Инфографика: 2017–2024 йилларда энергетика соҳасида асосий ютуқлар

Инфографика: 2017–2024 йилларда энергетика соҳасида асосий ютуқлар

Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатларига ва мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган барқарор, замонавий ва экологик тоза энергетика тизимини яратишга қаратилган энергетика соҳасини трансформация қилиш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда. Охирги йиллар энг муҳим ўзгаришлар рўй берган давр бўлиб, уларнинг натижалари бугун энергетика секторидаги кейинги ривожланиш ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Йирик ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва янги лойиҳаларни амалга киритиш маросимида давлат раҳбари таъкидлаганидек, «Барқарор энергетика — Янги Ўзбекистоннинг келажакка ишончли қадами» ташаббуси бир қатор лойиҳаларни ишга тушириш билан чекланиб қолмай, балки энергетика тизимининг сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишига асос яратади.

Мамлакат иқтисодиёти жадал ўсиб бораётгани ва аҳоли эҳтиёжлари ортиб бораётган шароитда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегик аҳамият касб этмоқда. Президент таъкидлаганидек, давлат ўз олдига икки асосий вазифани қўйган: барча тармоқлар ва ҳудудлар учун ишончли ва узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш, шунингдек, бу мақсадга замонавий, экологик тоза ва муқобил қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига эришиш.

Таъкидлаш ўринлики, сўнгги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинди. Бу маблағлар ҳисобидан 9 минг Мега-ватт янги қувватлар ишга туширилди. Натижада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди. Бу ўсишнинг катта қисми қайта тикланадиган энергия объектлари ҳиссасига тўғри келади: тахминан 5 минг Мега-ваттли қуёш ва шамол электр станциялари, 400 Мега-ваттли гидро электр-станциялари ишга туширилди.

Жами генерация қувватларида “яшил” энергия улуши бу йилнинг ўзида 30 фоизга етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, тақсимланган генерация қувватларининг жадал ривожланиши ҳам муҳим омил бўлди. Хусусий сектор, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳада объектларида умумий қуввати 2 минг Мега-ватт бўлган кичик қуёш панеллари ўрнатилди ва улар орқали жорий йилнинг ўзида 2 миллиард киловатт-соатга яқин муқобил энергия ишлаб чиқарилди.

Шу билан бир қаторда бутун электр тармоқлари инфратузилмаси жадал модернизация қилинмоқда. Ҳудудларда 69 минг километр электр тармоқлари, 14 мингдан ортиқ трансформатор ва юқори кучланишли подстанциялар янгиланди. Бундай инвестициялар нафақат энергия таъминотининг ишончлилигини оширади, балки маҳаллий корхоналар ривожига ҳам катта туртки бермоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, янги қурилаётган электр станция ва тармоқларига йил бошидан буён 700 миллион долларлик қурилиш материаллари, металл конструкциялар, кабел ўтказгичлар ва электр қурилмалари етказиб берилди, шунингдек лойиҳалаш-инжиниринг ва қурилиш хизматлари кўрсатилди.

Миллий ишлаб чиқариш салоҳияти ўсиб бораётганининг муҳим мисоли — Норин каскад ГЭСининг 38 Мега-ваттли илк гидро электр станцияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланилган ҳолда ишга туширилди. Бугун ишга тушаётган ва йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқариш имкониятига эга «Ангрен Энерго» ва 155 та гидро-агрегат тайёрланадиган «Ўзгидро-павер» корхоналарининг ишга туширилиши Ўзбекистон энергетика соҳасини хизмат кўрсатиш учун ўзининг тўлиқ саноат базасини шакллантираётганини тасдиқлайди.

Таъкидланишича, амалга оширилаётган чоралар нафақат бугунги кун эҳтиёжларини қондиришга, балки келажак авлодларга хизмат қилувчи ва миллий иқтисодиётнинг узоқ муддатли ривожланишини қўллаб-қувватловчи энергетика хавфсизлигининг истиқболли меъморини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар