2026 йил январь–август ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 57,4 млрд долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 4 млрд долларга ёки 7,6%га ўсди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси матбуот хизмати.
Ташқи савдо айланмаси таркибида экспорт ҳажми 22,9 млрд долларни, импорт ҳажми эса 34,5 млрд долларни ташкил этди. Умумий ташқи савдо айланмасида импортнинг улуши 60%, экспортнинг улуши эса 40%га тўғри келди.
Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмаси бўйича манфий сальдо 11,6 млрд долларни ташкил этди.
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг салмоқли улуш Хитой — 23%, Россия Федерацияси — 16%, Қозоғистон — 6,5%, Туркия — 3,4% ва Афғонистон — 2,5% ҳиссасига тўғри келди.
Мамлакатлар гуруҳлари бўйича ташқи савдонинг энг катта ҳажми МДҲ мамлакатлари билан 21,1 млрд доллар, ЕОИИ мамлакатлари билан 14,6 млрд доллар, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан 4,6 млрд долларни ташкил этди. Бошқа давлатлар билан савдо ҳажми 36,3 млрд долларга етди.
Ташқи савдо таркибида хизматлар 23%, машина ва ускуналар 21%, саноат моллари 14%, озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари 11%, кимёвий моддалар 10%, ёқилғи ва мойлаш материаллари 7%, тайёр маҳсулотлар 6%, бошқа товарлар 6% ва ноозиқ-овқат хом ашёси 2%ни ташкил этди.
Экспорт таркибида энг катта ҳажм хизматлар ҳиссасига тўғри келиб, 8,5 млрд долларни ташкил этди. Шунингдек, саноат моллари экспорти 3,2 млрд доллар, бошқа товарлар, шу жумладан олтин 3 млрд доллар, тайёр маҳсулотлар 2,1 млрд доллар, озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари 2 млрд доллар, кимёвий маҳсулотлар 1,8 млрд доллар, ёқилғи ва мойлаш материаллари 1,1 млрд доллар, машина ва ускуналар 0,9 млрд доллар, ноозиқ-овқат хом ашёси 0,2 млрд долларни ташкил этди.
Импорт таркибида машина ва ускуналар 11,3 млрд доллар билан етакчилик қилди. Саноат моллари импорти 4,8 млрд доллар, хизматлар 4,6 млрд доллар, озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари 4,4 млрд доллар, кимёвий маҳсулотлар 4,2 млрд доллар, ёқилғи ва мойлаш материаллари 2,8 млрд доллар, тайёр маҳсулотлар 1,2 млрд доллар, ноозиқ-овқат хом ашёси 1,1 млрд доллар, бошқа товарлар импорти эса 0,3 млрд долларни ташкил этди.
Шу билан бирга, олтинни ҳисобга олмаганда товарлар экспорти 11,5 млрд долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 28,7%га ўсди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш