Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринборсари, иқтисодчи Муҳсин Холмуҳамедов “Муносабат” кўрсатувида Конституцияда муваффақиятга эришган мамлакатлар тажрибаси ҳақида гапирди.
“Биз иқтисодчи олимлар охирги 20-30 йилда дунёдаги қайси давлатларда шиддат билан иқтисодий ўсиш юз берди ва уни омиллари нима деган катта бир саволни ташладик. Буни атрофида жуда кўп муҳокамалар қилдик, боғлиқликларини, корреляциясини ўргандик, тадқиқотларни ўргандик. Ялпи ички маҳсулоти билан маълум бир индекслар – иқтисодий эркинлик индекси, коррупцияга қарши кураши индексларидан хулоса қилдикки, охирги 30 йил ичида кескин иқтисодий ўқишга эришган давлатлар ичида масалан, Ирландия, БАА, Сингапур, Малайзия, Жанубий Корея ва яна қатор Собиқ Иттифоқ давлатлари ичида Грузия, Озарбайжон тажрибасини қарайдиган бўлсак, у конституцияларда одамларга берилаётган эркинликлар, иқтисодий фаолият юритишга бўлган эркинликлар максимал равишда кенг берилган.
Энг асосий факторлардан бири ҳам ички ташқи инвесторларни жалб қилиш учун мулк дахлсизлиги таъминланган. Бундан ташқари қонун билан чекланмаган барча иқтисодий фаолият турларига рухсат берилган. Қанча даромад олиши ҳеч қачон чекланмаган ва у ҳеч қайси давлат органи томонидан сўралмайди. Иккинчи томондан давлатни ичида тўртта эркинлик дейилади: товар ва хизматлар, ишчи кучи ва капитални эркин ҳаракатланиши тўлиқ таъминланади.
Бундан ташқари давлат бошқа иқтисодий ҳамкорлик ташкилотларига қўшилиб, интеграциялашиб максимал даражада фуқароларни иқтисодий фаолиятини эркинлаштиришга шароитлар яратади. Ер муносабатлари, ерни хусусийлаштириш, давлат мулкини имкон қадар хусусийлаштириш, монополияларни чеклаш, нопокмонополияга тўсқинлик қилиш каби кўплаб эркинликлар бериши натижасида ўзини фуқароларига ишончини ортириш орқали инвестиция киритиш билан асосий бойликни фуқароларнинг ўзи яратади. Бизам бу нуқтаи назардан жорий конституциямизнинг 53-модда, 37-модда, 128-модда ҳамда солиқлар билан боғлиқ кўпгина моддаларга иқтисодчи сифатида ўзимизнинг таклифларимизни берганмиз. Конституциямизда инсон қадри энг асосий тамойил бўляпти, десак муболаға бўлмайди”, дейди эксперт Муҳсинжон Холмуҳамедов.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 25 июнь куни «Бу менинг Конституциям» порталида конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун ўзбек ва рус тилларида эълон қилинди. Лойиҳа Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда бир овоздан қабул қилинган эди.
Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича 46 кишидан иборат конституциявий комиссия бир ой ичида ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди. Портал орқали фуқаролар ва ташкилотлардан таклифлар қабул қилиб олинди.
Izoh qoldirish