Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан инвестор ҳамда тадбиркорлар билан учрашув ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бир йил аввал Кумушконда Бўстонлиқ ва Зоминдаги туристик зоналардан қолишмайдиган йирик мажмуа барпо этиш вазифаси қўйилганини эслатди.
«Аввало, ўзимизникиларга имконият берайлик, улар нималарга қодирлигини кўрсатсин», деган ёндашув асосида маҳаллий лойиҳачилар ва қурувчилар 47 гектар майдонда «Олтин бел» мажмуасини бунёд этди.
Мажмуада тўртта меҳмонхона, иккита ресторан, 51 та шале, аквапарк, амфитеатр ва кўнгилочар иншоотлар ташкил қилинган. Бир вақтнинг ўзида 6 минг нафарга хизмат кўрсатиш ва 600 та иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.
Халқаро туризм академияси томонидан бу ерда ташкил этилган курсларда 300 нафар мутахассис тайёрланди. Қурилиш ва жиҳозлашда маҳсулотларнинг 95 фоизи маҳаллий корхоналардан олингани лойиҳа таннархини 20 фоизга арзонлаштирди.
Ушбу тажриба асосида Нанай, Хонобод, Чимёнсой, Музбулоқ, Ургут, Элликқалъа ва бошқа ҳудудларда ҳам туризм масканлари барпо этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Президентимиз қурилиш индустрияси ва туризм бир-бирини тўлдирадиган, ўзаро янги имкониятлар очадиган соҳаларга айланиши зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари қурилиш материаллари саноатида эришилган натижалар ва янги экспорт имкониятларига ҳам тўхталди.
Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингдан зиёд замонавий корхона ишга туширилди.
Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 7 триллион сўмдан 65 триллион сўмга, экспорт эса 75 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Мамлакатимизда ҳар йили 50–55 миллиард доллар инвестиция жалб этилаётгани қурилиш маҳсулотлари учун катта ички бозорни шакллантирмоқда. Қўшни ва яқин минтақаларда ҳам бу маҳсулотларга йиллик талаб 50 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, маҳаллий девелоперларни хорижий тендерларга олиб чиқиш ва арзон ҳамда узлуксиз логистика занжирларини яратиш ҳисобига экспортни яқин йилларда 5 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.
«Лекин ҳозирги тез ўзгарувчан бозор шароитида тадбиркорлар билан йилда бир эмас, керак бўлса, ҳар ойда мулоқот қилиш зарур», — деди Президентимиз.
Бу борада вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар олдига аниқ талаб қўйилди.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда асосий вазифалардан бири – маҳсулот сифати, дизайни ва рақобатбардошлигини ошириш.
Мамлакатимизда керамик плита, базальт қоплама, қурилиш ойнаси ва газоблок каби 161 турдаги маҳсулот бўйича ички талабни қоплашга етарли қувватлар мавжуд. Шунга қарамай, сифат ва бренд билан боғлиқ камчиликлар сабаб йиллик импорт 780 миллион долларни ташкил этмоқда.
Масалан, керамик плита ишлаб чиқариш қуввати ички талабдан уч карра юқори, бироқ йирик ўлчамли плиталар импортига ҳар йили 25 миллион доллар сарфланмоқда. Лок-бўёқ, гулқоғоз ва энергия тежамкор ойна каби саккиз турдаги тайёр маҳсулот импорти эса 280 миллион долларга етган.
Ушбу йўналишда Туркиянинг «Betek» компанияси билан Зангиота туманида 30 миллион долларлик лок-бўёқ заводи қурилиши бошланаётгани маълум қилинди.
Давлатимиз раҳбари ҳокимлардан истеъмолчилар талаби ва халқаро брендлар имкониятини чуқур ўрганиб, янги лойиҳаларни илгари суришни талаб қилди.
Izoh qoldiriş