Ёш ватандошимизнинг ЕОИИга  кириш масаласига доир фикрлари хусусида...

Ёш ватандошимизнинг ЕОИИга  кириш масаласига доир фикрлари хусусида...

2019 йил 4 ноябрда Кун.уз сайтида Токио университети талабаси Бекзод Закировнинг “Евросиё иқтисодий иттифоқи «янги Европа иттифоқи» бўла оладими?” номли мақоласини ўқиб қолдим. Мақола менда ғалати ва қарама-қарши ҳислар уйғотди. Аввало, узоқ Токиода таҳсил олаётган ёш толиб ҳамюртимизнинг Ватанимиз келажаги ҳақида куюниб мақола ёзганлиги таҳсинга сазовор. Лекин мазкур мақоланинг айрим фикрлари менда қатор саволлар уйғотди.

Муаллифнинг “Кўп мутахассислар масалага Ўзбекистоннинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолати ва унинг савдо муносабатлари нуқтаи назардан ёндашиб, ЕОИИга аъзолик ҳозирча мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келди”, деган фикрига қўшилолмайман. Негаки, мен ҳам шу мунозараларни кузатиб боряпман. Ва экспертларнинг мутлоқ кўпчилиги Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши мақсадга мувофиқ эканлигини ёқлашаётганлигини кўриб турибман.

Закиров яна ёзяпти: ... “бу иттифоқнинг вужудга келишида кўпроқ сиёсий омиллар, аъзо давлатнинг ташқи савдо, ишчи кучи ва божхонага тааллуқли иқтисодий масалаларидан кўра кўпроқ элиталарнинг тор манфаатлари кўзланган”. Талаба ватандошимиз “кўпроқ элиталарнинг тор манфаатлари кўзланган”лиги ҳақидаги хулосаси асосланмаган, у қуруқ ахборот шаклида берилган.

Ёш ватандошимнинг кейинги хулосаси ҳам мендай анча-мунча ҳодисаларни кўрган шахсни ҳам янада ҳайратлантиради: “Россия ташқи савдосида иттифоқнинг роли унчалик катта бўлмасада, мана икки-уч йилдан бери Россия ҳукумати ташкилотга янги аъзолар олиб кириш ҳаракатида. Бунинг ортида 2014 йилдан эътиборан Ғарб давлатлари томонидан қўйилган санкциялар тасирини камайтириш ва сиёсий барқарорликни ушлаб қолиш мақсади ётади”... Лекин кейин бу хулосасига ўзи қарши чиқяпти: “Буни ташкилотнинг асосий асосчиси бўлмиш Россиянинг йиллар давомида ташкилотга бепарволигида кўриш мумкин. Геосиёсий муаммолар гирдобида қолаётган Россиянинг қай даражада ЕОИИни ривожлантира олиши сўроқ остида турибди”. Қаранг, булар бир-бирига зид фикрлар-ку?! Муаллифнинг қайси гапига ишонайлик?

Закировнинг қуйидаги фикрларига эътибор беринг: “Иттифоқ ишлари демократик институтларга эмас, балки яккаҳокимлик услубида иш тутадиган шахсларга боғланиб қолган”. Яъни у айтмоқчики, мазкур Иттифоқда бошқарув тўлалигича айрим шахсларга боғланиб қолган. Нима, ёш талабанинг ахборот олиш имкониятлари шу даражада чуқурми?

Унинг кейинги хулосаси янада ҳайратланарли: “Маълум шахсларнинг кучига боғланган иттифоқнинг тақдири сиёсий ўтиш даврига тайёрланаётган Россияда вазият ўзгариб қолса нима бўлади, деган савол кўндаланг бўлмоқда”...

Бу мақолани ўқиб бўлгандан кейин менда “ёш ватандошимиз Токио университетининг қайси факультетида таълим олаётган экан”, деган ҳақли савол ҳам пайдо бўлди! Чунки Бекзод Закировнинг жаҳон сиёсий ва иқтисодий майдонида юз бераётган воқеалардан чуқур хабардорлиги ва юксак мушоҳада даражаси унинг тимсолида ажойиб сиёсатшунос эксперт пайдо бўлаётганлигидан дарак бермоқда! Мен бу фикрни чин юракдан ёздим. Чунки Бекзод Закировнинг кўп фикрларига қўшилмаган бўлсамда, лекин унинг талантли сиёсатшунос бўлиб шаклланиб бўлганлиги ушбу мақоласидан кўриниб турибди!

Одил Олимжонов,

иқтисод фанлари доктори, профессор

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар