Транспорт соҳасининг барқарор ва самарали фаолият кўрсатиши иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари, мамлакат яхлитлиги ва миллий хавфсизликни таъминлаш, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш, мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувининг зарурий шартидир. Кейинги етти йилда транспорт тармоғини ривожлантиришда ижобий ўсиш суръатлари кузатилди.
Жумладан, 2017-2024 йилларда транспорт хизматлари ҳажми 3,0 баравар ўсиб, 2017 йилдаги 36,0 трлн сўмдан 2024 йилга келиб 147,0 трлн сўмга етказилди. Хусусан, темир йўл хизматлари ҳажми 2,9 бараварга (2017 йилдаги 4,4 трлн сўмдан 2024 йилга келиб 13,1 трлн сўмга), автомобиль хизматлари кўрсатиш 3,6 бараварга (2017 йилдаги 20,2 трлн сўмдан 2024 йилда 72,1 трлн сўмга), ҳаво транспорти хизматлари ҳажми 6,6 бараварга (2017 йилдаги 3,2 трлн сўмдан 2024 йилда 21,0 трлн сўмга), метро хизматлари ҳажми 5,3 бараварга (2017 йилдаги 65,2 млрд сўмдан 2024 йилда 344,2 млрд сўмга), трамвай хизматлари кўрсатиш 3,1 бараварга (2017 йилдаги 1,9 млрд сўмдан 2024 йилга 5,9 млрд сўмга), почта ва курьерлик хизматлари 10,2 бараварга ўсиб (2017 йилдаги 158,0 млрд сўмдан 2024 йилда 1 602,0 млрд сўмга) етказилди.
Сўнгги 8 йил давомида юк ва йўловчи ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди. Хусусан, 2024 йилда юк ташишнинг умумий ҳажми 1 506,0 млн тоннани (2017 йилдаги кўрсаткичга нисбатан ўсиш 1,3 баравар), юк ташиш айланмаси 81,0 млрд тонна/км га (ўсиш 1,2 баравар) етди.
Бунда, автомобиль транспортида юк ташиш 1 370,0 млн тонна ва юк айланмаси – 24,4 млрд тонна/км; темир йўл транспортида юк ташиш – 74,0 млн тонна ва юк айланмаси – 28,0 млрд тонна/км ҳамда ҳаво транспортида юк ташиш – 16,0 минг тонна ва юк ташиш айланмаси 0,27 млрд тонна/км ни ташкил этди.
Шунингдек, 2024 йил якунига кўра автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида йўловчи ташишнинг умумий ҳажми 6,9 млрд кишини (2017 йилга нисбатан 1,2 бараварга ўсиш), йўловчи айланмаси ҳажми 163,0 млрд йўловчи/кмни (ўсиш 1,2 баравар) етказилди. Фаолият йўнилиши кесимида, автомобиль транспортида йўловчи ташиш ҳажми 6,6 млрд киши ва йўловчи айланмаси - 140,0 млрд йўловчи/кмни, темир йўл транспортида йўловчи ташиш - 9,8 млн киши ва йўловчи айланмаси - 4,1 млрд йўловчи/кмни ҳамда авиация йўналишида йўловчи ташиш ҳажми 6,8 млн киши ва йўловчи айланмаси - 16,5 млрд йўловчи/кмни ташкил этди.
ЯИМ таркибида транспорт соҳасининг қўшилган қиймат улуши 2017 йилдаги 6,0%дан 2024 йилда 5,4%га пасайиши кузатилди.
Камоллиддин Нурмуродов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш