар орқали Тошкент каштачилик мактабининг ўзига хос услуби, нақшлари ва анъаналари намойиш этилди.
Энг муҳими, бу кўргазмалар фақат Ўзбекистонда эмас, балки хорижий давлатларда ҳам ўтказилиб, миллий каштачилик санъатимизни халқаро майдонда танитишга хизмат қилмоқда.
– “Suzani by Kasimbayeva” номли бренд асосчисисиз. Ўз номингиз билан махсус бренд яратишдан мақсад нима эди? Бу сизга қандай ёрдам беряпти?
– “Suzani by Kasimbayeva” брендини яратишдан асосий мақсадим ўзим тиклаётган Тошкент каштачилик мактабини дунёга танитиш ва миллий сўзаначилик анъаналарини замонавий шаклда намоён қилиш эди. Шунингдек, ҳар бир асарнинг муаллифи ва услуби аниқ бўлиши, яъни ишларим маълум бир ижодий мактаб ва ном билан боғланиб қолишини истадим.
Шахсий бренд яратиш менга бир неча жиҳатдан фойда берди. Аввало, ишларимни ягона ном остида тақдим этиш имкони пайдо бўлди ва уларни халқаро кўргазмаларда танитиш осонлашди. Иккинчидан, бренд орқали миллий каштачилик санъатимизни тарғиб қилиш, янги ҳамкорлар топиш ва маҳсулотларимизни кенгроқ аудиторияга етказиш имконияти пайдо бўлди.
Бугунги кунда бу бренд нафақат менинг ижодий фаолиятимни ифодалайди, балки Тошкент каштачилик мактабининг замонавий давомчиси сифатида ҳам хизмат қилмоқда.
– Мингдан ортиқ шогирд тайёрлабсиз. Бу жуда катта натижа. Бунга қандай эришдингиз ва шогирдларингиз қаерларда ишлашяпти?
– Мингдан ортиқ шогирд тайёрлашимнинг асосий сабаби, билим ва тажрибамни ёш авлодга ўргатишга бўлган катта истагимдир. Мен учун каштачилик фақат ҳунар эмас, балки миллий мерос ҳисобланади. Шунинг учун кўп йиллар давомида шогирдлар билан ишлаб, уларга нафақат кашта тикиш техникасини, балки унинг тарихи, маъноси ва анъаналарини ҳам ўргатиб келяпман.
Дарсларимизда амалиётга катта эътибор берамиз: шогирдлар нақш чизишдан тортиб, ип танлаш ва сўзана тикишгача бўлган барча жараёнларни ўрганишади. Шу меҳнат ва изчиллик орқали мингдан ортиқ шогирд тайёрлашга эришдим.
Бугунги кунда шогирдларимнинг кўпчилиги ҳунармандчилик марказларида, маданият муассасаларида, хусусий устахоналарда фаолият юритмоқда. Айримлари эса мустақил равишда ўз устахоналарини очиб, каштачилик санъатини давом эттиряпти ва уни янги авлодга ўргатмоқда.
– Сиз нечта иш ўрни яратдингиз? Жумладан, жамоангизда қанча одам ишлайди ва даромад даражаси қандай? Уларга бошқа ёрдамлар ҳам кўрсатасизми?
– Менинг фаолиятим ҳунармандчиликка асосланган бўлиб, асосан қўл меҳнати орқали амалга оширилади. Шу ҳунар орқали кўплаб шогирдлар тайёрладим. Уларнинг сони мингдан анча кўплиги маълум. Чунки фаолиятим фақат Тошкент шаҳри билан чекланиб қолмаган, йиллар давомида турли вилоятларга бориб, ушбу ҳунарни ўргатиб келяпман. Жумладан, Сурхондарё, Қашқадарё, Нурота, Наманган ва Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида ҳам бўлиб, у ерда ҳам қизлар ва аёлларга ҳунар ўргатганман.
Ҳар бир шогирдимга имконият яратишга ҳаракат қиламан. Бугунги кунда уларнинг айримлари касаначилик асосида уйида иш олиб боради, баъзилари эса мустақил равишда фаолият юритиб, ҳатто ўз устахоналари ёки ўқув мактабларини очиб, янги шогирдлар тайёрлашмоқда. Шу тариқа ҳар бир тайёрлаган шогирдим орқали янги иш ўринлари ҳам яратилмоқда.
Ҳозирги кунда бу ҳунар орқали кўплаб аёллар ва қизлар ўз оиласига моддий ёрдам кўрсатмоқда, оила даромадига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Биз кўпгина ишларимизни уйга бериб, қизларимизга тикиш орқали ишлаш имкониятини яратамиз.
Даромад миқдори бажарилган иш ҳажмига қараб фарқ қилади. Ўртача ҳисобда айрим усталар ойига тахминан 4-5 млн. сўм атрофида даромад топса, тажрибали ва тез ишлайдиган тикиш усталари 8-10 млн. сўмгача даромад олишлари мумкин.
Бундан ташқари, шогирдларимизга қўлимиздан келганча қўшимча ёрдам ҳам кўрсатиб келамиз. Уларнинг шароитига тушунишга ҳаракат қиламиз, зарур пайтда маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, ёш шогирдларимизни касбга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида уларни халқаро кўргазмалар ва фестивалларга ҳам олиб борамиз.
– Сиз юздан ортиқ халқаро кўргазма ва танловда иштирок этгансиз. Булар қандай юз берган? Қўқон Халқаро ҳунармандчилик фестивалида ҳам қатнашяпсизми? Шулар ҳақида гапириб берсангиз.
– Ҳақиқатдан ҳам, мен жуда кўплаб халқаро кўргазма ва фестивалларда иштирок этганман. Нафақат Ўзбекистонда, балки чет давлатларда бўлиб ўтадиган нуфузли тадбирларда ҳам қатнашиб келяпман.
Фаолиятимнинг бошланиш даврларида Ўзбекистонда катта кўргазмаларда иштирок этиш мен учун катта орзу эди. Ўша йилларда ҳозиргидек кўргазмалар кўп бўлмасди. Шунинг учун қайси кўргазма бўлишидан қатъи назар, агар менинг маҳсулотларим мос келса, қатнашишга ҳаракат қилардим. Ҳатто экологияга бағишланган кўргазмаларда ҳам маҳсулотларим табиий ва экологик бўлгани учун иштирок этганман.
Баъзи пайтларда бу мен учун осон бўлмаган, лекин ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш ва одамларни бу соҳа билан таништириш мақсадида деярли барча имкониятлардан фойдаланганман.
Йиллар давомида турли фестиваль ва кўргазмаларда иштирок этдим. Жумладан, “Атлас байрами”, “Қўқон Халқаро ҳунармандлар фестивали”, Бухорода ўтказилган фестиваллар, зардўзлик фестиваллари каби тадбирларда қатнашдим. Бу жараёнлар мендан катта меҳнат ва сабр талаб қилди.
2016 йилда Ўзбекистонда ўтказилган “Ташаббус” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб бўлганман ва Президент соврини “Спарк“ автомобилини олганман. Лекин бу муваффақият осон келмаган. Мен ушбу танловда саккиз йил давомида иштирок этдим. Ҳар йили янги маҳсулотлар тайёрлаб, ўз устимда ишлаб, яна ҳаракат қилардим. Баъзи пайтларда ютқазганимда жуда ҳам хафа бўлардим, ҳатто йиғлаган пайтларим ҳам бўлган. Лекин ҳеч қачон таслим бўлмадим. Ниҳоят, 2016 йилда ғолибликка эришдим.
Ҳозирги кунда эса Европада ва Америкада ўтказиладиган турли халқаро фестиваль ва кўргазмаларда ҳам мунтазам иштирок этиб келмоқдаман.
Жумладан, 2008 йилда ўтказилган “Дизайн ва мода” ҳафталиги, “Халқаро подиум-2008” кўрик-танлови иштирокчиси ва ғолибаси бўлдим. Марғилон шаҳрида ўтказилган “Атлас байрами” халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалида иштирок этиб, ЮНЕСКОнинг “Сифат белгиси” сертификати билан тақдирландим (2015-2024). Шунингдек, Ҳиндистонда бўлиб ўтган “Rajasthan Heritage Week” халқаро фестивали (2016-2017) ҳамда АҚШнинг Санта-Фе шаҳрида доимий ўтказиладиган “International Folk Art Market” халқаро ярмаркаси (2016-2019) қатнашдим.
Иккита кашта асарим дунёнинг энг нуфузли музейларидан бири бўлмиш Британия музейининг (“British Museum”) доимий экспозициясида 2023 йилдан бери намойиш этилмоқда.
Санъатшунос Бинафша Нодир билан ҳамкорликда Тошкент каштачилиги анъаналарини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган лойиҳа доирасида ташкил этилган “Олис юлдуз жилваси” (2015), “Сеҳрли ипак жозибаси” (2016), “Сўзананинг туғилиши” (2019) номли шахсий кўргазмаларим ҳам ташкил этилди.
2023 йилда IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси доирасида ўтказилган “Фалакнинг гардиши ёхуд бир каштадўз қиссаси” номли шахсий кўргазмада намойиш этилган Тошкент мактабига хос палак Марказий Осиёдаги энг катта сўзана (размери – 8×5,30 м) бўлиб, 2,5 йил давомида яратилган. Ушбу асар халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан Биеннале гран присига лойиқ кўрилди. Мазкур кўргазма Латвиянинг Рига шаҳридаги “Биржа” музейида уч ой давомида намойиш этилиб, халқаро экспертлар томонидан юксак баҳоланди.
2023 йил 15-16 апрель кунлари Париждаги “Араб дунёси” институтида ўтказилган “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” кўргазмаси доирасида энг сара асарларим намойиш этилди. 2024 йилда 60-Венеция биенналеси доирасида ташкил этилган Ўзбекистон миллий павильонида ҳам ижодий асарларим билан қатнашдим.
2024 йил 30 ноябрдан Австралиянинг Брисбен шаҳридаги Квинсленд замонавий санъат галереясида 11-марта ўтказилаётган “Осиё-Тинч океани триенналеси” (2025 йил 27 апрелга қадар)да 5 та асарим намойиш этилмоқда. Галерея директори Крис Сэйнс ушбу асарларнинг бадиий қийматини алоҳида таъкидлаб, уларни “кўргазманинг асосий безаги”, деб эътироф этди.
Бугунги кунда юртимизда ҳунармандчиликка берилаётган эътибордан жуда мамнунман. Ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилаётган имкониятлар учун давлатимиз раҳбариятига чексиз миннатдорлик билдираман.
– Бизнесингизнинг ижтимоий аҳамияти борми ва у қандай? Яъни, ҳудудингизда яшаётган эҳтиёжманд оилаларни ҳам қўллаб-қувватлайсизми?
– Албатта, бизнесимнинг ижтимоий аҳамияти бор. Мен бу фаолиятни фақат даромад учун эмас, балки ўз ҳудудимда яшовчи эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам олиб бораман. Ҳар доим имконимиздан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан, айниқса, касаллик, моддий қийинчилик ёки бошқа заруратлар бўлган оилаларга. Шунингдек, фаолиятим давомида ўқишга чиққан ёшлар ва уларнинг оила аъзолари билан ҳам алоқада бўлиб, уларга қўлимдан келганча кўмаклашаман.
Бу ишни мен кўзга кўринган мақсад ёки танишлар учун эмас, балки самимий равишда, ҳақиқий эҳтиёжмандларга ёрдам бериш учун қиламан. Худога шукр, биз буни барча имкониятларимиз билан амалга ошира оляпмиз.
– Сиз келгусида қандай лойиҳаларни ишлаб чиқяпсиз ёки режалаштиряпсиз? 2025 ва 2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар режаларингизга қандай таъсир қилади?
– Келгусида аниқ лойиҳаларимни айтиш қийин, чунки ҳунармандчиликда ижод ва илҳом ҳар доим биринчи ўринда туради. Ҳар бир кўргазма ва тайёрлаган ишларим ўз ичидаги илҳом ва ижод маҳсули бўлиб, улар орқали ўз санъатимни ифода этаман. Шу сабабли аввалдан аниқ режаларни айтиш қийин, лекин Худо хоҳласа, янги кўргазмалар ташкил қилиш ва уларни нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда намойиш этишни ният қиламан.
Яқинда эса Озарбайжон санъат музейида “Сўзананинг туғилиши” номли шахсий кўргазмамиз бўлиб ўтди. Кўргазма 13 мартда очилди. Худо хоҳласа, келажакда бу каби кўргазмаларим янада кўпайишини ният қиламан .
Шунингдек, келажакдаги режаларда мен асосий мақсад сифатида янги шогирдларни тайёрлашни қўйганман. Мақсадим – ёшлар, қизлар ва аёлларга ҳунар ўргатиб, уларнинг ўз оилаларига моддий ва маънавий ҳиссасини қўшишларига ёрдам бериш.
Ўзбек каштаси – мўъжизакор санъат! Унда халқимнинг, айниқса, ўзбек аёлининг қалби, орзу-умидлари акс этган. Шунинг учун унга дунё халқларида қизиқиш жуда катта.
Биз, каштадўзларга, ана шундай буюк санъатни давом эттириш ва уни дунёга ёйиш йўлида юртимизда яратилаётган имкониятлар ва қўллаб-қувватлашлар учун давлатимизга чексиз миннатдорлик билдираман.
Одил Олимжонов,Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №3/2026
Изоҳ қолдириш