Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида, жумладан, Андижон вилоятида ҳам камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда оғир туманларни жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар, янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2017-2025 йилларда Андижон вилоятида аҳолини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида вилоятининг ялпи ҳудудий маҳсулоти 22,9 трлн сўмдан 107,7 трлн сўмга етиб, реал ҳисобда 66 фоизга ўсди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот 7,7 млн сўмдан 30,9 млн сўмга кўпайди. Шу даврда вилоят аҳолиси 16,8 фоизга ортиб, 2025 йил якунида 3,5 млн кишини ташкил этди.
Вилоятда саноат салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва янги замонавий ишлаб чиқариш кучларини барпо этиш натижасида саноат ишлаб чиқариш ҳажми 13,3 трлн сўмдан 107,9 трлн сўмга - жорий баҳоларда 8,1 бараварга, реал ҳисобда 2,4 бараварга кўпайди. Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноат ва қурилиш улуши 23,5 фоиздан 35,2 фоизга кўтарилди. Бу эса, ҳудуд иқтисодиётини диверсификациялаш ва ҳудудни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва қулай агробизнес муҳитини яратиш орқали қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 32,6 фоизга ўсиб, 15,9 трлн сўмдан 53,5 трлн сўмга етди. Айни пайтда соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 40,7 фоиздан 29 фоизга пасайди.
Бозор хизматлари ҳажми реал ҳисобда 2,3 бараварга кўпайиб, 2025 йилда 54,0 трлн сўмни ташкил этди ва унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 35,8 фоиз даражасида сақланиб қолди.
Ташқи савдони эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чоралар натижасида сўнги тўққиз йил давомида вилоятнинг ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 3,4 бараварга кўпайиб, 2025 йилда 1 369 млн долларга етди.
2017-2025 йилларда вилоят иқтисодиётига жами 130,5 трлн сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди.
Инфратузилмани ривожлантириш соҳасида 2017-2025 йилларда 64,7 км газ қувури тармоқлари ва 3 574,3 км сув таъминоти тармоқлари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 6 854 млн кВт·соат электр энергия ишлаб чиқариб истеъмолчиларга етказилди.
Вилоят аҳолиси мамлакат аҳолисининг 9,1 фоизини ташкил этади, вилоят ҳудуди эса республика ҳудудининг атиги 1 фоизига тенг. Шу боис кўп қаватли уйлар қуриш орқали аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш чоралари кўрилмоқда. 2017-2025 йилларда вилоятда жами 11 423 минг кв метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Ижтимоий соҳада мактабгача таълим муассасаларида 30,2 минг, умумтаълим мактабларида 104,8 минг ўринлик, шифохоналарда 4,7 минг койкалик қувватлар ишга туширилди.
Холмирзаев Баҳодир
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими
Изоҳ қолдириш