Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси

Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси
фото: УзА

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни парламентга мурожаат билан чиқиш қилиб, ўз нутқида ёшларни қўллаб-қувватлаш долзарб эканлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди ва 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилишни таклиф қилди[1]. Ушбу таклиф жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Худди шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида ҳам ёшларимизни “Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси” деб таърифлади.

Азалдан юртимиз ўзининг болажонлиги, ёшларнинг камолоти барча даврларда устувор бўлиб келгани билан ажралиб туради. Статистик маълумотларга кўра, бугун дунё аҳолисининг 16 фоизини ёшлар ташкил қилмоқда. Юртимизда эса бу кўрсаткич эътироф этса арзигулик – аҳолининг 60 фоиздан ошиқ қатлами келажагимиз давомчилари ҳиссасига тўғри келади. Шу маънода ҳам, Ўзбекистонни ёшлар мамлакати, десак муболаға бўлмайди.

Ёшларни иш билан таъминлашда уларнинг иқтисодий мустақилликка эришишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишларида кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасининг ривожланишии энг асосий омил ва манба бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида тадбиркорликни ривожлантириш, унинг қонуний-меъёрий асоларини мустаҳкамлашга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Кам сармоя талаб қиладиган, тез модернизация қилинадиган ва бозор конюктурасининг ўзгарувчан талабларига яхши мослаша оладиган бизнес юритиш замон талабига айланди десак муболаға бўлмайди. Кичик бизнес бозорни зарур товар ва хизматлар билан тўлдирадиган, иқтисодиётни таркибий негизини белгилаб берадиган энг муҳим сектор ҳисобланади.

Юртимизда тадбиркорлик азалдан халқимиз учун хос бўлган ва жамиятда юксак қадрланган. Хусусан, Амир Темур ўз салтанатида тадбиркорлар, шижоатли инсонларни ғоят қадрлаган: “Тажрибамда кўрилганки, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир. Чунки тажрибали бир киши минглаб кишига иш буюради.”

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, хусусан, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудларда оилаларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига, миллий ҳунармандчилик янада ривожланишига, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббуслари амалга оширилишига, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳалари рўёбга чиқишига ҳамда шу асосда аҳолининг бандлиги таъминланишига замин яратилмоқда.

Аҳолининг меҳнат орқали даромад топишга бўлган қизиқишини кескин ошириш, айниқса муҳтож оилаларнинг ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини, шунингдек, ҳудудларда фойдаланилмаётган биноларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни, аҳоли томорқалари ва бўш экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни имтиёзли шартларда молиялаштиришни тизимли равишда давом эттиришни тақозо этмоқда. Республика ҳудудларида аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланишига, оилавий тадбиркорлик ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш ва мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантиришнинг мустаҳкам қонунчилик ва ҳуқуқий асоси шаклланган бўлиб, у мунтазам равишда такомиллаштириб борилмоқда. Бу соҳа учун солиқ ва молиявий муносабатларда катта имтиёзлар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик фаолияти ривожланиши ва бизнеснинг қонуний манфаатлари муҳофазасини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолияти тубдан такомиллаштирилишини назарда тутади. Фармонда Савдо-саноат палатасининг тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицияларни жалб қилиш каби аниқ ва энг муҳим вазифалари белгилаб берилган.

Халқ фаровонлигини ошириш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, томорқани ривожлантириш каби дастурлар қабул қилинди. Бу дастурлар аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар учун даромад манбаи яратишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5242-сон, 2018 йил 27 июндаги ««Yoshlar-Kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ–5466-сон Фармонлари, 2018 йил 26 апрелдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3680-сон, 2018 йил 7 июндаги «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги ПҚ–3777-сон ва 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3856-сон қарорлари асосида имтиёзли кредитлар оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада 3-6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади. Бунда, 2020 йил 1 январдан бошлаб кредитлар АТ Халқ банки, «Микрокредитбанк» АТБ ва «Агробанк» АТБ орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида ажратиш имкониятлари яратилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, жумладан, бизнес соҳаси вакиллари ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ва фойдали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига сифатли давлат хизматлари тақдим этилишини таъминлаш давлат органлари ва тадбиркорлик тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини, айниқса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини энди бошлаган даврларда уларни қўллаб-қувватлашнинг янги самарали тизимлари яратилмоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишларни самарали амалга ошириш мақсадида Президентнинг 2020 йил 18 февралдаги фармони ҳамда қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика даражасида тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни камайтиришга масъул лавозимлар жорий қилиниб, вертикал тизим яратилди.

Тадбиркорликнинг ривожланиши кўп омилларга, биринчи навбатда тадбиркорнинг билими, тажрибаси ва ишбилармонлигига боғлиқ. Бугунги куннинг тадбиркори менежмент, раҳбарлик усуллари асослари, иқтисодий масалалар бўйича бизнесни режалаштириш, хўжалик фаолиятини таҳлил этиш, чиқимларни камайтириб, фойдани кўпайтириш, шунингдек, ҳуқуқ ва психология соҳаси каби билимларни эгаллаши зарур. Чунки замонавий ишлаб чиқариш жуда мураккаб, техника воситалари ва технологиялар муттасил такомиллашиб бормоқда.

Ривожланган давлатлар тажрибаси тадбиркорлик миллий иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишда, уни барқарор суръатлар билан ривожлантиришни таъминлашда, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштиришда ўта муҳим рол ўйнашидан, ички бозорни зарур товар ва хизматлар билан тўлдиришнинг асосий манбайи эканлигидан яққол далолат беради. Ўзбекистон учун хусусий тадбиркорликнинг меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш ёки ўзини ўзи банд қилиш, унинг даромадини ошишидаги аҳамияти, айниқса, муҳимдир.

Ёшлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда ҳам катта куч. Республикамизда 230 мингга яқин ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг сафи янада кенгайиши учун давлат томонидан зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Фақатгина “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 8 мингтага яқин бизнес лойиҳасига 1 триллион 630 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди, натижада 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилди.

Навқирон авлод тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда республикамизда ташкил этилаётган “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар меҳнат гузарлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларда тадбиркорлик кўникмаларини эгаллаган ёшлар мустақил фаолиятини бошлашмоқда. Қишлоқ жойларида эса “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида 65 мингга яқин ёш деҳқонларга 54 минг гектардан зиёд ер ажратиб берилди.

Бундан ташқари ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Президент қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 13 октябрдаги ПҚ-4862-сон қарорида белгиланган топшириқлар ижроси аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар ҳамда бизнес соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари бўлиб хизмат қилади. Жумладан қарорда аҳолини, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, микромолиялаш тизимини такомиллаштириш, тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш ҳамда ягона давлат ташкилоти томонидан мувофиқлаштириб бориш назарда тутилган.

Мазкур қарорда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш “Назорат режаси” нинг 5-бандида “Микрокредитбанк” АТБ томонидан нодавлват таълим ташкилотлари махсус сертификатини олган, тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилади. Микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади. “Микрокредитбанк”ка касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиб, сертификат олган ёшларга имтиёзли фоизларда микрокредитлар ажратиш чораларини кўриш вазифаси қўйилди. Бундай кредитлар 3 йил имтиёзли даври билан 7 йил муддатга берилади. Банк томонидан ушбу мақсадлар учун келгуси йилда 45 миллион долларлик микрокредитлар ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Эндиликда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ҳар 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшлар бириктирилади. Тижорат банкларининг ҳудудларда фаолият бошлаган “Лойиҳалар фабрика”лари ёшларимизнинг илғор ғоялари асосида лойиҳавий таклиф ва бизнес режаларини тайёрлаб беради.

Ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилиб, ушбу жамғармага 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Ушбу жамғарма ёшларнинг лойиҳаларига қулай шартларда ва паст фоизларда кредит беради. Бу 2021 йилнинг ўзида йилда камида 500 минг ёшга иш жойи яратиш имконини беради. Шунингдек, республикамиз ҳудудларда “устоз-шогирд” анъанаси янада кучайтирилиб, ана шу эзгу ишга жалб этиладиган ҳунарманд усталарни Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади.

Юртимизда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ташкил этиш тажрибасидан фойдаланган ҳолда барча шаҳар ва туманларида “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилади. Ушбу саноат зоналарида ёшлар лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш учун зарур бўладиган барча инфратузилма объектлари жойлаштирилади.

Тижорат банкларининг ҳудудларда фаолият бошлаган “Лойиҳалар фабрика”лари ёшларимизнинг илғор ғоялари асосида лойиҳавий таклиф ва бизнес режаларини тайёрлаб беради. Ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилиб, ушбу жамғармага 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Ушбу жамғарма ёшларнинг лойиҳаларига қулай шартларда ва паст фоизларда кредит беради.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, фермер ва деҳқон хўжаликларини қўшмаганда тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 408 мингтага етган. Шундан 90 минг 161 таси хусусий корхонадир. Эътиборлиси, хусусий корхоналар сони бўйича пойтахтдан кейинги ўринларни меҳнат ресурслари нисбатан юқори бўлган Фарғона, (11 061 та), Қашқадарё (9 200 та), Наманган (7 188 та) вилоятлари банд этди. Бу эса ушбу ҳудудларда ёшлар бандлигини таъминлашда жиддий силжишлар бўлишига катта умид уйғотади.

Мамлакатда юқоридаги каби иқтисодий лойиҳаларни амалга оширилиши аҳоли, айниқса ёшлар учун янги-янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

[1] https://president.uz/uz/lists/view/4057

Нигора Абдурахманова,

Нодира Сирожиддинова

Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар