Uzbek Import Fair 2025: Импортни оптималлаштириш ва маҳаллий контентни ошириш йўллари муҳокама қилинади

Uzbek Import Fair 2025: Импортни оптималлаштириш ва маҳаллий контентни ошириш йўллари муҳокама қилинади

Кўргазманинг асосий мақсади — маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятларини намойиш қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни рағбатлантириш ва ички бозорни сифатли, рақобатбардош товарлар билан таъминлаш орқали импортни оптималлаштиришдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида жаҳоннинг барча мамлакатлари, айниқса қўшни давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат юритилиши мамлакатнинг ташқи савдо айланмасини сўнгги беш йилда деярли икки баробарга ошириш имконини яратди.

Таҳлилларга кўра, ташқи савдода импортнинг улуши ҳануз юқорилигича сақланиб қолмоқда. Хусусан, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 6 ойи давомида импорт ҳажми 20 млрд АҚШ долларидан ортиқни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 % га ёки 1,9 млрд АҚШ долларига ошган.

Импортнинг асосий улушини машина ва ускуналар, хўжалик моллари, кимё саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари ташкил этмоқда.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 августдаги тегишли топшириғига асосан масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда мазкур кўргазмани юқори савияда ўтказиш учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Кўргазманинг яна бир муҳим қисми – 7-8 октябрь кунлари ўтказиладиган панель сессиялар бўлиб, унда асосий импортёрлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ва давлат идоралари вакиллари билан бирга илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари олимлари ва халқаро экспертлар ҳам иштирок этиши кўзда тутилган. Бу эса тадбирнинг амалий ва илмий ёндашувга асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилишида муҳим аҳамият касб этади.

Панель сессиянинг биринчи куни импортни оптималлаштиришнинг умумий тамойиллари ва стратегик ёндашувлар, импорт сиёсатида устуворликлар ва тартибга солиш механизмлари, тариф ва нотариф чораларни такомиллаштириш, рақамли божхона ва логистика тизимлари орқали самарадорлик, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва импортни босқичма-босқич камайтириш халқаро тажрибалар ҳамда Ўзбекистон учун амалий тавсиялар муҳокама этилади.

Иккинчи куни эса, саноатнинг 24 та соҳаси бўйича махсус панель сессияси ташкил этилиб, унда тармоқлар кесимида импортни оптималлаштириш, озиқ-овқат, фармацевтика, косметика, машинасозлик, металл саноати, қурилиш материаллари, тўқимачилик, мебель, чарм ва кимё саноати маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги мавжуд муаммолар, уларни ечимига қаратилган илмий таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шу куни соҳалар бўйича аниқ муаммолар, чекловлар ва ечимлар муҳокама қилинади. Ҳар бир блок алоҳида кичик-панель ёки секцияларга бўлиниб, амалий тавсиялар ишлаб чиқади.

Ушбу панель сессия доирасида:

импорт ҳажмини қисқартириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади;

давлат органлари ва бизнес вакиллари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилади;

инвестицияларни жалб қилиш, қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва халқаро тажрибани жорий этиш масалалари муҳокама қилинади.

Кўргазма якунлари бўйича энг кўп импорт қилинадиган маҳсулотлар рўйхати ва уларни маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари тарғиб қилинади.

Ушбу тадбир нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар майдони, балки илмий-тадқиқот ва амалий ҳамкорлик платформаси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Кўргазма доирасида ташкил этиладиган панель сессиялар маҳаллий ҳамда халқаро мутахассислар ўртасида самарали фикр ва тажриба алмашиш имконини яратиб, мамлакатимизда иқтисодий жараёнларнинг янада барқарор ва самарали ривожланишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлашга туртки бўлиши шубҳасиз.

Божхона қўмитасининг Ташқи иқтисодий фаолият
илмий маркази етакчи илмий ходими
Бехзод Абдуназаров

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар