Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги ташқи савдо муносабатлари, инвестициявий ҳамкорлик ва икки томонлама иқтисодий алоқаларнинг ривожланиш кўрсаткичлари акс эттирилган инфографикани тайёрлади.
Ўзаро савдо кўрсаткичлари
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар сўнгги йилларда изчил ривожланмоқда. Икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ўсиб, иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишлари кенгаймоқда.
2017–2025 йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 14 бараварга ошиб, 853,2 минг доллардан 12 млн долларга етди.
2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 2024 йилга нисбатан 2,5 бараварга ошди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Иорданияга экспорти 5,6 млн долларни, импорти эса 6,4 млн долларни ташкил этди.
Мазкур динамика ўзаро савдо алоқалари кенгайиб бораётганини кўрсатади. Шу билан бирга, савдо ҳажмининг нисбатан кичиклиги икки мамлакат ўртасида товар айирбошлашни янада ошириш имкониятлари мавжудлигини англатади.
Ўзаро савдо таркиби
Ўзбекистоннинг Иорданияга экспорти таркибида қандолат маҳсулотлари, қуритилган ўрик, тўқимачилик маҳсулотлари, мис ва мисдан тайёрланган маҳсулотлар мавжуд.
Хусусан, қандолат маҳсулотлари ва қуритилган мевалар Иордания бозорига етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари қаторига киради. Шунингдек, тўқимачилик ва металлургия маҳсулотлари савдосини кенгайтириш имкониятлари мавжуд.
Иорданиядан импорт таркибида фармацевтика маҳсулотлари, кимё саноати маҳсулотлари, машина ва ускуналар ҳамда минерал ўғитлар ўрин олган.
Икки мамлакат ўртасида савдо алоқаларини ривожлантириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва бозорларга ўзаро кириш имкониятларини яхшилаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Инвестициявий ҳамкорлик
2026 йил октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокида 18 та корхона фаолият юритмоқда.
Инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда икки мамлакат ўртасидаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2025 йил август ойида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Жумладан, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим, Қўшма комиссия тузиш тўғрисидаги битим, шунингдек, товарлар ва транспорт воситалари ҳаракати бўйича дастлабки маълумотларни онлайн алмашиш тўғрисидаги баённома қабул қилинди.
Имзоланган ҳужжатлар инвестициялар, савдо, қишлоқ хўжалиги, туризм, стандартлаштириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратди.
Икки мамлакат ўртасида фармацевтика, тўқимачилик, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, геология ва транспорт-логистика соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Транспорт ва туризм соҳасида ҳамкорлик
2026 йил 1 июлдан Ўзбекистон ва Иордания ўртасида Амман–Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилди.
Royal Jordanian Airlines авиакомпанияси томонидан ҳафтасига 2 та рейс амалга оширилмоқда.
Мунтазам авиақатновнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат ўртасида ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, туристлар оқимини ошириш ва хизматлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
Шунингдек, 2025 йилда туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган бўлиб, ушбу йўналишда қўшма туристик дастурлар ва янги саёҳат йўналишларини ишлаб чиқиш имкониятлари мавжуд.
Ҳамкорлик истиқболлари
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари, фармацевтика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва транспорт-логистика соҳалари белгиланмоқда.
Хусусан, Иорданиянинг Яқин Шарқ мамлакатлари билан савдо алоқалари Ўзбекистон маҳсулотларини янги бозорларга етказиб бериш учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин.
Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг кейинги босқичида асосий эътибор мавжуд келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш, ўзаро савдони кенгайтириш ва қўшма инвестиция ташаббусларини амалга оширишга қаратилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Izoh qoldirish