Президент қурилиш материаллари, автомобилсозлик ҳамда озиқ-овқат саноатларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди

Президент қурилиш материаллари, автомобилсозлик ҳамда озиқ-овқат саноатларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга доир долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда саноатни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айрим тармоқларда хомашёни чуқур қайта ишлаш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг яхлит занжири яратилмагани кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, мисни қайта ишлаш 25 фоиз, ипакчиликда 20 фоизга ҳам етмайди. Тармоқлараро кооперация ҳам тўлиқ йўлга қўйилмаган. Жумладан, электротехника ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро кооперация ҳисобига камида 80 миллион долларлик маҳсулот тайёрласа бўлади. Ёки кимё саноати тўқимачилик учун синтетик тола ва полиэстер, автомобилсозлик ҳамда қурилиш материаллари соҳасига корд ва турли бўёқлар, озиқ-овқат саноатига ароматизаторлар етказиб бериши мумкин.

Шу боис замонавий технологиялар трансферини йўлга қўйиш, тармоқларнинг энергия самарадорлиги ва рақобатдошлигини оширишни назарда тутувчи Саноат сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, электр техникаси ҳамда озиқ-овқат саноатларига алоҳида эътибор қаратиш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мамлакатимизда кичик бизнес иқтисодиётнинг ўсиш нуқтаси этиб белгиланган. Йиғилишда тадбиркорларга эркин рақобат муҳитини яратиш учун хусусий мулкчиликни ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш зарурлиги таъкидланди.

Юқори технологияли тармоқларда кичик бизнес ҳиссаси камлиги қайд этилиб, бундай субъектларни давлат томонидан рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ҳудудларда кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Маълумки, кеча, 8 июнь куни Президентимиз ҳузурида ўтказилган тақдимот чоғида рақамли технологияларни тезкор ривожлантириш, уларни барча тармоқларда кенг жорий қилиш вазифалари келишиб олинган эди. Бу борадаги ишларни бугун белгиланган саккизинчи устувор йўналишга мувофиқ ташкил қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда мутасадди раҳбарлар иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қисқа ва ўрта муддатда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар