Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишга бағишланган тадбир Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ташкил этилди.
Тадбир Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевлар томонидан жорий йилнинг август ойида Озарбайжон Республикаси етакчисининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида қўйилган мақсадларни амалга оширишда муҳим қадам бўлди. Хусусан, Олий давлатлараро кенгаш мажлиси доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга ахборот-таҳлилий кўмаклашувнинг муҳимлиги таъкидлаб ўтилган эди. Шундан келиб чиқиб, қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун етакчи иқтисодий таҳлил марказларидан бирини жалб этиш таклиф этилди.
Шу муносабат билан сентябрда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази делегацияси Озарбайжонга ташриф буюриб, у ерда давлат органлари, махсус иқтисодий зоналар ва ишбилармон доиралар вакиллари билан 20 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Марказ томонидан ташриф якунлари бўйича иқтисодиётнинг 18 та асосий тармоқлари бўйича қиёсий таҳлил тайёрланиб, у келгусида муҳокама ва ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқлаш учун асос бўлди.
Икки томонлама ҳамкорликни давоми сифатида таркиби Иқтисодиёт вазирлиги ва илмий тадқиқот доиралари вакилларидан иборат Озарбайжон делегациясининг Ўзбекистонга жавоб ташрифи ташкил этилди. Озарбайжон делегацияси Ўзбекистоннинг муҳим вазирлик ва идораларида, шунингдек, олий таълим муассасаларида учрашувлар ўтказди.
Давра суҳбати иштирокчиларига қутлов сўзи билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов ва Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодий тадқиқотлар институти бошқаруви раиси, Озарбайжон делегацияси раҳбари Шаҳин Садигов мурожаат қилди.
Давра суҳбатида Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, UNEC давлат иқтисодиёт университети, AZEXPORT портали, Иқтисодий ислоҳотлар таҳлили ва коммуникация маркази, AZPROMO агентлиги вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон томонидан тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари, вазирликлар, жумладан, транспорт, олий таълим, фан ва инновациялар, иқтисодиёт ва молия, қишлоқ хўжалиги, инвестициялар, саноат ва савдо, рақамли технологиялар ва бошқа идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг иқтисодий ривожланишида билимларни интеграция қилиш ва имкониятларни таҳлил қилиш бўлди. Иштирокчилар иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларини кўриб чиқдилар ва илмий мулоқотни чуқурлаштириш мақсадида экспертлар ва таҳлил марказлар ўртасида фикр алмашиш учун платформа ташкил этдилар.
Давра суҳбати иштирокчиларига иқтисодиётнинг ҳал қилувчи тармоқлари қиёсий таҳлили тақдим этилди, у эса, ўз навбатида, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини янада белгилашга асос бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон юқори қўшилган қийматга эга ишлов берувчи тармоқларда, шу жумладан, синтетик газламалар ва углерод толаси каби углеводородлардан янги маҳсулотларни қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шунингдек, ҳар икки бозорларда ҳам талабгир кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳаларни излаш ва амалга оширишга қизиқаетгани қайд этилди. Бу эса, истиқболда иқтисодий ривожланиш ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳар икки мамлакат саноат ҳамкорлиги доирасида юқори қўшилган қийматга эга экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни яратиш, шу жумладан, электромобиллар ишлаб чиқариш ва электр транспорти учун инфратузилмани йўлга қўйиш, шунингдек, Озарбайжон ҳунармандларини жалб қилиш ва заргарлик буюмлари ярмаркаларини ташкил этиш орқали заргарлик саноатини ривожлантиришдан манфаатдор. Бу ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади.
Шунингдек, Озарбайжон томони Ўзбекистоннинг иқтисодиёт тармоқларини, айниқса, ишлов бериш саноатини трансформация қилиш ва ривожлантириш борасидаги тажрибаси муҳимлигини қайд этиб этди. Бу тажриба ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш ва нонефть секторини ривожлантиришга фаол интилаётган Озарбайжон учун алоҳида аҳамиятга эга, дея таъкидлади Озарбайжон делегацияси раҳбари.
Тадбир якунлари бўйича Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодиёт илмий-тадқиқот институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандум доирасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида илмий алмашинувни мустаҳкамлаш йўлида салмоқли қадам бўлади ҳамда икки мамлакатни янада ривожлантириш ва халқаро майдонда интеграция қилишга кўмаклашади.
Учрашув якунида самимий қабул учун миннатдорлик билдирилди, шунингдек, Озарбайжонда 8 ноябрда нишонланадиган Ғалаба ва босиб олинган ҳудудларни озод қилиш куни билан табрикланди. Ўзбекистоннинг Қорабоғни тиклашдаги муҳим роли таъкидланди, бу – мамлакатлар ўртасидаги мустаҳкам алоқалар ва ўзаро ёрдам руҳидан далолат беради.
Шу билан Озарбайжон Республикаси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунига етди.
Изоҳ қолдириш