Ўзбекистонда электр энергияси тизимини модернизация қилиш бўйича устувор дастур изчил амалга оширилмоқда. Ушбу дастур генерация қувватларини кенгайтириш, энергетика хавфсизлигини ошириш ва экологик тоза энергияга ўтишни жадаллаштиришга қаратилган.
Бугунги ислоҳотлар босқичи мамлакат энергетикаси архитектурасини кейинги ўнлаб йиллар учун белгилаб берадиган йирик инфратузилма объектларининг ишга туширилиши ва янги лойиҳаларнинг бошланиши билан тавсифланади.
Навбатдаги босқич доирасида умумий қиймати қарийб 11 миллиард доллар бўлган 42 та янги қувват ва инфратузилма объектлари ишга топширилмоқда. Шу билан бир вақтда яна 21 та янги лойиҳанинг қурилишига старт берилди — бу ишлаб чиқариш қувватларининг барқарор кенгаяётганини кўрсатади.
Мамлакатнинг турли ҳудудларида 3500 мегаватт бўлган 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидроэлектр станциялари фаолият бошламоқда. Тўлиқ ишга тушгач, улар йилига 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради ва келгуси йилнинг ўзида “яшил” энергия ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказиш имконини яратади.
Таъкидланишича, бу кўрсаткич аҳолининг йиллик электр энергияси истеъмолини тўлиқ қоплашга тенг бўлиб, энергетик мустақилликни таъминлашда улкан ютуқ ҳисобланади.
Энергия баланси диверсификациясининг яна бир муҳим натижаси — табиий газ истеъмолининг йилига қарийб 7 миллиард куб метрга камайиши бўлади. Шу билан бирга, ҳавога чиқариладиган зарарли моддалар ҳажмини 11 миллион тоннадан ортиқ қисқартириш кутилмоқда, бу экологик барқарорликни мустаҳкамлайди ва аҳоли турмуш сифатини оширади.
Генерация қувватлари кенгайиши билан бир вақтда электр тизимини бошқаришнинг замонавий технологиялари жорий этилмоқда. Бугун умумий қуввати 1245 мегаватт бўлган 10 та энергия сақлаш тизими ишга туширилмоқда. Улар тиғиз вақтларда тармоққа қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат энергия бериб, миллий электр тармоғида барқарорлик ва бошқарувчанликни таъминлайди.
Энергетика тизимининг барқарорлигини ошириш мақсадида бир вақтда 11 та янги подстанция ва 420 километр юқори кучланишли электр узатиш линиялари фойдаланишга топширилмоқда. Бу объектлар тармоқнинг ўтказиш қувватини мустаҳкамлайди ва қайта тикланадиган энергия қувватларининг ягона миллий электр тизимига самарали интеграциясини таъминлайди.
Таъкидланишича, йирик генерация объектлари, тармоқ инфратузилмаси ва энергия сақлаш тизимларининг комплекс ишга туширилиши келгусида мамлакат иқтисодий ўсиши, тезкор индустриализация ва аҳоли турмуш сифати ошишининг асосий омилига айланади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш