Янги Ўзбекистонда аёллар оила ва бизнесни бирдай юритишлари учун барча шароитлар яратилган!

Янги Ўзбекистонда аёллар оила ва бизнесни бирдай юритишлари учун барча шароитлар яратилган!

Тадбиркор ҳақида қисқача маълумот:

Усмонова Барчиной 1968 йил 16 январда Сирдарё вилояти Гулистон туманида туғилган. 1989-1991 йилларда Сирдарё вилояти, Гулистон туманидаги 11-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси, 1991-2000 йилларда шу тумандаги 1-умумтаълим мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси, 2000-2003 йилларда Гулистон туманидаги 20-МТМ мудираси, 2003-2016 йилларда эса тумандаги 13-МТМ мудираси лавозимларида ишлаган.

Турмуш ўртоғи Усмонов Ҳусанбой оилавий боғча ва мактабнинг хўжалик ишлари мудири лавозимида ишлайди. 3 нафар фарзанди бор. Қизи Марҳабохон вилоят онкология шифохонасида шифокор, катта ўғли Отабек оилавий умумтаълим мактабида илмий бўлим мудири ва ўқитувчи, кичик ўғли Умиджон Тошкент молия институтининг 3-босқич талабаси.

Айни пайтда “Ширинтой ва кичкинтой Сабина” МЧЖга қарашли давлат- хусусий шерикчилигидаги “SEVINCH” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси, “SEVINCH” хусусий мактаби директори, “AGRO YOUTH” ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари ҳамда “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими раиси лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.

Тадбиркорликда эришган катта ютуқлари учун “Ташаббус-2018” кўрик танлови республика босқичининг хизмат кўрсатиш соҳасида “Энг яхши тадбиркор аёл” номинацияси ғолиби, 2019 йил Қирғизистон Республикасида ўтказилган Халқаро кўрик-танловда ҳунармандчилик бўйича 1-ўрин соҳибаси бўлган, 2021 йил “Меҳр-саховат” кўкрак нишони, 2022 йил “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони, 2023 йил “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

– Бизнес карьерангизни қандай бошлагансиз? Ундан олдин нима иш билан машғул бўлгансиз? Аввалги фаолиятингиз бизнес муваффақиятингизга қандай ҳисса қўшган?

– Ўқувчилик йилларимда бошланғич синф раҳбарим Венера опа Абдураҳмонованинг шогирдларига кўрсатаётган меҳр-муҳаббатини, ўқувчиларга муомаласини кўриб менда бу касбга меҳр пайдо бўлган. Устозимга ҳавас қилиб, келажакда мен ҳам, албатта, ўқитувчи бўламан, болаларга дарс бераман, деб ният қилганман.

Мактабни тугатганимдан сўнг Гулистон давлат педагогика институтининг бошланғич таълим факультетида ўқидим. Институтни тамомлагандан сўнг, 11 йил давомида туманимизнинг Муҳаммад Ҳакимов номли 1-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишладим. Ўша пайтларда менга ҳудудимизда ташландиқ ва қаровсиз ҳолга келиб қолган мактабгача таълим муассасаси борлигини айтишиб, уни ишлата олиш-олмаслигимни сўрашди. Мен бу таклифни бажонидил қабул қилдим. Лекин боғчанинг фақат номигина қолган, ўзи аллақачон пиллахонага айланиб кетган экан. Уни тўла таъмирлаб, боғча ҳолатига келтирдим. 20 йил давомида ўша боғчада мудиралик қилдим. Лекин бу давлат боғчаси эди.

Боғча мудираси сифатида муайян тажриба тўплаганимдан кейин хусусий болалар боғчаси ташкил этиш фикрига келдим ва уни ташкил этдим. Унга “SEVINCH” деб ном бердим. Кейинчалик турмуш ўртоғим билан биргаликда “SEVINCH” хусусий мактаби ва “AGRO YOUTH” ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилдик.

Мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратиб берилаётган қулай шароитлар туфайли мақсадларимизга тезда эришдик. Шу тариқа, хусусий боғча ва мактаб эгаларига айландик.

Тадбиркорликда эришган муваффақиятларим туфайли мени “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими раиси лавозимига сайлашди.

Сиз аёлсиз, катта бир оиланинг бекаси, 3 фарзанднинг онаси, 5 неваранинг бувисисиз. Мана шуларнинг ўзиёқ ҳар қандай аёлнинг жуда кўп вақти ва диққатини олади. Шунга қарамасдан, бизнес билан шуғулланиб, таниқли тадбиркор даражасига етишдингиз. Бу қандай юз берди? Масалан, бунда яратилган имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш ва шароитларнинг аҳамияти қандай бўлди?

– Хусусий боғча очиш ниятида 2014 йил вилоят ҳокимига мурожаат билан чиққанман ва рад жавобини олганман. Лекин шунда ҳам тўхтамадим. 3 йил давомида тинимсиз ҳаракат қилдим, боғча қуриш учун имтиёзли кредит олиш мақсадида банкларга бордим. Банклардан эса нафақат имтиёзли, балки боғча очиш учун умумий асосдаги кредитнинг ўзи йўқ, деган рад жавобларини олавердим.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Президенти лавозимига сайланишлари билан вазият кескин ўзгарди. Сайловдан кейин Давлатимиз раҳбари илк селектор йиғилишини мактабгача таълим масаласидан бошладилар ва ўша йиғилишда хусусий боғчалар қурилиши ҳақида ҳам гапирдилар. Мен бундан жуда хурсанд бўлиб кетдим. Вилоят ҳокимининг қабулига гўё қушдай учиб бордим.

Вилоят ҳокими менинг ташаббусимга хайрихоҳлик билдирди ва ёрдам беришга тайёр эканлигини айтди. 3 йилдан бери қуришга рухсат ололмай юрган боғчамни 3 ойда қуриб битказдим. 2018 йил 12 апрельда Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи вақтида 140 ўринли хусусий боғчам очилиб, ўз иш фаолиятини бошлади.

Таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ушбу боғча негизида 2023 йилда хорижий тилларга ихтисослаштирилган хусусий умумтаълим мактаби ҳам очдим.

Тадбиркорликни бошлашдан аввал жуда кўп тадбиркорларнинг иш фаолияти билан танишиб чиқдим. Улардан кўп нарса ўргандим. Бизнесни бошлашдан олдин, энг аввало, нимани яхши тушунишингиз ҳақида ўйлаб кўришингиз керак экан. Шунда сиз янги ғояларга эга бўлишингиз ва эҳтимолий хатоларнинг олдини олишингиз мумкин. Асосийси, ўзингизни ва вақтингизни бағишламоқчи бўлган тадбиркорлик сизни хурсанд қилиши керак, бу тадбиркорнинг фойдасига хизмат қилувчи асосий омиллардан биридир.

2020 йилдан буён “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Сирдарё вилоят худудий бўлими раисиман. Сирдарё вилоятининг 11 та тумани бўйича тизимли ишлашни йўлга қўйганмиз. Бугунги кунга келиб, вилоятимизда ўз бизнесини йўлга қўйиб олган, экспорт салоҳиятига эга тадбиркор аёллар сони 700 нафардан ортиқ. Лекин тадбиркорликни бошлаш истагидаги аёллар сони бундан камида 4-5 баравар кўпроқ. Биз вилоятимиздаги тадбиркор аёллар билан бир қаторда бу соҳага энди кирмоқчи бўлаётганларни ҳам ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш механизмини яратганмиз.

2022 йилда тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш мақсадида Сирдарё вилоятида ҳунармандчиликнинг аввал урф бўлмаган гилам, адрас тўқиш турини йўлга қўйдим. Марғилон шаҳридан керакли ускуналарни олиб келиб, 50 нафар ишсиз аёлларни ўқитиб, шу соҳанинг мутахассисига айлантирдим. Ҳозирги кунда бу аёллар ўз ишининг устасига айланиб улгуришди ва ўзлари шогирдлар етиштириб чиқармоқда.

Сизнинг бизнесда эришган муваффақиятларингизга нима имкон берди?

– Фаолиятимизни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган омилларнинг асосийси Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелда имзоланган “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3651-сонли қарори бўлди. Мазкур қарор билан тадбиркорлар учун жуда катта имтиёзлар берилди:

– жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга берилган ер участкаларини, шу жумладан, фаолият юритаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг бўш турган ер участкаларини нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг биноларини қуриш учун бепул асосда ижарага бериш;

– бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларининг биноларини “ноль” харид қийматида сотиш;

– хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш;

– давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига (оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидан ташқари) фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50 фоизи миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ойлик компенсациялар тўлаш;

– олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига (оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидан ташқари) ҳар бир тарбияланувчи бола учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75 фоизи миқдорида субсидия тўлаш;

– нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини амалга ошира бошлагандан кейин ўн йил мобайнида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиш ва ҳ.к.

Бундай катта имтиёзлар берилгандан кейин яна ҳам шижоат ва ғайрат билан фаолиятимни давом эттирдим.

Бизнесингизнинг катта қисми таълим тизими билан боғлиқ. Бу жуда нозик ва мураккаб соҳа ҳисобланади. Шу боис бизнесингизнинг ижтимоий аҳамиятини баҳолаш мумкинми, деган савол туғилиши табиий. Масалан, қанча иш ўринлари яратилди? Сизнинг ташкилотларингизнинг эҳтиёжманд гуруҳларга нисбатан ижтимоий сиёсати қандай?

– Педагог сифатида янги педагогик технологиялар, инновацион лойиҳалар яратиш асосида юксак билимли ва ҳар томонлама интеллектуал ривожланган мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш йўлида меҳнат қилиб, муайян натижаларга эришдим, дея оламан. Фаолиятимда ёшларнинг маънавий-маърифий билимларини юксалтириш, баркамол авлодни вояга етказиш, ўзлигини англатиш, миллий қадриятларни ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратдим.

Ташкил этган муассасамда 140 нафар болажонга 25 нафар ўқитувчи ва мураббий, улардан 3 нафари “Аёллар дафтари”даги аёллар, 5 нафари “Ёшлар дафтари”даги ёш ходимлар бўлиб, болаларга 4 та (рус, инглиз, корейс ва ўзбек) тилда таълим-тарбия беришмоқда. Замон талабларига асосланган 12 та тўгарак ташкил этилган. Муассаса тарбияланувчиларининг 35 фоизи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларидир.

Тарбияланувчиларнинг таянч ва ҳаракат аъзоларида учрайдиган айрим енгил нуқсонларни бартараф этиш мақсадида тизимли уқалаш, парафин муолажалари йўлга қўйилган. Нутқида учрайдиган нуқсонларни бартараф этиш мақсадида логопед, дефектолог хизматлари ташкил этилган. Муассасада ташкил этилган замонавий техник аттракцион ўйингоҳида 8 та турдаги жиҳозлар мавжуд бўлиб, болаларни маза қилиб кўнгил очишларига имкон беради.

Шогирдларимдан 4 таси Гулистон шаҳри, Гулистон, Сайхунобод ва Мирзаобод туманларида нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этишган.

Муассасада ҳафтанинг шанба кунлари нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорлар учун “Очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинган.

Гулистон шаҳри 4-мавзесининг барча маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида маҳаллада 500 нафар оила фарзандлари ўйингоҳга таклиф этилади.

Мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларини мактаб таълимига тайёрлашда умумий ўрта таълим мактаблари билан ҳамкорлик ишларини самарали олиб бормоқдамиз. Мактабнинг кам таъминланган бошланғич синф ўқувчилари учун репетиторлик курслари ташкил этилган. Таълим-тарбия сифатини ошириш мақсадида тарбиячиларнинг салоҳиятини оширдик ва 25 та иш ўрни яратдик. Педагог ходимларимиздан 3 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирди.

2021 йил ўзимга тегишли 11,4 гектар ер майдонида ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил этиб, 29 нафар “Ёшлар дафтари”даги шахсларга янги иш ўрни яратиб бердим. Ҳунармандчиликнинг адрас ва гилам тўқиш тури бўйича 50 нафар аёлни иш билан таъминладим.

Корхона ходимлари учун ҳар бир байрам ва тадбирда турли мукофотлар, байрам дастурхонлари ташкил этилади, хизмат фаолияти давомида ўзининг меҳнаткашлигини намоён қилган фидойи ходимлар пул ва қимматбаҳо совғалар кўринишида рағбатлантириб келинмоқда.

Сўнгги йилларда яратилган ишбилармонлик муҳити, ҳисобот талаблари ва назоратчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларни қандай баҳолайсиз? Бу соҳада бошқа муаммолар борми ва нималарни янада яхшилаш керак, деб ўйлайсиз?

– Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан биз тадбиркорларга жуда қулай ишбилармонлик муҳити яратиб берилмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 январда имзоланган “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-39 сонли қарори бу борадаги ишларнинг изчил давоми бўлди, дейиш мумкин. Унга кўра, 2024 йил 1 февралдан бошлаб қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини юритиш бошланди. Юқори барқарорлик рейтингида бўлган тадбиркорлар ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан рағбатлантирилиши, ушбу тадбиркорлар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмаслиги, шунингдек, ушбу тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) бир кун муддатда текширувларсиз амалга оширилиши бизга бўлган эътиборнинг яққол намунаси ҳисобланади.

Ҳокимият, иқтисодиёт, молия, божхона, солиқ, статистика каби давлат органлари ҳозирда тадбиркорларга кўмак бериб, тегишли маслаҳатларини тадбиркорлардан аямасдан, астойдил хизмат қилиб келмоқда.

Келгуси режаларингиз ҳақида гаплашсак. Сиз қандай лойиҳаларни режалаштирмоқдасиз? Мамлакатимизда 2024 ва 2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалар режаларингизга қандай таъсир қилади?

– Тадбиркорлар учун мамлакатимизда яратилган қулай шарт-шароитлар мени келгусида янада яхшироқ ишлашга, бизнесимни кенгайтиришга илҳом бермоқда. Қисқача айтадиган бўлсам, мен ўз олдимга қуйидаги вазифаларни қўйганман:

  1. 2024-2030 йилларда Сирдарё вилоятида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш. Тадбиркорликни бошлаш истагида турган фуқароларга тадбиркорлигини ривожлантиришида яқиндан кўмак бериш. Ўқитиш орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларга тадбиркорлик сирларини ўргатиш;
  2. Янги иш ўринлари яратиш орқали ишсиз аёллар сонини кескин камайтириш;
  3. Ўз тадбиркорлигимни янада кенгайтириш. Келажакда таълим кластерини яратиш орзум бор;
  4. Сирдарё вилоятида яшовчи ногирон ишсиз аёллар учун касаначиликни янада ривожлантириш – бу уларга жуда қулай, чунки аёллар ўз уйларида ўтириб ҳам бизнес билан шуғуллана олишлари мумкин бўлади;
  5. Вилоятимизда ҳунармандчиликнинг гилам, адрас, дўппи, махси, заргарлик, зардўзлик, қўлда тўқиш турларини янада кенгайтириш;
  6. Германия, Швейцария лойиҳалари асосида тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида қисқа муддатли ўқув семинарларини ташкил этиш. Барча воситалар ёрдамида тадбиркорлар ишларини оммалаштириш. Товарларни реализация қилишда кўмаклашиш;
  7. Ҳар хил муаммо ва камчиликларни бартараф этишда тадбиркор аёлларга методик қўлланмалар ва флаерлар тарқатиш.

Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда аёллар учун ҳам оила, ҳам бизнесни бирдай юритиш учун барча шароитлар яратилган. Фахр билан айтишим мумкинки, кечагина оддий ўқитувчи бўлган, бугун эса юртимизга таниқли тадбиркор даражасига етган менинг фаолиятим бунга яққол мисол бўла олади. Шундай экан, мен юртимнинг барча аёлларини қўрқмасдан бизнес билан шуғулланишни бошлашга даъват этишга ўзимни маънавий жиҳатдан ҳақли ҳисоблайман. Раҳбарлари юртнинг тараққиёт даражасини аёлларга бўлган ҳурмат билан ўлчаётган юртда бу бизнинг қўлимиздан келади, албатта!

Одил Олимжонов суҳбатлашди.

"Иқтисодий шарҳ" №5/2024

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар